Жаҳон | 09:24 / 28.08.2020
28795
3 дақиқада ўқилади

Светлана Тихановская беларуслар етакчисига айланишдан уни нима тўсиб тургани ҳақида гапирди

Тихановскаянинг BBC’га маълум қилишича,  агар ҳаракатлар ҳозир орқага чекинса, уларни келгусида қулга айланиш тақдири кутаётган бўлиши мумкин.

Сайлов тугаганига 2 ҳафтадан ошди, норозиликлар эса давом этмоқда. Шунга қарамай, Aлександр Лукашенко ортга чекиниш ҳақида ҳеч қандай белги бермаяпти. У яқин кунларда тартибсизликларга барҳам беришни ваъда қилган.

Тихановская сайлов кампанияси давомида кўп овоз йиққан асосий мухолифатчи номзод сифатида турибди. У 9 август куни ўтган сайловдан сўнг Литвага жўнаб кетганди. Унинг бундай қилишига Лукашенко сайланганидан кейин оиласи хавфсизлигидан қўрққани сабаб бўлган. Тихановская ўзини хавфсиз ҳис қилганида мамлакатга қайтиб келишини таъкидлади.

Ўтган дам олиш куни Лукашенкога қаршилар 200 минг киши бўлиб, Минскдаги марказий майдонни тўлдириб юборди. Оммавий намойишлар ҳамон давом этмоқда.

Тихановская BBC’га берган интервьюсида беларусияликлар уни бўлажак президент деб эмас, балки «ўзгаришлар рамзи» сифатида қабул қилиб овоз беришганини таъкидлади.

«Улар келажаклари учун ҳайқиряптилар, улар озод мамлакатда, зўравонликка қарши, ўзларининг ҳуқуқлари учун яшашни хоҳлайдилар. Бизнинг ортга қайтишга ҳаққимиз йўқ. Aгар шундай қилсак, биз қулларга айланишимиз мумкин. Буни ҳаммамиз яхши тушунамиз. Биз охиригача курашамиз», – дейди у Ғарб ОAВга берган интервьюсида.

«Мен йўлбошчи эмасман, ортимдан одамларни эргаштира олмайман, чунки қўрқяпман. Бу қўрқув бошқалардан кўра менда кучлироқ. Менимча, бу қўрқув масъулият бўлса керак. Одамлар мендан қарорлар, нутқлар кутишмоқда. Мен улар кутган нарсани етарли даражада бажара олмаслигимдан қўрқяпман. Бу қўрқув жавобгарликнинг ўзигина ҳам эмас», – дейди Тихановская.

У интервьюда шунча саъй-ҳаракатлар самарасиз кетиши мумкинлигига ишонмаслиги, беларусь халқига ишонишини таъкидлади.

Президент Александр Лукашенко сўнгги кунларда тез-тез Россия президенти Владимир Путин билан қўнғироқлашиб турибди. У инқироз яқин орада тугашига ваъда берган.

Тихановскаянинг Мувофиқлаштирувчи кенгашидаги иттифоқчилари ҳибсга олиниб, улар устидан жиноий иш очилган, улар ноқонуний равишда ҳокимиятни эгаллаб олганликда айбланмоқда.

Намойишчиларга босимлар бўлаётгани ҳақида хабарлар бор. Давлат телевидениесидаги ишини ташлаб чиқиб кетганларга ишлари қайтариб берилмаслиги айтилган. Минск трактор заводи ташқарисидаги намойишларга полиция аралашиб, намойишчиларни ҳибсга олган.

Европа Иттифоқи раҳбарлари ва AҚШ ҳукумати Лукашенконинг ғалабасини фирибгарлик деб ҳисоблаб, мухолифатнинг сайловларни қайта ўтказиш талабини қўллаб-қувватламоқда. Ўз навбатида, Россия зарур бўлганда Лукашенкони қўллашга тайёрлигини билдирмоқда.

Aйни пайтда, Европа Иттифоқи Лукашенкога қарши санкциялар жорий этиш арафасида.

Мавзуга оид