Жаҳон | 10:49 / 04.08.2020
14575
2 дақиқада ўқилади

Роғун ГЭСда электр энергияси ишлаб чиқариш деярли уч баравар ошди

Фото: Asia-Plus

Роғун ГЭС йилнинг биринчи ярмида ўтган йил шу даврига нисбатан электр энергияси ишлаб чиқаришни деярли уч баравар оширди.

«Барки точик» маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида Роғун ГЭСда 595 миллион кВт/соат электр энергия ишлаб чиқарилди. Бу 2019 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 385 миллион кВт/соат кўп.

Asia-Plus’нинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда ушбу станциянинг фақат иккита агрегати ишламоқда: биринчи агрегат 2018 йил ноябрь ойида, иккинчиси - ўтган йилнинг сентябрь ойида ишга туширилган.

Умуман олганда, Роғун ГЭСнинг машина залида ҳар бирининг қуввати 600 МВт бўлган олтита гидроагрегат қурилмасини ўрнатиш режалаштирилган.

Станция 2033 йилга қадар тўлиқ қуриб битказилиши кутилмоқда.

Бу йил Роғун ГЭС қурилишини якунлаш учун бюджетдан 2,1 миллиард сомоний ажратилиши режалаштирилган.

Мамлакат Молия вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу маблағдан 1,3 миллиард сомоний ўзлаштирилди.

Расмий маълумотларга кўра, Роғун ГЭС қурилиши бошлангандан бери барча молиялаштириш манбаларидан 28 миллиард сомоний маблағ сарфланган.

Станция тўлиқ ишга туширилгандан кейин электр энергиясини ишлаб чиқариш йилига 17,0 миллиард кВт/с.дан кўпроқни ташкил қилиши кутилмоқда. 

Мавзуга оид