Ўзбекистон | 15:41 / 02.08.2020
8605
2 дақиқада ўқилади

«ТАТУда бир ўринга 68 та ҳужжат топширилди» – Магистратура имтиҳонларида иштирок этиш учун қанча ариза келиб тушгани очиқланди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашевнинг таъкидлашича, жорий йилда магистратурага ўқишга кириш учун 2018 йилга нисбатан 7 баробар, 2019 йилга нисбатан 3 баробар кўп ариза топширилган.

«30 июль куни magistr.edu.uz веб-сайти орқали магистратурага ариза топшириш якунланди. Кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун 78 мингдан ортиқ онлайн ариза топширилди. Бу 2018 йилга нисбатан 7 баробар, 2019 йилга нисбатан 3 баробар кўпдир.

Энг катта танлов хорижий тиллар, ахборот-коммуникация технологиялари ва иқтисодиёт мутахассисликларига тўғри келади.Масалан, Фарғона давлат университетида хорижий тиллар мутахассислигида бир ўринга 105 та ҳужжат топширилган. Тошкент ахборот технологиялари университетининг компьютер инжениринги мутахассислигида бир ўринга 68 та ҳужжат топширилди. Иқтисодиётда бир ўринга 45 та талабгор ҳужжат топширган», дея Фарҳод Бабашевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, магистратура босқичига ўқишга кириш учун энг кўп ҳужжат Ўзбекистон миллий университети (6077 та), Самарқанд давлат университети (3651 та) ва Термиз давлат университети (3403 та)га топширилган.

«Магистратурага кириш имтиҳонлари мутахассислик фани ва хорижий тилдан тест кўринишида бўлади. Мутахассислик фани имтиҳонида бакалавриатда ўрганилган мутахассислик фанидан ташқари илмий-педагогик лаёқатни ва IQ даражасини аниқлашга қаратилган тестлар ҳам киритилади.

Кириш имтиҳонларини 3 августдан бошлаш режалаштирилган эди. Барчангизга маълум – пандемия режаларимизга ўзгартиришлар киритмоқда. Шу боисдан магистратурага қабул имтиҳонлари вақти ҳам давлат комиссияси томонидан белгиланади», дейди Фарҳод Бабашев.

Мавзуга оид