Жаҳон | 21:38 / 04.08.2020
73574
3 дақиқада ўқилади

Байрутда вайронкор портлаш рўй берди

Байрутда Daily Star газетаси биноси яқинида, мамлакатнинг собиқ бош вазири Рафиқ Ҳарирининг ўлдирилиши бўйича суд жараёни арафасида портлаш содир бўлди.

Фото: AFP news agency

Ливан пойтахтидаги ушбу ҳодиса тасвирларида кетма-кет икки портлашдан кейин қўзиқорин шаклидаги булут ҳосил бўлгани ва портлаш атрофдаги биноларга жиддий зарар етказганини кўриш мумкин. Портлаш шаҳарнинг порт қисмида рўй берган. Баъзи видеоларда портлаш сувни ҳам тўлқинлантириб юборганини кўриш мумкин.

Bloomberg'нинг ёзишича, портлаш ҳудудида жойлашган уйлар ичида Ливан собиқ бош вазири Саад Ҳаририйнинг уйи ҳам бўлган. Унинг ўзи жабрланмагани айтилмоқда.

Айрим фойдаланувчиларнинг ёзишича, портлаш портловчи моддалар сақланадиган омборда содир бўлган. 

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Ҳамад Ҳасан («Ҳизбуллоҳ» тарафдори) камида юз киши портлашдан жабрлангани ҳақида гапирган. 

Маҳаллий нашрлар харобалар остида одамлар қолиб кетгани, камида 10 киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзмоқда.

Ҳукумат шаҳардаги барча шифохоналарга портлашдан жароҳатланганларни муассаса ҳисобидан қабул қилишга кўрсатма берган. Портлаш кучи шаҳарнинг турли чеккаларидаги деразаларни синдириб юбориши оқибатида кўплаб одамлар шишадан жароҳатлар билан мурожаат қилмоқда. «Ал-Ҳадат» телеканали маълумотига кўра, портлашдан кейин мамлакат армияси сафарбар қилинган, ҳарбийлар фавқулодда хизматларга ёрдам кўрсатади.

Issam Abdallah/Reuters

Жума куни БМТ трибунали Рафиқ Ҳаририйнинг ўлимида айбланган 4 кишига сиртдан ҳукм эълон қилиши кутилаётганди. Ҳаририй 2005 йилда автомобилга ўрнатилган портловчи қурилмалар ҳаракатга келтирилиши оқибатида ҳалок бўлганди.

Бу портлашни «Ҳизбуллоҳ» содир этгани гумон қилинмоқда, ташкилот бу айбловни қатъий рад этмоқда.


 

Мавзуга оид