Ўзбекистон | 23:52 / 11.08.2020
26713
3 дақиқада ўқилади

Докторантура таълими шартлари ҳақида қўшимча маълумот берилди

Инновацион ривожланиш вазири биринчи ўринбосари Шароф Ражаббоев АОКАда ўтказилган брифингда стажер-тадқиқотчи, таянч-докторантура, докторантура таълимининг айрим шартлари ҳақида тушунтириш берди.

Стажер-тадқиқотчи, таянч докторант ва докторант

Стажер тадқиқотчилик – ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда мутахассисликни чуқур ўрганиш ва илмий изланишлар олиб бориш учун олий таълим муассасаси ёки илмий ташкилотда ташкил этилган илмий даражали кадрларни тайёрлаш бўйича тегишли ихтисослик бўйича таянч докторантурага тайёрлов босқичидир. Унинг якуни бўйича илмий даража берилмайди, балки таянч докторантурага керакли билим ва кўникмалар ўзлаштирилади.

Таянч докторант ва докторантнинг фарқи олий таълимдаги бакалавр ва магистр сингари бўлиб, тизимда фақат докторант деган тушунча ишлатилади, таянч докторант тушунчаси ишлатилмайди.

Олий таълимдан кейинги тизимда умумий таҳсил олаётганларнинг барчаси изланувчи дейилади.

Изланувчи илмий фаолиятга тегишли бўлмаган ташкилот, корхонада ишлаган ҳолда мустақил изланувчи сифатида расмийлаштириб, илмий изланиш олиб бориши мумкин. Ариза ҳужжат топширилаётган ОТМ ёки илмий ташкилот раҳбари номига ёзилади.

Қабул жараёни

Докторантура босқичларига қабул йилда бир маротаба – сентябрь ойида эълон қилинади, октябрь ойига қадар ҳужжатлар қабул қилинади. Ноябрь ойида имтиҳон ўтказилади ва декабрда қабул бўйича якуний қарор чиқарилади. Ўқиш жараёнлари январь ойидан бошланади.

Квоталар ОТМлар, илмий ташкилотларга юқори турувчи вазирлик ва идоралар берадиган буюртма асосида шакллантирилади. Сўнгра Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан квоталар илмий ташкилот ва ОТМларга тақсимланади.

Стипендия

Илмий изланувчиларга белгиланган тартибда стипендия тўланади.

Изланувчи илмий ишни белгиланган вақтда ҳимоя қилмаса ёки умуман ҳимоя қилмаса, тўланган стипендия қайтарилмайди. Аммо илмий раҳбарга ва илмий маслаҳатчиларга нисбатан чора кўрилиши белгиланган.

Изланувчи илмий ишни ўқиш муддати тамом бўлишидан камида 6 ой олдин ҳимоя қилса, илмий раҳбар ва консультантларга коллегиал орган қарори билан ОТМ ёки илмий ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,3 бараварида мукофот тўланади.

Докторантура таҳсили давомида изланувчи шахсий иш юзасидан хорижий давлатларга бориши керак бўлса, буни тегишли тартибда раҳбариятни хабардор қилган ҳолатда, таъминланмаган таътил ҳисобидан амалга ошириши мумкин. Аммо илмий изланиш билан бевосита боғлиқ бўлган конференция, симпозиум, илмий тадбирлар бундан мустасно.

Изланувчи узоқ муддат бетоб бўлса, туғруқ ҳолати бўлса, академик таътил берилади.

Мавзуга оид