Жаҳон | 00:14 / 28.08.2020
6079
1 дақиқада ўқилади

Tesla капиталлашуви 2 ой ичида 2 баробарга ўсди

АҚШнинг Tesla Inc. автомобилсозлик компанияси қиймати 400 млрд доллардан ошди. Бу ҳақда Barron's нашри хабар берди. Ваҳоланки, 2 ой аввал унинг қиймати 200 млрд долларни, январда эса 100 млрд долларни ташкил қилган.  

Фото: Naked Science

26 августдаги савдолар вақтида компания акциялари нархи 6,4 фоизга кўтарилиб, 2153 долларга етди.

Айни вақтда компания Standard & Poor's 500 фонд индексида капиталлашув бўйича бор-йўғи 7 та компания, жумладан Visa (қиймати 447 млрд доллар) ва Apple’дан (қиймати 2,16 трлн доллар) ортда қолмоқда. 

Нашрнинг таъкидлашича, Tesla’нинг ҳозирги қиймати Исроил, Ирландия ва Ҳонгконгнинг ялпи ички маҳсулотидан кўпроқни ташкил қилади. Компания, шунингдек, процессорлар ишлаб чиқариш соҳасидаги етакчилардан бири бўлган IBM компаниясидан 4 марта қимматроқ туради.  

Июлда Tesla’нинг капиталлашуви қаторасига 5 кун давомида кунига ўртача 14 млрд долларга ошиб, бозор қиймати ўсиши бўйича янги рекорд ўрнатганди.    

Мавзуга оид