Спорт | 16:12 / 14.08.2020
37703
2 дақиқада ўқилади

Триатлон федерациясига Хавфсизлик кенгаши котиби, ММА ассоциациясига эса мудофаа вазири раис бўлди

Бугун Ўзбекистон ММА ассоциацияси ва триатлон федерациясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилий масалалар кўриб чиқилди. 

Виктор Маҳмудов ва Баҳодир Қурбонов

Сўнгги пайтларда ҳар икки ташкилотга муваффақиятли раҳбарлик қилган Отабек Умаровнинг асосий вазифасида иш ҳажмининг ортганлиги, қолаверса, мамлакатдаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда унинг раҳбар сифатидаги ўз ваколатларини муддатидан аввал тугатиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилди.

“Мамлакатимиз, бутун халқимиз дунёни ларзага келтирган куч билан тўқнаш келди. Кўриниб турибдики, мавжуд қийинчиликларни енгиш учун ҳар биримиздан катта куч ва ғайрат талаб қилинади. Бундай вазиятда мен давлат хизматини бажариш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар мутлақо янги характерга эга ва мисли кўрилмаган жавобгарлик даражасига кўтарилганини биламан. Бу менга спорт ташкилотларидаги лавозимимни тарк этишдан бошқа имконият қолдирмайди. Сабаби оддий: ММА ассоциацияси ҳам, триатлон федерацияси ҳам катта эътибор ва вақт талаб қилади. Бугунги шароитда, афсуски, бунга кафолат бера олмайман. Ўзбекистон ҳар соҳада муваффақиятга интилувчи, спортга қизиқиши юксак бўлган ёшлар юртидир. Улар Давлатимиз шон-у шуҳратини дунёга танитишга интилишлари ҳеч қачон камаймайди. Иккинчидан, қисқа давр ичида бўлса ҳам ҳар иккала федерацияни мустаҳкам оёққа туриб олиши, бундан кейин дадил ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Бунга жуда машаққат ва фидойилик эвазига эришилди. Ишончим комилки, менинг ўрнимга келадиган инсонлар бу спорт турларини янада ривожлантиришади”, – деди Отабек Умаров.

Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, йиғилиш давомида триатлон федерацияси раислигига Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, ММА ассоциацияси раислигига эса Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Баҳодир Қурбоновлар бир овоздан сайланишди.

Аввалроқ, Отабек Умаров спорт ташкилотлари раҳбарлигидан кетаётгани хабар берилганди. 

Мавзуга оид