Ўзбекистон | 16:01 / 06.08.2020
10980
3 дақиқада ўқилади

Кислород концентратори ва ҚҚС: масала Фармацевтика агентлигига бориб тақалмоқда

Kun.uz сайтида ҳозирги эпидемия ҳолатида оғир аҳволдаги беморлар ҳаётини сақлаб қолишда кислород концентраторларнинг аҳамияти ҳақида, шу билан бирга уларнинг сони етишмаётгани, четдан келтириладиган бу ускуналар эса қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган товарлар рўйхатига кирмай қолгани ҳақида мақола эълон қилинганди.  

Давлат божхона қўмитаси бу турдаги маҳсулотларни тадбиркорлар томонидан республикамизга ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб кирилишига алоҳида эътибор қаратилаётганини, кислород ва аэрозол терапияси учун сунъий нафас олиш ёки бошқа терапевтик нафас олдириш аппаратларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда 2020 йил 31 декабрга қадар божхона божи ва акциз солиғидан озод қилинганини маълум қилди.

Аммо, ҳамон бирор расмий идора ҳаво каби зарур бўлган бу ускунанинг импорти қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши ҳақида лом-мим демади.

Амалда белгиланган тартибга кўра, кислород концентраторлари импортига қўшилган қиймат солиғидан имтиёз қўллаш бўйича ташаббус кўрсатиш ҳуқуқи Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ихтиёрида эканлиги маълум бўлди. 

Ўзбекистон Республикаси президентининг «2019 — 2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони 3-бандига кўра импорт қилишда Солиқ кодексида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз жорий этилмайдиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхати Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, бугунги кунда давлат гарданига тушаётган юкни бироз бўлса-да камайтириб, кўплаб инсонларнинг бевақт ўлими олдини олишга эришиш мақсадида юқорида номи тилга олинган Агентлик қонун ҳужжатларида назарда тутилган рўйхатни қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, бу каби ҳаётий аҳамияти катта бўлган ускуна импортидан бюджетга кутиладиган солиқ тушумидан кўра бу йўналиш учун давлат сарфлаётган маблағнинг миқдори бир неча ўн баробар юқори бўлса ажаб эмас. 

Қўшимча тарзида шуни таъкидлаш керакки, нафақат божхона расмийлаштируви пайтида, балки реализация пайтида ҳам бу тиббий ускуна солиққа тортилмаслиги керак, чунки бу охир-оқибат ушбу товарларни сотиб олаётган, уйида бемор сақлаётган оилалар учун қўшимча харажатларни келтириб чиқаради.

Масала юзасидан расмий идоралардан изоҳ кутиб қоламиз.

Дилшод Абдуқодиров

Мавзуга оид