Ўзбекистон | 19:08 / 23.08.2020
16323
10 дақиқада ўқилади

Стартап нима ва уни қандай юритиш керак? Эксперт Умид Абдусатторов билан суҳбат

Стартап нима ва пулсиз иш бошлаш мумкинми? Napa Automative компанияси раҳбари ҳамда Napa технопарки асосчиси, ахборот технологиялар соҳаси мутахассиси Умид Абдусатторов Kun.uz'нинг «Эркин суҳбат» кўрсатувида стартап лойиҳаларни амалга оширишга оид турли саволларга жавоб берди. У тажрибасида йўл қўйилган хато ва айни пайтда соҳада кузатилаётган камчиликларни ҳам маълум қилди.

Маълумот учун, стартап инглиз тилидан таржима қилинганда «бошловчи, бошланғич» маъноларини англатувчи, фаолияти бошланганига оз муддат ўтган компания ё ташкилотни англатади. Ушбу термин биринчи марта 1976 йили Forbes журналида ишлатилган. Аммо стартап тушунчаси 90 йилларда интернет-компаниялар акциялари юқори қийматга эга бўла бошлаганда кенг ишлатила бошланган.

— Умид ака айни пайтда нималар билан бандсиз? Ахборот технологиялари жуда тез ўзгаряпти. Жараён ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Пандемия сабаб кўп лойиҳаларимизни онлайн форматга ўтказиб, шу тизимда ишлашга мослашдик, десам ҳам бўлади. Шу кунларда IT компаниялар билан боғланиб талабаларни ишга жойлаш билан шуғулланяпмиз.

— Пандемия IT соҳасидагилар бизнесига қандай таъсир кўрсатди?

— Соҳамиз ҳақида гапирсам, пандемияда «сезон»бўлди дея оламан. Чунки барча бизнеслар автоматлашган тизимга, электрон форматга ўтди. Пандемия IT тадбиркорга икки тарафлама имконият берди. Қайсидир компаниялар қамрови, молиявий қудрати кенгайди. Мисол учун «Зум» тармоғини олсак, карантин даврида талаб жуда юқори. Лекин бизга ўхшаган автомотлашган веб-сайт қиладиганларга бироз қийин бўлди. Автоматлаштирамиз деган ишларимиз тўхтади. Айтишим керак, айрим IT компанияларда бу давр қийин кечди. Кўп компаниялар пандемиядан олдин қийналиб ишлашарди. Сабаби ишлаш тизими электрон бўлиб, уларга талаб кам эди. Мисол учун «E-bozor», «My taxi» тизимларида пандемия даврида харидорлар кескин кўпайди. Қўшнимиз тўйхонаси ёпилиб, ҳудуди қизил бўлди. Шунда у тўйхонасини озиқ-овқат бозорчаси қилиб очди. Ҳозир одам харидор кўп. Ўзи умуман олганда тадбиркор учун ҳар куни таваккал.

— Ўзбекистонда ҳозирги пайтда тадбиркорлик хусусан, IT соҳаси ривожлана бошлади. Кўп нарса интернетга боғлиқлиги учун ривожланмай турганди. Ҳозирда ёшлар стартап лойиҳалар бошлаш ҳақида кўп гапиришади. Сизнингча стартап лойиҳа деганда нимани тушуниш керак?

— Стартап сўзини ҳамма ўзича талқин қилади. Мен яқинда Исроилда стартап бўйича 15 кун ўқиб келдим. Менимча, стартап ноёб ғояларга эга бизнес тури. Америкадаги ғояни Ўзбекистонга олиб келса, стартап бўладими деса, мен «ҳа» дейман. Чунки адаптация қилиш ҳам мураккаб иш ҳисобланади. Бизда бирор компьютер сотиб олсангиз яхши чиқса индамайсиз. Ёмон чиқса, баъзилар гапиради, бошқалар жим. Америкада қандай чиқса, ўшандай деб ёзади. Одамлар самимий қабул қилишади. Яхши маҳсулот бўлса, яхши экан дейишади, ёмон бўлса, ёмон. Менимча, мана шу одатни ўзимизга ҳам олиб кириш керак. Чунки харидорларга нима маъқул, нима номаъқул билиб олиш осон кечади.

— Стартапларнинг кўпи онлайн ёки автоматлашган бўлади. Бу ҳақда фикрингиз қандай?

Албатта, офлайн стартаплар ҳам кўп. Мен Америкада кўп кўрганман. Стартап деганда нима учун IT тушунилади десангиз, чунки ҳозир IT кирмаган соҳа қолмади. Тасаввур IT билан қолиб кетган. Мана яқинда битта стартап қилишди. Эрталаб соат 7.30-8 да келиб, сизга иккита иссиқ нон, қаймоқ, узум олиб келиб беради. Бу нима стартап деб ўйлашингиз мумкин. Лекин сиз эрталабда Чиғатой бозорга тушиб нон, узум олишга эринасиз. Ҳа, бу одам шуни ўйлади ва бажаряпти. Иссиқ қилиб олиб келяпти. Одамлар таксига ҳам пул беришмоқда. Айтмоқчиманки, стартап фақат IT'дан иборат эмас. Агар бир одамни бошлаган бизнеси юришса, қўшниси уни кўриб худди шундай бир хил бизнес бошласа, бу стартап бўлмайди. Ҳа, янгилик киритса, оригиналлик бўлса,кейин стартап бўлди.

— Сиз кўп лойиҳалар муаллифисиз. Стартапни бошлаш йўлларини айтинг. Ёзилмаган қоидалари бўлса керак ҳар қалай?

— Яширмайман. Ҳозирга қадар 15га яқин лойиҳага қўл урилди. Бугунги кунда 2та реклама, 1та фармацевтика яна битта таълим соҳасида жами 4 та стартапимиз ишламоқда. Кўпчилик «стартап бошлаш учун пул керак»,​ деб ўйлайди. Тўғри, мен ҳам бошида шундай ўйлардим. Биринчи бўлиб фақат пул қидирганман. Ғоя бўлган, бир ярим йил инвестор қидирганман. Агар шу вақт ичида ғоямни бир қисмини амалга оширганимда эди, жуда яхши натижаларга эришган бўлар эдим. Ҳозир ўйлаб, шу ўтган вақтга ачинаман. Агар стартап қилмоқчи бўлсангиз, аввало ўзингиз қизиқишингизга қаранг. Сиз кўчада кимнидир бизнеси зўр бўлаётгани учун эмас, айнан шу нарсани қилиш учун ҳам эмас, сиз қайси соҳани устасисиз. Шу бўйича нимадир қила олсангиз, шунга киришинг. Биз ҳозирда ёш IT мутахассисларини танлаб, компанияларга ишга таклиф қилмоқдамиз. Агар стартап бошламоқчи бўлсангиз бировни пулига умуман ишонманг. Ўзингни пулингиз бўлса, қилинг. Чунки бу ишни ҳамма ҳам қила олмайди.

— Қачон инвестор қидириш керак, буни белгиси борми?

— Белгиси бор. Мисол учун бизнесимизни бошладик. Талабаларни йиғяпмиз. Уларни ишга тайёрлаяпмиз ва компанияларга таклиф қиляпмиз. Ва улар ишга кириб, ишлашни бошлашди. Шу жараёнда компаниялар сизга пул тўлайди. Стартап лойиҳа учун инвестор қидиришни ана шу пул тўланганидан кейин бошланг. Бу соҳага ўзингизни пулингиз билан киринг. Шунда яхши бўлади. Барака топасиз. Стартап муваффақиятли бўлиши учун уни ҳар куни янгилаб, назорат қилиб туриши керак. Бизнес жонли организмга ўхшайди. Муаммоларга мослашган инсонгина яхши бизнес моделга айланиш мумкин.

— Калифорниядаги стартап муҳити ҳақида гапириб беринг. Биз у ерликлардан нималарни ўрганишимиз мумкин?

Стартап яхши ривожланиши учун сифатли интернет зарур. Ҳозир Ўзбекистонда 30 та одам видео алоқада ўтирган бўлса, хиралашиб, ўча бошлайди интернет. Биринчи ўринда интернет яхши ишлаши керак. Иккинчи босқич, бу қонунлар ишлаши, уларга амал қилиш масаласи. Бугун ITчиларга яхши имтиёзлар бериляпти.. Ҳозир ким стартап бошламоқчи бўлса, яхши ғоялари бўлса кредитлар ҳам бериляпти. Лекин кўпчилик қўрқади бу ишни бошлашга. Албатта, бу соҳани танлаган одам чиройли муомала қилишни, тақдимотларда чиқишни пухта ўзлаштириши керак. Бюджет қанчалиги, бу йил қанча, кейинги йил қанча сармоя ва даромад бўлади барчасини билиши зарур. Айтишим керак, икки уч йил олдин бугунгидек шароит йўқ эди Ўзбекистонда. Аммо янада яхши бўлмасак хориждан ортда қолаверамиз.

Ўзбекистонда қайси йўналишларда стартаплар ривожланаётганини кўряпсиз? Келажакда қанақа соҳа ёки йўналишда стартаплар бўлишини, ривожланишини кўпроқ истар эдингиз?

—Фақатгина Ўзбекистонда эмас бутун дунёда электрон савдо ривожланяпти. Мисол, Америкада ҳеч ким магазинга бориб харид қилмайди. Тўғри, бориб айланиб кўриб, маҳсулотни танлайди. Кейин танлаган нарсасини интернетдан буюртма беради. Чунки интернетда ўша нарса 20 фоиз арзон бўлади. Нега?Чунки светга пул ишлатмайди, жой солиғи, сотувчиси йўқ. Дўконнинг харажати олиб ташланиши ҳисобига арзон сотади. Бизда ҳали унақа даражага чиқмади. Шу тизим ишлаши керак деб ўйлайман. Агар бу ишласа шу соҳада муваффақиятга эришилади. Ўзбекистонда исталган стартапни ривожлантирса бўлади. Фақат хизмат кўрсатиш соҳасига эътиборни кучайтириш зарур. Сервис яхши ишлаши керак. Шу нарса ҳам бизга ҳали кириб келмаган. Бу ҳам бизнесда энг муҳим жиҳат деб биламан. Мен ёмон кўрган нарсам битта компания раҳбари билан боғланишингиз учун мураккаб бир йўлни босиб ўтасиз. Чет элда бундай эмас. Раҳбар билан бемалол боғлана оласиз. Айтмоқчиманки, бизда қачон стартап яхши бўлади, сервис яхши бўлса. Иккита магазин бўлса, қайси бири яхши хизмат қилса, гўзал муомала қилса, сиз ўшанга-яхшисига харидор бўласиз. Бу аниқ.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид