Жаҳон | 02:22 / 24.08.2020
77271
7 дақиқада ўқилади

Минскда 150 минг кишилик яна бир митинг бўлиб ўтди. Лукашенко қароргоҳига автомат билан келди

23 август куни Минскда Александр Лукашенконинг президентликдан кетишини талаб қилиб навбатдаги йирик намойиш ўтказилди — унда 150 мингга яқин киши иштирок этган. Намойишчилар Мустақиллик майдонида йиғилиб, шаҳар марказидан марш қилиб ўтишган ва Мустақиллик саройига — президент қароргоҳига йўл олишган. Бу ерда уларни милиция занжири тўхтатган.

Минскда Александр Лукашенкога қарши янги акция ўтказилди. RT ва Белтелерадиокомпания маълумотларида унда 20 минг киши иштирок этган, «Медуза» баҳосига кўра эса — 150 минг киши (бир ҳафта олдинги Беларусь тарихидаги энг йирик акцияда Минскнинг 200 минг аҳолиси қатнашганди). Намойишчилар Мустақиллик майдонида йиғила бошлашди, кейин «Минск — қаҳрамон-шаҳар» ёдгорлиги томон юришди. Мемориал тиканли симлар ортида жойлашган ҳарбий хизматчилар билан ўраб олинганди: Беларусь мудофаа вазири Виктор Хренин армия Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотираси учун ўрнатилган ёдгорликни қўриқлашини маълум қилганди. Акциянинг айрим иштирокчилари солдатларга яқин келишди, аммо Виктор Бабариконинг штаби вакили Мария Колесникова ва Светлана Тихановскаянинг ишончли вакили Ольга Ковалькова улардан ортга қайтишни сўрашди.

Фотографии: Евгений Фельдман / «Медуза»

Намойишчилар қаршисида мухолифатчиларнинг мувофиқлаштириш кенгаши аъзолари чиқиш қилишди. Улар Беларусь парламентининг қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларнинг мамлакатда рўй бераётган воқеаларга муносабат билдирмаган депутатларининг барчасининг муддатини тугатиш, шунингдек, референдум орқали 1994 йилги конституцияни қайтариш (унга кўра президентлик муҳлати чекланади) режалари ҳақида маълум қилишди.

Фотографии: Евгений Фельдман / «Медуза»

Намойишчиларнинг бир қисми Мустақиллик саройига — Александр Лукашенконинг ишчи қароргоҳига етиб боришди. Телеграмдаги Nexta канали уларни шунга чорлади. Аммо қароргоҳ томон яқинлашган бир неча минг киши ИИВ ходимлари ва махсус техникалардан иборат ҳалқа томонидан тўхтатилди. Намойишчилар ва ҳарбийлар ўртасида мусиқачилар қўшиқ айтишди, намойишчилар уларга жўр бўлишди. Бу вақтда Минскда интернет фаолиятида муаммолар кузатила бошлади (A1 оператори буни «давлат органларининг миллий хавфсизликни таъминлаш» билан боғлиқ талаби сифатида изоҳлади). Тахминан бир соат вақт ўтиб намойишчилар шаҳар марказига қайтишди ва кейин аста-секинлик билан тарқала бошлашди. Шундан сўнг қароргоҳ атрофидаги ҳалқа ҳам ечилди, намойишчиларни қўлга олиш ҳолатлари кузатилмади.

Фотографии: Евгений Фельдман / «Медуза»

Мустақиллик саройига вертолётда Лукашенконинг ўзи ташриф буюрди. Интернетда у қўлида автомат кўтарган ҳолда тасвирланган видеолар тарқалди. Намойишчилар Мустақиллик саройи атрофида туришганида ҳудуд яқинига президент вертолёти қўнди. ОАВ ва мухолифатчи телеграм-каналлар ушбу вертолёт Лукашенкони эвакуация қилиш учун келганини тахмин қила бошлашди. Аммо кейинроқ, намойишчилар тарқагач, президент матбуот хизматига яқин бўлган «Пул Первого» канали Лукашенко ушбу вертолётдан чиқиб келаётгани тасвирланган видеони намойиш этди. Ушбу каналда эълон қилинган иккинчи видеода эса Лукашенко бронежилет таққан, қўлида автомат кўтарган («Новой газета» талқинига кўра, бу АКС-74У бўлган) ҳолда намоён бўлди. Унинг ёнида ҳарбий либосдаги ўғли Николай ҳам бор эди.

Президент матбуот хизмати Лукашенко тасвирланган яна бир неча видеони намойиш этди. Улардан бирида президент намойишчиларни каламушларга тенглаштирган. Видеода Лукашенко вертолётда ўтириб, намойишчилар ҳаракатини кузатаётгани тасвирланган. У вертолёт намойишчилар тўпланган Ғолиблар проспектига қараб шундай дейди: «Каламушдек қочишяпти». Кадр ортида шундай мулоқот давом этади: «Улар қаерда?» — «Қочишди. Улар сен бораётганингни билишди». Бундан билиш мумкинки президент ўғли Николай Лукашенко билан гаплашган.

«Пул Первого» тарқатган яна бир видеода Лукашенко Мустақиллик саройи атрофини ўраб турган ҳарбийлар олдига бориб, уларга миннатдорчилик билдиради. «Йигитлар, раҳмат сизларга! Ажойибсизлар! Биз улар билан шуғулланамиз», — дейди Лукашенко. «Биз охиригача сиз биланмиз», — дея жавоб қайтаради ҳарбийлар.

Лукашенконинг матбуот котиби Наталья Эйсмонт намойишчилар Мустақиллик саройини қамал қилмоқчи бўлишгани, аммо улар қўрқиб кетиб қочиб қолишгани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Лукашенко кун давомида Мустақиллик саройидаги марказда ишлаган; унинг ёнида 15 ёшли ўғли Николай бўлган. «Митингчилар дейилаётган одамлар келишганида ва ўзига хос қамал учун ҳаракат бошлашганида давлат раҳбари ҳам бино ичида эди. Кейин, айтиш мумкинки, митингчиларнинг жасорати узоққа бормади. Нима бўлиши мумкинлигини кўришгач, бу одамлар дарҳол ортга бурилишди ва қоча бошлашди», — деган Эйсмонт. У шундан сўнг Лукашенко вертолёт чақиргани ва шаҳарни айлангани, кейин Мустақиллик саройига қайтиб, бинони қўриқлаган хавфсизлик хизмати ходимларига миннатдорчилик  билдирганини қўшимча қилган.

Название

Норозилик акциялари ва намойишчилар билан бирдамлик акциялари Минскдан ташқарида ҳам давом этди. Беларуснинг турли ҳудудларида минглаб кишилар кўчаларга чиқишди: Брест, Витебск, Могилёв, Гродно ва Гомелда. Шунингдек, Киев, Варшава, Петербург ва Москвада ҳам беларуслар билан бирдамликни намойишлари ўтказилди. Рига аҳолиси Беларусдаги намойишларни қўллаб-қувватлаш учун оқ-қизил-оқ рангдаги байроқлардан жонли занжир ҳосил қилишди; акцияда Латвия президенти Эгилс Левитс ҳам қатнашди. Литвада минглаб кишилар Вильнюсдан Беларусь чегарасигача саф тортишди; уларга Литванинг собиқ президенти Даля Грибаускайте ҳам қўшилди.

Ints Kalniņš / Reuters / Scanpix / LETA

Бу Беларусда намойишларнинг 15-куни бўлди. Намойишлар президентлик сайловларида овоз бериш якунланиши биланоқ, 9 август куни кечқурун бошланганди. Расмий маълумотларга кўра, ўзи учун олтинчиси бўлган сайловда Александр Лукашенко 80 фоиз овоз тўплаб, ғолиб бўлган, аммо бу маълумотга деярли ҳеч ким ишонмади. Намойишларнинг дастлабки кунларида куч ишлатар тузилмалар намойишчиларни шафқатсизлик билан тарқатишди. Етти мингга яқин киши қўлга олинди — нафақат намойишчилар, балки тасодифий йўловчилар ҳам. Бир неча юз киши куч ишлатилиши оқибатида жароҳатланди, кўплар қўлга олинганидан кейин изоляторларда қийноққа солинди. Ўтган вақт давомида Беларуснинг турли ҳудудларида намойишларда қатнашган 6 киши ҳалок бўлгани маълум. Махсус хизматларнинг зўравонлиги намойишларни фақатгина кучайтирди, шундан сўнг милиция куч ишлатишни тўхтатди, Беларусь ички ишлар вазири эса «хатолик билан қўлга олинганлар»дан узр сўради. Александр Лукашенко эса намойишчиларнинг сайловларни қайтадан ўтказиш ҳақидаги талабларини кескин рад этмоқда ва намойишларни Ғарб давлатларининг Беларусни «тиз чўктириш»га ва ҳокимиятни алмаштириш орқали ушбу давлатни Россия билан уриштиришга уриниши деб баҳоламоқда.

Мавзуга оид