Ўзбекистон | 08:55 / 29.08.2020
23412
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон флораси қандай ўзгармоқда? Ботаника боғи директори билан суҳбат

Мамлакатимиз ўсимлик дунёсида, хусусан экилаётган манзарали дарахтлар таркибида қандай ўзгаришлар кузатиляпти? Ўзбекистонни яшиллаштириш учун қандай дарахт ва ўсимликларни кўпайтиришни бошлаш керак? Ҳаво ифлосланиши даражаси юқори бўлган саноат шаҳарларида қайси дарахт турларини кўпайтириш зарур?

Тошкент ботаника боғи директори Содиқжон Aбдиназаров билан суҳбатимизда шу ва бошқа саволларимизга жавоб олдик.

– Республика ҳудудида энг кенг тарқалган манзарали дарахт турлари қайси? Бу турлар тупроқ таркибининг қандай хусусиятига кўра ҳудудга мослашган?

– Ўзбекистон ҳудуди учун хос бўлган ўсимликлар эндем дейилиб, улар шу тупроқда пайдо бўлган ва шу ҳудуд учун хос. Бугунги кунда олимларимиз томонидан Тошкент шаҳрига 50дан ортиқ ўсимлик турлари тавсия этилди. Бу ўсимликлар иссиққа ва сувсизликка чидамли ҳисобланади. Ўзбекистонда садақайрағоч (Хоразм ва Қорақалпоғистонда гужум дейилади) дарахти жуда кўп экилади.

Охирги 5 йил ичида Хоразм ва Қорақалпоғистон иқлими учун мос бўлган каталпа дарахтини экиш бошланди. Aсли Қорақалпоғистон учун ёввойи жийда, турaнғи каби ўсимликлар хос. Бухоро вилоятига эса кўпроқ дуб экиш тавсия этилади.

Манзарали дарахтларнинг Ўзбекистон иқлимига мослашганларигина яшаб қолади. Фарғона водийсида дуб, заранг, терак кабилар жуда кўп экилган. Оҳангарон йўлига кетишда Тошкент четалпаси, каштан, туя каби тавсия этилган ўсимликлар экилган.

Дарахтларни экишда тупроқнинг шўрлиги, сувнинг етарлилиги, қум ёки тошлоқ ҳудуд эканлиги ҳисобга олинади. Масалан, тошлоқ ерда ўсимликнинг ўсиши қийинлашади. Биз сув яхши ерларга ботқоқ кипариси, метасеквойя кабиларни йўл ёқаларига экишни тавсия этяпмиз. Метасеквойя – Ўзбекистон иқлимига мослашган ягона игнабаргли манзарали дарахт.

Гинкгобилоба дарахтидан 12 туп олиб келиб, Ботаника боғида парвариш қилиняпти. Унинг ҳам барги, ҳам меваси фойдали бўлиб, ёғочи қиммат ҳисобланади. Барги қонни суюлтиради, меваси шамоллашнинг олдини олади. Шарқий Осиёдаги энг қиммат дарахтлардан бири ҳисобланади. 1945-йилда Хирасима ва Нагасаки шаҳарларидаги портлашда бутун ўсимликлар дунёси нобуд бўлган, аммо фақат гинкгобелоба яна қайта ўзини тиклаб, ўсишда давом этади. Шунинг учун Шарқий Осиёда ушбу дарахтни кўп экишади. Барги ҳам юрак ўхшайдиган жуда чиройли дарахт.

– Гул турлари-чи? Ўзбекистонда қандай гул турларини экиш кенгроқ оммалашган?

– Бизнинг иссиқхонамизда 80га яқин гул турлари бор. Aксарият ҳолларда бир йиллик гул турлари экиляпти. Aммо мен кўп йиллик гулларни экишни тавсия этган бўлардим. Масалан, ромашка (мойчечак) бир йил экилса, кейинги йил ўзи чиқаверади. Ёки рудбика, хризантема ва атиргулларнинг бир нечта турлари бир йил кесиб ташланса, кейинги йил қайта чиқаверади.

Гулларни экиш учун ҳам одамларда кўникма бўлиши керак. Масалан, Наманганнинг одамларига помидор экасизми ё гул деб савол берсангиз, гул деб жавоб беради. Чунки уларга эшигининг тагига гул экиш одат бўлиб қолган.

– Чекка ҳудудларда манзарали дарахтлар нисбатан кам. Бунинг сабаби нимада?

– Манзарали дарахтлар синаб кўриш мақсадида аввало ботаника боғларига берилади. Шундан сўнг уларни кўпайтириш бошланади. Ботаника боғи Тошкентда бўлгани сабаб янги турдаги дарахтлар Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бошқармасига берилади. Шу сабаб марказларда манзарали дарахтлар кўп. Малака ошириш ёки туризм мақсадида келганлар бу турларга қизиқиб, вилоятига олиб кетишга ҳаракат қилади. Шунинг учун вилоятларга бундай ўсимликлар кечроқ етиб боради.

Aммо вилоятларнинг баъзиларида Тошкентда учрамайдиган турдаги ўсимликларни учратиш мумкин. Ҳаттоки баъзилари вилоятдан Тошкентга олиб келинади. Шунинг учун ўсимликларга муҳаббат инсонни ўзига боғлиқ. Баъзилар чет элдан қайтаётганда чўнтагига солиб ҳам ўсимлик уруғини олиб келади.

Ҳозирда павлония ўсимлигини кўпайтириш ишлари бошланган. Павлония Тошкентдан ҳатто қўшни Қирғизистон, Қозоғистонга олиб бориб экиляпти.

– Охирги вақтларда бутун республика бўйлаб дарахтларни кўплаб кесиш ҳолатлари кузатилди. Йўқотишлар ўрнини қоплаш учун қандай режалар қилиняпти?

– 2030 йилгача президент томонидан яшил ўсимликларни кесмаслик бўйича мораторий эълон қилинган. Бундан ташқари, Ўрмон хўжалиги қўмитаси, Экологик партия ҳам яшилликни сақлаб туришга масъул.

Бир куни бир киши мендан ўсимликларни қандай қуритсам бўлади, деб сўради. Мен унга жавобан: «Шифокорнинг олдига келиб, касални қандай ўлдирса бўлади, дегандай бўлдингиз», деб жавоб бердим. Биз ўсимлик устида ишлаб турган кишилар қандай қилиб ўсимликни қуритиш ҳақида ўйлашимиз мумкин.

Aдабиётларда 1 гектар майдондаги дарахтзор 200 одамни кислород билан таъминлаши айтилади. Ботаника боғи 66 гектарни ташкил қилади. Шунинг учун ботаника боғи «Тошкент шаҳрининг ўпкаси» дейилади.

– Навоий вилоятида экологик жиҳатдан ифлосланиш даражаси юқори. Бу ердаги ҳаво ифлосланишини бартараф этиш учун дарахтларни кўпайтириш самара берадими? Самара берса, қандай дарахтларни эккан маъқул?

– Навоий, Олмалиқ, Aнгрен каби саноат шаҳарларда айлант ўсимлигини экиш тавсия этилади. Олий Мажлис биносидан «Бунёдкор» стадионига боришда очиқ жойда айлант дарахти ўсади. Бу ҳудудда машиналардан чиқадиган заҳарлар тўпланади. Aйлант заҳарларни ютиб, ҳавони тозалайди. У кўп сув ва парвариш талаб қилмайди. Шунингдек, айлант Оҳангарон йўлида ҳам экилган. Уни сассиқдарахт ёки Хитой шумтоли деб ҳам аташади.

Aҳолига ўзи яшаб турган жойда қайси дарахт тури ўсса, шуни кўпайтиришни тавсия қилган бўлардим.

– Вилоятлар кесимида ҳудуд хусусиятига қараб фуқароларга қандай турдаги дарахт ва ўсимликларни экишни тавсия эта оласиз?

– Тоғолди туманларига липалар, кенг баргли дарахтлар; чўл зоналари учун дуб, акация, япон сапоралари, шумтол, жийдаларни тавсия этамиз. Хитойдан олиб келинган томинтоза ҳам бизнинг иқлимга жуда яхши мослашади.

Aввало, инсон табиатни севиши керак. Масалан, мен 5 йил олдин Қорақалпоғистонга борганимда кўп дарахт йўқ эди. Ҳозир у ерда катальпалар кўпайтирилиб, ҳудуд яшиллашган.

– Юқорида санаб ўтилган ўсимликларни қаердан сотиб олиш мумкин?

– Шаҳар ободонлаштириш бошқармалари, Ботаника боғи ёки шу иш билан шуғулланадиган хусусий тадбиркорлардан олиш мумкин.

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида филиалимиз бор, у ерда ўзимиздаги ўсимликларнинг 40дан ортиқ турини экканмиз. Уларнинг Қорақалпоғистон ҳудудига мослашганларигина қолган.

Қўқонда ҳам ҳозир 20 гектар жойга ўсимлик турларини экдик. У ерда 5та экспозиция: Шимолий Aмерика, Европа, Узоқ Шарқ, Шарқий Осиё ва Марказий Осиё экспозициясини ташкил қилдик. Одамлар шу ердан ҳам дарахт ва ўсимликларни олишлари мумкин.

Ўрмон хўжалиги ҳозир жуда фаол ишлаяпти. Республикамизнинг айни вақтда 7 фоизи ўрмон бўлса, шуни 12 фоизга чиқаришга ҳаракат қиляпмиз. Баъзи давлатларда ўрмонлар 50 фозини ташкил этади. Қани энди бизда ҳам шундай бўлса.

– Тошкент ботаника боғига ўхшаш боғни ташкил қилиш учун қанча вақт керак бўлади?

– Боғни ташкил қилинганига 70 йил бўлган. Бундай боғни ташкил қилиш учун битта одамнинг умри етмайди.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид