Жаҳон | 15:23 / 01.09.2020
18681
13 дақиқада ўқилади

АҚШ конституциясига шу вақтгача қандай ўзгартиришлар киритилган?

Бугун дунёнинг қарийб барча давлатларида конституция асосий қонун ҳисобланади ва бошқа ҳар қандай чиқариладиган қонун, қарор ҳамда фармонлар унга мувофиқ тарзда қабул қилинади. Шу туфайли конституция «Бош қомус», «Асосий қонун» деб ҳам аталади.

Конституция сўзи лотинча constitutio - «қурмоқ», «ташкил этмоқ» сўзларидан олинган. Конституциянинг тарихи қадимги грек давлатлари ва Рим империясига бориб тақалади.

Ўрта асрларда қабул қилинган конституциялар орасида 1529 йилда қабул қилинган Литва князлиги конституцияси энг қадимийси ҳисобланади.

Бугунги кундаям амалда бўлган қадимий конституциялар орасида АҚШ конституцияси ҳам бор. У 1787 йил 17 сентябрда Филадельфияда қабул қилинган. АҚШ конституциясини дастлаб бу давлатни тузган 13та штат ратификация қилган ва у кучга кирган. АҚШ конституцияси дунёдаги энг қатъий амал қилинадиган конституциялар сирасига киради.

Турли давлатларнинг конституцияларига даврлар ўтиши билан қандайдир ўзгартиришларга эҳтиёж туғилади. Шу жумладан, АҚШ конституциясига ҳам жами 27 марта ўзгартириш киритилган.

Хабарингиз бор, жорий йил 1 июлда Россияда конституцияга ўзгартиришлар киритиш ҳақида референдум бўлиб ўтди. Унда овоз берганларнинг қарийб 80 фоизи мамлакат конституциясини ўзгартириш учун «ҳа» деб жавоб берган. Қизиғи шундаки, Россия конституцияси бир шахс, амалдаги президент янада узоқроқ вақт бошқарувда қолиши учун имконият берадиган қилиб ўзгартирилди. АҚШ конституциясида эса 27 марта қилинган ўзгартиришларнинг аксариятида омма манфатлари назарда тутиб амалга оширилган.

Шунингдек, АҚШ конституциясига киритиладиган ўзгартиришлар учун референдум ўтказилмайди. Улар кучга кириши учун уни барча штатлар ратификация қилиши етарли бўлади.

АҚШ конституцияга дастлабки ўнта ўзгартириш 1789 йил 25 сентябрда амалга оширилган ва улар 1791 йил 15 декабрда кучга кирган. Қуйида АҚШ конституциясидаги ўзгартиришлар тарихига назар ташлаймиз.

1. Сўз эркинлиги, эътиқод эркинлиги, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, турли йиғинлар ва намойишлар ўтказиш эркинлиги, петиция йиғиш ҳуқуқи.

2. Қурол сақлаш ва ёнда олиб юриш ҳуқуқи.

3. Ҳукуматга тегишли ҳарбийларни шахсий уйларга уларнинг эгаси розилигисиз жойлаштиришни тақиқлаш.

4. Ўзбошимчалик билан қидирув, таъқиб этиш ва ҳибсга олишларни тақиқлаш.

5. Тегишли суд жараёни кафолатлари, бир хил мазмундаги ҳуқуқбузарлик учун такроран тақиб этишни тақиқлаш, ўзига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқи, реквизиция учун кафолатлар бериш.

6. Айбланувчиларнинг ҳуқуқлари, шу жумладан ҳакамлар ҳайъатининг суд ишларини кўриб чиқиш ҳуқуқлари.

7. Фуқаролик ишлари бўйича суд ишларини кўриб чиқиш ҳуқуқлари.

8. Ҳаддан ташқари катта миқдордаги гаров ва жарималарни, шафқатсиз ҳамда ғайриоддий жазоларни тақиқлаш.

9. Конституциявий ҳуқуқларнинг санаб ўтилиши бошқа ҳуқуқларнинг чекланиши сифатида талқин этилмаслиги лозим.

10. АҚШ конституциясида белгиланмаган масалалар ҳақида қарор чиқариш штатлар ихтиёрида қолдирилади.

11. Штатлар суди дахлсизлиги: Ҳар қандай даъво аризалари федерал судларда эмас, аввал ўша штатнинг судида кўриб чиқилади.

АҚШ конституциясидаги юқоридаги ўзгартириш 1794 йил 4 мартда амалга оширилган ва 1795 йил 7 февралдан кучга кирган.

12. Президент сайловларида овоз бериш тартибини ўзгартириш.

Қўшма штатлар конституциясига навбатдаги ўзгартириш 1803 йилда амалга оширилган ва у 1804 йил 15 июндан кучга кирган.

Шу ўзгартиришгача АҚШда президент ва вице-президент сайловларида штатлар аҳолиси маълум сондаги вакиллар учун овоз берган. Вакиллар эса ўзи яшайдиган штатдан кўрсатилган номзодлар учун овоз бера олишмаган. Турли штатларда аҳоли сони турлича бўлган ва аҳолиси кўп штатлар вакиллари сайловда ютиб кетмаслиги учун шу қоида жорий қилинган. Конституция ўзгартирилгандан сўнг сайлов тартиби анча ўзгарган ва ҳозирги кўринишга келган.

13. Қуллик ва қулдорликнинг бекор қилиниши

АҚШ конституциясига навбатдаги 13-ўзгартириш 1865 йилга келиб амалга оширилади ва айнан ана шу ўзгартириш маълум маънода нафақат АҚШдаги, балки дунёнинг катта қисмидаги ҳаёт тарзини ўзгартириб юборади. 13-ўзгартиришга кўра, АҚШда қулдорлик тақиқланади ва қонунларда қулларнинг озод қилиниши белгилаб қўйилади. Ушбу қонун ортидан АҚШдаги миллионлаб қуллар озод қилинади. Мамлакатга қуллар олиб келиб сотилишига барҳам берилади. Шундан сўнг Марказий ва Жанубий Америкада кўплаб давлатлар қулчилик ва қулдорликни бекор қила бошлайди. Шу тариқа Африкадан одамларни қул қилиб олиб келиш барҳам топади.

Ушбу ўзгартириш муаллифларидан бири 1861-1964 йилларда АҚШга президентлик қилган Авраам Линкольн бўлган. Ўзгартириш 1865 йил 31 январда қабул қилинган, ўша йил 6 декабрдан кучга кирган. АҚШда қуллик ва қулдорлик бекор қилиниши жараёни осон кечмаган. Ўша пайтда кўплаб қулларга эга бўлган жанублик мулкдорларнинг аксарияти қулдорлик тугатилишига қарши чиқади. Улар орасида штат губернаторлари, штатлардаги вакиллик палатаси аъзолари ва бошқа юқори мартабали мансабдорлар ҳам бўлган. Шу тариқа агар қулдорлик бекор қилинадиган бўлса жанубий штатлар Қўшма Штатлар таркибидан чиқиб ўз Конфедерациясини тузишни маълум қилади ва ўртада уруш бошланади. Беш йилга яқин вақт давом этган урушда қулдорликка қарши бўлган Шимолнинг қўли баланд келади ва АҚШда қулдорлик барҳам топади.

14. АҚШ фуқароларининг тенглиги кафолатланади ва ҳар қандай штатга бу тенгликка хавф солувчи қонун қабул қилиниши тақиқланади. Мабодо қандайдир штатда маълум бир тоифа фуқароларнинг ҳуқуқлари чекланса ўша штатнинг Вакиллар палатасидаги ўрни қисқартирилади. АҚШга қарши қўзғолонларда қатнашган инсонлар штатлар маъмуриятида ишлаши тақиқланади. Фуқароларга АҚШга душманлик кайфиятида бўлгани ёки қулларини озод қилгани билан боғлиқ йўқотишларни қоплаб бериш тақиқланади.

Ушбу ўзгартириш 1866 йил 13 июнда амалга оширилган ва у 1868 йил 9 июлда кучга кирган.

15. Қора танли собиқ қуллар ва қизил танлиларга фаол сайлаш ҳуқуқи тақдим этилади.

Конституциядаги навбатдаги ўзгартиришлар ҳам АҚШ ҳаётида муҳим бўлган ишни ўз ичига олади. Бу ўзгартириш кучга киргунча АҚШда қора танли собиқ қуллар ва қизил танлиларда сайлаш ҳуқуқи бўлмаган. У кучга киргандан сўнг улар сайлаш ҳуқуқини олган.

Бу ўзгартириш 1869 йил 26 февралда амалга оширилган ва 1870 йил 3 февралдан кучга кирган.

16. Мамлакатнинг барча ҳудудида тўғридан тўғри федерал бюджетга бориб тушадиган даромад солиғи жорий этилади.

АҚШ конституциясига навбатдаги ўзгартириш 1909 йил 12 июлда амалга оширилган ва у 1913 йил 3 февралдан кучга кирган. Ушбу ўзгартириш қабул қилингунча АҚШдаги турли штатлар йиғилган барча солиқларни ўзида қолдирган ва федерал бюджетга солиқ топширмаган. Мазкур ўзгартиришдан сўнг улар федерал бюджетга солиқ топшира бошлаган.

17. Сенат аъзоларини тўғридан тўғри сайлашни жорий қилиш.

1912 йил 13 майда амалга оширилган, 1913 йил 8 апрелдан кучга кирган.

Ушбу ўзгартириш кучга киргунча сенаторларни аҳоли эмас, балки штатларнинг қонун чиқарувчи органи сайлаган. Ўзгартиришдан сўнг Сенат аъзоларини аҳоли сайлай бошлади.

18. «Қуруқ қонун» ҳақидаги қонун қабул қилинган.

Қўшма Штатлар констуциясига навбатдаги ўзгартириш 1917 йил 18 декабрда амалга оширилган ва у 1920 йил 17 январдан кучга кирган.

«Қуруқ қонун» деб спиртли ичимликларни ишлаб чиқариш, ташиш ва сотишни тақиқлаш ҳақидаги қонунларга нисбатан айтилади. Ўша пайтда АҚШда турли сиёсий партиялар, диний ташкилотлар талаби билан мамлакатда спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш, ташиш ва сотиш тақиқланади. Бу қонун кейинчалик бекор қилинган.

19. Аёлларга фаол сайлаш ҳуқуқи бериш жорий қилинади.

АҚШ конституциясидаги бу ўзгартириш ҳам анча аҳамиятли бўлади. Демократик тамойилларга асосланган АҚШда бу ўзгартириш амалга оширилгунга қадар аёлларга сайлаш ҳуқуқи берилмаганди. Ушбу ўзгартириш 1919 йил 4 июнда амалга оширилган ва 1920 йил 17 январдан кучга кирган.

20. Президент ва Конгресснинг фаолият олиб бориш муддатлари белгиланади.

АҚШ конституциясидаги ушбу ўзгаришга қадар бу мамлакат президентлари сўнгги муддат сифатида йилнинг 4 март санасигача президент сифатида фаолият олиб борган ва Оқ уйда яшаган. Шунингдек, янги сайланган президент ҳам шу санада қасамёд қилган. 1932 йил 2 мартда амалга оширилган ва 1933 йил 23 январдан кучга кирган бу ўзгартириш билан ана шу муддат 4 мартдан 20 январга кўчирилади. Ўшандан буён муддати тугаётган президент 20 январь санасида Оқ уйни бўшатади. Энг қизиғи, конституцияда унинг Оқ уйдан чиқиб кетадиган энг сўнгги муддати сифатида аниқ вақт сифатида соат 14:00 ҳам кўрсатилган.

Шунингдек, ушбу ўзгартиришга кўра янги сайланган президент қасамёд қилгунча ўз фаолиятини давом эттира олмаслиги маълум бўлганда янги сайланган вице-президент унинг ўрнини сайловларсиз тўғридан тўғри эгаллаши белгилаб қўйилди.

21. «Қуруқ қонун» ҳақидаги 18-ўзгартириш бекор қилинади ва спиртли ичимликларни тайёрлаш, ташиш ва сотишга қайта рухсат берилади.

Бу ўзгартириш 1933 йил 20 февралда амалга оширилган ва у 1933 йил 5 декабрдан кучга кирган.

22. Бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентлик қилиши тақиқланади.

Ушбу ўзгартириш 1947 йил 24 март куни амалга оширилган ва у 1951 йил 27 февралда кучга кирган.

АҚШ тарихига назар ташланса бир шахснинг фақат икки муддат президентлик қилиши ҳақида норасмий қоида бу ўзгартиришдан аввал ҳам амалда бўлган. 1-президент Жорж Вашингтонга, у икки муддат президентлик қилганидан сўнг учинчи муддатга ҳам ўз номзодини қўйишни таклиф қилишади. Аммо у рад этади ва ўзидан кейинги президентларга ҳам икки муддатдан ортиқ президентлик қилмасликни тавсия қилади. У бир киши мамлакатни узоқ вақт бошқариши яхши оқибатларга олиб келмаслигини айтган.

Шу тариқа, Вашингтоннинг тавсияси ёзилмаган қоидага айланади ва АҚШ президенти бўлган шахслар унга оғишмай амал қилиб келишади. Фақат бир нафар президент, 1933-1945 йилларда АҚШни бошқарган Франклин Рузвельт мамлакатни икки муддатдан ортиқ бошқарган. Мамлакатни 1929-1932 йилларда юз берган иқтисодий ва молиявий инқироздан мамлакатни муваффақиятли олиб чиққани учун Франклин Рузвельтга ўз номзодини икки муддатдан ортиқ президентликка қўйишга рухсат берилади. Шу тариқа Рузвельт жами тўрт марта АҚШ президенти этиб сайланади ва тўртинчи марта сайланганидан бироз ўтиб вафот этади.

Унга вице-президент бўлган Ҳарри Трумэн Рузвельт ўрнига президент бўлади ва 1947 йилда бир шахснинг мамлакатни узоқ бошқариши демократияга зидлигини айтиб, «икки муддат» қоидасини қонун билан мустаҳкамлаб қўйишни таклиф қилади. Шундан сўнг, АҚШ конституцияга ўзгартириш киритилиб «икки муддат» қоидаси қонунан жорий қилинади.

Қизиғи шундаки, XVIII охиридан бошлаб Франклин Рузвельтгача АҚШда 30 нафар президент раҳбарлик қилган. Аммо уларнинг бирортаси мамлакатни узоқроқ бошқариш учун Жорж Вашингтондан қолган норасмий қоидани бузмаган ёки президентлик муддатини узайтиришга уринмаган ва икки муддат президентлик қилиб, ўз ўрнини навбатдаги президентга бўшатиб бераверган. АҚШ президентларининг ушбу ибратли иши кейинчалик дунё бўйлаб давлат бошқарувида эталон сифатида тан олинган.

23. Президентлик сайловларида Вашингтон шаҳри Колумбия округидан алоҳида қилиниб, бошқа штатларда бўлгандек миқдорда вакиллар бўлиши ва уларнинг сони аҳолиси энг кам штатдагидан кам бўлмаслиги белгиланади.

Ушбу ўзгартириш 1960 йил 16 июнда амалга оширилади ва у 1961 йил 29 мартдан кучга киради.

24. Солиқ тўлашдан қочувчиларни сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги қонун.

Ушбу ўзгартириш 1962 йил 14 сентябрда амалга оширилади ва у 1964 йил 23 январдан кучга киради.

25. Амалдаги президентнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилганда унинг ваколатларини вице-президентга ўтказиш тартиби белгиланади.

Ушбу ўзгартириш 1965 йил 6 июлда амалга оширилган ва у 1967 йил 23 февралдан кучга кирган. Бу тартиб ҳам қонун билан мустаҳкамлаб қўйилгунча амалда эди. Масалан, 1945 йил 12 апрелда АҚШнинг 32-президенти Франклин Рузвельт вафот этганда унинг жамоасида вице–президент бўлган Ҳарри Трумэн АҚШ президентига айланади. Бу масалада бошқа мисоллар ҳам етарлича.

26. АҚШнинг барча ҳудудида сайлаш ҳуқуқига эга бўлиш ёши 18 ёш этиб белгиланади.

Ушбу ўзгартириш 1971 йил 23 мартда амалга оширилади ва 1971 йил 1 июлдан кучга киради. Бунгача АҚШда сайлаш ҳуқуқига эга бўлиш ёши 21 ёш бўлган.

27. Сенаторлар ва вакилларнинг иш ҳақларини ўзгартириш тўғрисидаги қонун Вакиллар палатаси қайта сайлангандан сўнг кучга киради.

Ушбу ўзгартириш 1789 йил 25 сентябрда амалга оширилганига қармасдан, фақат 1992 йил 5 майда кучга киради.

АҚШ қонунларига кўра, мамлаат конституциясига киритилган ўзгартиришларни барча штатлар ратификация қилганидан сўнг улар кучга киради. Ушбу ўзгартиришни энг сўнгида Миссури ва Алабама штатлари 1992 йил 5 майда ратификация қилган ва шу тариқа 1789 йилда амалга киритилган қонун 1992 йилга келиб кучга киради.

Мавзуга оид