Жаҳон | 08:48 / 05.08.2020
20604
2 дақиқада ўқилади

Байрутдаги портлаш вақтида 4,5 баллик ер силкиниши қайд этилди

Ливан пойтахти Байрутда юз берган портлаш кучли ер силкинишига тенглаштирилди. Портлаш ҳаттоки 241 км узоқликда жойлашган Кипр пойтахтида ҳам сезилган.

Фото: twitter.com/MailOnline

Иорданиялик сейсмологлар Байрутдаги портлашни 4,5 баллик ер силкинишига қиёслашди. Бу ҳақда Al Ghad нашри хабар берди. 

“Иордания энергетика ва маъданли захиралар вазирлигидаги сейсмологик обсерватория Байрут портидаги портлашни қайд қилди, у сейсмик кучи бўйича Рихтер шкаласи бўйича 4,5 баллга тенг бўлган”, дейилган хабарда.

Обсерватория раҳбарининг таъкидлашича, фалокат вақтида “улкан ҳажмдаги энергия ажралган”.  

Cyprus Mail нашри маълумотларига кўра, портлаш воқеа жойидан 241 км узоқликда жойлашган Кипр пойтахти Никосияда ҳам эшитилган ва сезилган.

Аввалроқ Байрут губернатори шаҳардаги портлашни Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомба ташланиши вақтидаги портлашга қиёслаган.

Байрут портида 4 августда кучли портлаш юз берди. Шаҳар губернатори маълумотларига кўра, портлаш оқибатида шаҳардаги биноларнинг ярмига шикаст етган, шифохоналар эса кўп сонли жароҳатланганлар билан тўлиб кетган. Охирги маълумотларга кўра, воқеа оқибатида 3,7 мингдан кўпроқ киши жароҳатланган, 70 дан кўпроқ қурбон бор.  

Ливан бош вазири Ҳасан Диаб мудофаа бўйича олий кенгаш йиғилишида портлашга портда 6 йил давомида сақланган 2750 тонна аммиак селитраси сабаб бўлганини маълум қилган.

Мавзуга оид