Ўзбекистон | 08:49 / 28.08.2020
29986
3 дақиқада ўқилади

Украина Беларусь билан барча алоқаларни тўхтатди 

Фото: РИА Новости

Украина Беларусь билан мулоқотни вақтинча тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазирлиги Дмитрий Кулеба “1+1” телеканали эфирида айтиб ўтган. 

“Мен бу ҳақида сизга расман маълум қилишим мумкин. Биз вазиятнинг бориши ортидан кузатмоқдамиз. Алоқалар Украинанинг обрўсига ҳамда унга маънавий, ахлоқий томондан путур етказмаслигига ишонч ҳосил қилсак, уларни яна тиклаймиз”, деб таъкидлаб ўтган Кулеба.

Унинг таъкидлашича, Украина етакчиси Владимир Зеленский беларуслик ҳамкасби Александр Лукашенко билан охирги марта Беларусда 9 августда ўтган президент сайловлари олдидан сўзлашган.

Бундан ташқари, Киев зарурат юзага келса, Донбасс бўйича музокараларни Беларусь пойтахти Минскдан бошқа ерга кўчириши мумкин. Кулебанинг таъкидлашича, бироқ бундан ҳеч қандай маъно йўқ.

“Ҳозирда бу жараёнлардан фақатгина Минск номигина қолган, чунки пандемия сабабли учрашувлар онлайн ўтмоқда. Шу сабабли ҳеч ким у ерга бормаяпти, Минск билан бевосита алоқа йўқ”, деб таъкидлаб ўтган Украина ташқи ишлар вазири.   

Аввалроқ Украина бош вазири Денис Шмигаль ўз ватанларида таъқиб қилинаётган беларусларга Украинада ҳимоя таклиф қилган. Унинг айтишича, ёрдамга муҳтож одамлар Украина чегарасини кесиб ўтаётганда бу ҳақида чегара хизматини хабардор қилиши лозим.

“Беларуснинг босимга ёки таъқибга учраётган ҳамда қўшимча ҳимояга муҳтож фуқаролари Украинада ҳамма вақт ҳимоя олишлари мумкин”, деб ёзган Шмигаль Telegram’да.

Аввалроқ Украина етакчиси Владимир Зеленский Беларусда президент сайловлари такрор ўтказилиши зарурлигини айтган. Беларусь ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Анатолий Глаз бунга жавобан Минск Украинанинг “сийқаси чиққан” маслаҳатларига муҳтож эмаслигини айтган.  

Беларусда 9 августда ўтган президент сайловларида амалдаги президент Александр Лукашенко ғалаба қозонганидан кейин унга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Мавзуга оид