Спорт | 17:15 / 23.08.2020
11383
8 дақиқада ўқилади

Ўз дарвозасига гол уришдан тўхтамаётган «Сурхон», «Бухоро»нинг 9 ой кутган ғалабаси ва пенальтилар можароси. Суперлига тур сарҳисоби

Уч кун давомида ўтказилган Суперлига 11-турига шанба кунги ўйинлар билан якун ясалди. Tribuna.uz ўйинларни сарҳисоб қилиб, 11-турнинг асосий воқеаларини саралади.

Ҳафта ўйини

«Сўғдиёна» - «Бунёдкор» ўйинида 6та гол киритилди

Суперлига 11-тури доирасидаги энг жанговар ўйин Тошкентдаги «Локомотив» стадионида кузатилди. Турга старт берган «Сўғдиёна» - «Бунёдкор» ўйинида жами 6та гол киритилди. Учрашувдаги ҳисобни Улуғбек Бақоев шогирдлари очишди. Жавоҳир Қаҳрамонов голга муаллиф қилган бўлса, орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас Нурилло Тўхтасинов мувозанатни тиклади. 39-дақиқада Норхонов Жиззах жамоасини яна ҳисобда олдинга чиқарган бўлса, 47-дақиқада Вадим Абрамовнинг Кореядан қайтган шогирди Хуршид Ғиёсов яна ҳисобни тенглаштирди. Орадан 5 дақиқа ўтиб, бу сафар тошкентликлар ҳисобда олдинга чиқишди – Лутфулла Тўреав «Бунёдкор»нинг учинчи голини киритди – 2:3.

77-дақиқада эса катта саҳнага майдондаги учинчи жамоа – ҳакамлар бригадаси чиқишди. Тортишувларга сабаб бўлган пенальтини Норхонов голга айлантириб, ўйинда жанговар дурангни қайд этди – 3:3.

Тур қаҳрамони

Черан собиқ жамоаси «Насаф»ни аямади

Турнинг марказий ўйини «Пахтакор» ва «Насаф» ўртасида кузатилди. Голларга бой ўтган баҳсда Шота Арвеладзе жамоаси Рўзиқул Бердиев шогирдлари устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Учрашувда пойтахтликлар етакчиси Драган Черанни тўхтатиб бўлмади. Черногориялик форвард ҳет-трикини расмийлаштириб, 11та гол билан Суперлиганинг яққол голеадорига айланди. Қизиғи, шу куни ўйинда киритилган 5та голнинг 4тасига «Насаф» жамоасининг собиқ футболчилари муаллифлик қилишди.

Тур мураббийи

Дилявер Ваниев Андрей Канчельскисни мағлуб этди

Турнинг энг кутилмаган натижаси «Навбаҳор» ва «Машъал» (0:1) ўртасидаги ўйинда кузатилди. Андрей Канчельскис қўл остидаги кучли таркибга эга «Навбаҳор» жамоаси ўтган мавсум мураббийликни бошлаган Дилявер Ваниев бошқарувидаги чемпионат дебютанти «Машъал»га ютқазиб қўйди. Ёш ҳимоячи Самандар Шукуруллаев Игорь Голбан бошчилигидаги наманганликлар ҳимоя чизиғини доғда қолдириб, жамоасига ғалаба келтирди. Ўйин жиҳатдан ҳам Ваниевнинг ёш жамоаси Канчельскиснинг номдор таркибидан кўра мазмунли ўйин намойиш этди. Бу эса Ваниевни тур мураббий сифатида эътироф этилишига лойиқ.

Ҳафта дебютанти

«Локомотив»да истеъфо ва янги мураббий

Ўзбекистоннинг 3 карра чемпион жамоаси «Локомотив» бу йил сўнгги 10 йилликдаги энг ёмон натижасини кўрсатмоқда. «Темирйўлчилар» сўнгги икки ўйинда «Машъал» ва ОКМКга мағлуб бўлишгач, клуб раҳбарияти 20 август куни Андрей Фёдоровни истеъфога чиқарганлигини эълон қилди.

21 август куни эса тажрибали мутахассис Дилшод Нуралиев бош мураббий сифатида эълон қилиниб, «Қўқон-1912»га қарши баҳс янги мураббий учун дебютга айланди. Бироқ Нуралиевнинг ҳам дебюти омадсиз бўлди – «Локо» кетма-кет 3-мағлубиятни қарши олди.

Тур омадсизи

Ўз дарвозасига гол уришдан тўхтамаётган «Сурхон»

Термизнинг «Сурхон» клуби Суперлиганинг сўнгги икки ўйинида ғалати ва кулгули голлар билан барчанинг эътиборини тортмоқда. Равшан Ҳайдаров қўл остидаги жамоа 10-турда «Навбаҳор» билан баҳсда ғалаба қозона туриб, Асрор Ғофуровнинг ўз дарвозасига киритган чиройли автоголи билан ғалабани қўлдан бой берган бўлса, 11-турда бу мавсум ҳали ғалаба қозона олмаган «Бухоро»га қарши баҳсда «Сурхон» ўз дарвозасини ишғол этиб, бухороликларга ғалабани «совға» қилди. Бу сафар Ҳусниддин Ғофуровнинг оддий узатмасини термизликлар дарвозабони Асилбек Амонов ғалати ва кулгули тарзда ўз дарвозасига ўтказиб юборди...

Тур воқеаси

«Бухоро» «Сурхон» футболчисининг голи эвазига мавсумдаги илк ғалабасига эришди

Суперлиганинг энг омадсиз клуби бўлиб турган «Бухоро» жамоаси ниҳоят мавсумдаги илк ғалабасини тантана қилди. Сўнгги марта 2019 йилнинг 30 ноябрь куни Суперлига охирги турида ОКМК устидан шубҳали пенальти эвазига ғалаба қозониб (2:1), лигада қолган «Бухоро» жамоаси орадан 9 ой ўтиб, Суперлигада ғалаба таъмини татиб кўрди.

Қизиғи, шунда ҳам «Бухоро» - «Сурхон» (1:0) ўйинида термизликлар ҳимоячиси Ҳусниддин Ғофуровнинг узатмасини дарвозабон Асилбек Амонов тўхтата олмади ва ушбу автогол Жамшид Саидов мураббийлигидаги Бухоро жамоасига илк ғалабани тақдим этди.

Натижада, Суперлигада ҳалигача ғалаба нималигини билмаётган битта клуб қолди - «Андижон».

Тур можароси

Шерзод Қосимов – яна катта саҳнада...

Тур ўйинига айланган «Сўғдиёна» ва «Бунёдкор» (3:3) ўртасидаги баҳсда афсуски, икки жамоа ўйини натижасига майдондаги учинчи жамоа ҳам таъсир ўтказмай қолмади. Бу сафар ҳам бош ҳакам Шерзод Қосимов катта саҳнага чиқди.

Иккинчи бўлимда жиззахликлар ҳимоячиси Элёр Ориповнинг «Бунёдкор» футболчисига ишлатган яққол қўполлигини кўрмаган Қосимов, ушбу вазиятга пенальти бермай, 77-дақиқада «Сўғдиёна»нинг ҳужуми вақтида тўп «Бунёдкор» футболчисининг қўлига тегди дея ҳисоблаб, шубҳали бўлган 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Натижада Вадим «Бунёдкор» ғалабани бой берди, «Сўғдиёна» эса мағлубиятдан қутилиб қолди.

Вазиятларга ўзингиз баҳо беринг:

Тур голи

Григалашвилидан айланма гол

Суперлига 11-турида бир қатор чиройли голлар киритилди. Жумладан, «Андижон» - ОКМК (1:3) ўйинида Григалашвили ва Турсунов, «Металлург» - «Қизилқум» (0:2) ўйинида Қиличев ва Саноев, «Локомотив» - «Қўқон-1912» (1:2) учрашувида Норбеков ва Ҳасанов чиройли зарбалар муаллифига айланишди.

Тур голлари орасида ОКМК футболчиси Элгужа Григалашвилининг ижроси мукаммаллиги ва ўйинда бурилиш ясай олгани билан ҳам жозибалироқ кўринди ҳамда турнинг энг чиройли голи сифатида эътирофга муносиб деб топилди.

Тур қаҳрамонлари: Нестеровдан Черангача

Tribuna.uz ўз анъанасига кўра, тур якунларига биноан рамзий жамоани тузди. Бу сафарги ҳафта жамоасидан 8 жамоа футболчилари жой олишган.

Суперлига 11-тур рамзий жамоаси:

Дарвозабон: Игнатий Нестеров (Қизилқум)

Ҳимоячилар: Самандар Шукуруллаев (Машъал), Владислав Касминин (Қизилқум), Солибек Каримов (Бухоро)

Яримҳимоячилар: Алишер Саноев (Қизилқум), Муҳаммаданас Ҳасанов (Қўқон-1912), Элгужа Григалашвили (ОКМК), Санжар Турсунов (ОКМК), Хуршид Ғиёсов (Бунёдкор).

Ҳужумчилар: Драган Черан (Пахтакор), Шоҳруз Норхонов (Сўғдиёна).

Суперлига. 11-тур натижалари.
20 август, пайшанба

СЎҒДИЁНА – БУНЁДКОР 3:3

Голлар: Жавоҳир Қаҳрамонов, 34 (1:0), Нурилло Тўхтасинов, 35 (1:1), Шохруз Норхонов, 39 (2:1), Хуршид Ғиёсов, 47 (2:2), Лутфулла Тўраев, 52 (2:3), Шохруз Норхонов, 77 пенальтидан (3:3).

21 август, жума

ПАХТАКОР – НАСАФ 4:1

Голлар: Драган Черан, 32 пенальти (1:0), Драган Черан 53, (2:0), Игорь Сергеев, 65 пенальти (3:0), Драган Черан, 67 (4:0) - Шерзод Аъзамов, 68 автогол (4:1).

ЛОКОМОТИВ – ҚЎҚОН-1912 – 1:2

Голлар: Темурхўжа Aбдухолиқов, 75 (1:0), Шоҳназар Норбеков, 80 (1:1), Муҳаммаданас Ҳасанов, 86 (1:2)

АНДИЖОН — ОКМК 1:3

Голлар: Жамшид Ҳасанов, 51 пенальтидан (1:0), Элгужа Григалашвили, 62 (1:1), Санжар Турсунов, 74 (1:2), Мате Ватсадзе, 79 (1:3)

22 август, шанба

НАВБАҲОР – МАШЪАЛ 0:1

Гол: Самандар Шукуруллаев, 18.

БУХОРО – СУРХОН 1:0

Гол: Ҳусниддин Ғофуров, 32 автогол.

МЕТАЛЛУРГ – ҚИЗИЛҚУМ 1:2

Голлар: Ойбек Қиличев, 7 (0:1), Алишер Саноев, 15 (0:2), Ихтиёр Тошпўлатов, 90+4 (1:2).

Анонс. Суперлига 12-тур.
24 август, душанба

ҚЎҚОН-1912 – АНДИЖОН

ПАХТАКОР – ЛОКОМОТИВ

НАСАФ – БУНЁДКОР

25 август, сешанба

ҚИЗИЛҚУМ – СЎҒДИЁНА

ОКМК – НАВБАҲОР

СУРХОН – МЕТАЛЛУРГ

26 август, чоршанба

МАШЪАЛ – БУХОРО.

Мавзуга оид