Ўзбекистон | 23:28 / 12.08.2020
6984
2 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат юридик университетида янги ўқув йили анъанавий шаклда бошланиши мумкин

Бу ҳақда университет ректори Раҳим Ҳакимов Халқаро пресс-клуб сессиясида маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фото: KUN.UZ

«Сентябрь-октябрь ойларида эпидемиологик вазият юмшаса, биз ҳеч бўлмаганда юқори курслар учун анъанавий тарзда ҳам ўқув йилини бошлашга тайёргарлик кўряпмиз.

Бунда 1 хонада 15 нафардан ортиқ бўлмаган талаба карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда дарсларда қатнашиши мумкин», – деди Раҳим Ҳакимов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ОТМларида 2-курс ва ундан юқори босқич талабалари учун дарслар 2 сентябрдан масофавий тарзда бошланиши эълон қилинган. 1-босқич талабалари учун дарслар эса 1 октябрдан бошланиши режалаштирилган. Олий таълимда дарслар октябрдан ойидан бошлаб қай тартибда ташкил этилиши бўйича эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилинади.

12 август куни ХПК сессиясида қатнашган Тошкент давлат педагогика университети ректори Aлишер Умаров эса университетда ижодий имтиҳонлар ўтказиладиган йўналишлар ва имтиҳонлар ҳақида айтиб ўтди.

«Ижодий (касбий) имтиҳонлар кундузги ва сиртқи таълимдаги тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, мусиқа таълими, қозоқ тилида она тили ва адабиёт, қозоқ тилида бошланғич таълим, жисмоний маданият, хотин-қизлар спорти ҳамда чақириққача ҳарбий таълим каби йўналишларда давом этади.

Чақириққача ҳарбий таълим ҳамда жисмоний тарбия йўналишида ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентлар Мудофаа вазирлигининг спорт комплексида имтиҳон қилинадилар. Қолган ижодий йўналишда имтиҳон топширувчилардан университетнинг Чилонзор туманидаги биносига келишлари талаб этилади», – деди Aлишер Умаров.

Мавзуга оид