Жамият | 11:27 / 04.09.2020
24667
9 дақиқада ўқилади

«International Job Organization» ХБАга ишониб, алданиб қолган хоразмликлар пулини қайтариб олишда ёрдам сўрашмоқда

Хоразмлик ва қорақалпоғистонлик фуқароларнинг бир гуруҳи «International Job Organization» хусусий бандлик агентлиги билан боғлиқ масала бўйича мурожаат этиб, агентликка катта миқдорда пул беришган бўлса-да, хорижга ишга жўнатилмагани, пуллари ҳам қайтариб берилмаганидан шикоят қилишди.

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида рўйхатдан ўтган «International Job Organization» (IJO) хусусий бандлик агентлиги 2019 йилда Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида ҳам ваколатхонасини очган ва одамларни Европа ҳамда Осиё мамлакатларига ишга юборишга ваъда бериб, улар билан шартнома имзолаб, катта миқдордаги маблағларни олган. Айни пайтда фуқаролардан ҳеч ким ишга жўнатилмаган, уларнинг пуллари ҳам қайтариб берилмаган.

Мурожаатчилар номидан сўзлаган урганчлик Ғайрат Раззоқов қуйидагиларни баён қилди.

«2019 йил апрель ойида «IJO» ХБА Хоразм вилояти филиали офисига бордим. Польшага ишга кетиш учун шартнома имзоладим, дастлабки тўлов 1,6 млн сўмни ташкил қилди. Филиал раҳбари 2 ой ичида хорижга кетишимни, виза ва йўлкира билан боғлиқ барча харажатлар давлат ҳисобидан кредит орқали қопланишини, ишга жойлашиб олганимдан сўнг маошимнинг 10 фоизи ушланиб боришини айтди. Албатта бу жозибали таклиф эди», деди Раззоқов.

Аммо орадан 2 ой ўтгач ҳам фуқаролар ишга жўнатилмаган. Бунинг сабабини сўраб борганлар олдига эса янги шартлар қўйилган.

«2 ой ҳам ўтди, бироқ, хорижга кетиш ҳақида гап-сўз бўлмади. Яна офисга бордим. Шунда хорижга кетиш учун тил билиш шартлигини, бунинг учун ўқишим лозимлигини айтишди. Рус тилини яхши билишимни айтсам ҳам фойдаси бўлмади. Рус тили курсларида ўқидик, имтиҳон ҳам топширдик. Албатта бунинг учун ҳам қўшимча пул тўланди», деди Раззоқов.

Бу билан фуқароларнинг ташвиши камаймаган. Энди уларнинг олдига янгидан янги шартлар қўйилган, қўшимча тўловлар ундирилган.

«Орадан яна вақт ўтди. Бироқ, ишга кетиш ҳақида гап-сўз бўлмади. Яна офисга бордим. Бу сафар тиббий кўрикдан ўтиш лозимлигини, бунинг учун Жиззахдаги клиникага бориш кераклигини айтишди. Катта миқдорда харажат қилиб, у ерга бордим. Кўпчилик қатори 400 минг сўм тўлаб, тиббий кўрикдан ўтдим. Бироз вақт ўтгач, виза харажатлари учун ҳам пул тўлаш шартлиги айтилди. 3,8 млн сўм тўладим. Натижада, умумий ҳисобда «IJO» ХБАга 10 млн сўм харажат қилдим», деди Раззоқов.

Вақт беҳуда ўтавергач, фуқароларнинг сабр косаси тўлиб, ё ишга жўнатишни ёки пулларни қайтаришни талаб қилишни бошлашган.

«Ҳафсалам пир бўлиб, пулимни қайтаришларини талаб қилиб, яна офисга бордим. Бошқа фуқаролар ҳам келиб, шундай қилишаётганини кўрдим. Аммо ҳар хил баҳоналар билан бизни тинчлантиришди. Бир неча кундан кейин Тошкентдан «IJO» ХБА раҳбари келиб, «тантанали» йиғилиш ўтказди. Баландпарвоз гаплар айтилди, катта ваъдалар берилди, яна ишондик, тинчландик», деди Раззоқов.

Бу орада ташкилот фуқароларга янада «қулай ва фойдали» таклифларни бера бошлаган. Албатта қўшимча тўловлар эвазига.

«Бу сафар янги гап чиқаришди. Имтиҳонсиз, ҳеч қандай синовсиз, зудлик билан хорижга кетиш учун 45 млн сўм пул тўлаш кераклигини айтишди. Узоғи билан 2 ой ичида Германияга кетишимизни ваъда қилишди. Немис тилида ёзилган қандайдир қоғозлар, реклама буклетлари, «таклифнома»ларни кўрсатишди. Қизиғи шундаки, қоғозлардаги баъзи ёзувлар қора сиёҳ билан бўялган эди. Буни рақамларнинг сир тутилиши билан изоҳлашди», деди Раззоқов.

2020 йил февраль ойида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, «IJO» ХБА Сурхондарё вилояти филиали раҳбари Ш.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Шунингдек, «IJO» ХБА Хоразм ва Андижон филиалларидаги фирибгарликлар фош этилгани ҳақида ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Шундан сўнг, фуқаролар яна хавотирга тушиб, «IJO» ХБА Хоразм офисига боришган. Аммо улар бу хабарларга эътибор бермасликни, лицензия тўхтатилмаганини, иш давом этаётганини маълум қилишган.

«Вақт ўтаверди, ҳеч ким бизни ишга жўнатмади. Яна пулимни сўраб бордим. Улар эса иш давом этаётганини таъкидлашди, катта раҳбарлар билан бирга тушган суратларини кўрсатишди. Ҳисобимизда 4,5 миллиард сўм турибди, агар сизларни ишга юбора олмасак, шу пуллар ҳисобидан фоизи билан қайтариб берамиз, деб айтишди. Бизни яна қайтариб юборишди», деди Раззоқов.

Аммо якунда ташкилот раҳбарлари пул йўқлигини тан олишган ва пулларни қайтариб олиш учун ариза ёзиш зарурлигини таъкидлашган.

«Пулимни талаб қилиб, офисга тинмасдан бораверганимдан кейин, охир-оқибатда ҳисоб-рақамимизда пул қолмади деб айтишди. Пулни қайтариб олиш учун ариза ёзишни таклиф қилишди. Аммо янги мижозлар пул тўласа, ҳисоб-рақамга пул тушса, шундагина қайтариб олишимиз мумкинлиги айтилди. Аризаларни почта орқали жўнатинг, деб манзилни беришди. Аммо жўнатган хатларимиз «бундай манзил йўқ» деган сабаб билан яна ўзимизга қайтиб келди», деди Раззақов.

Урганч туманида яшовчи Жуманазар Матмуратов Германияга ишга кетиш учун «IJO» ХБА билан шартнома имзолаб, 45 млн сўм ўтказиб берган.

«Германияга ишга кетиш учун «IJO» ХБА билан шартнома имзолаб, 45 млн сўм ўтказиб берганман. Афсуски шу кунгача натижа бўлмади, уларга алданиб қолдим. Узоғи билан 4 ой ичида ишга кетасизлар деб ишонтиришди. Аммо вақт ўтаверди, ҳеч қаерга ишга юборилмадик.

Бу орада ўқиш ва тиббий кўрик масаласи чиқди. Ўқидик, тиббий кўрикдан ўтдик, бунинг учун қўшимча пул тўладик. 2019 йил 25 ноябргача Германияга кетасизлар деб ишонтиришди. Немисча ёзилган қандайдир қоғозларни кўрсатишди. Ноябрь ҳам ўтди, аммо ишга юборилмадик. Пулларни қарзга олган эдик. Танишлар Россияга ишга чақиришди, аммо буларга ишониб, кетолмай қолдик. Кетманглар, ўзимиз ишга юборамиз, деб ишонтиришган эди. Ҳеч қаерга шикоят ва мурожаат қилманглар, деб айтишди», дейди Матмуратов.

Урганч туманида яшовчи Раҳматулла Атажанов хорижга ишга кетиш учун «IJO» ХБА билан шартнома имзолаб, умумий ҳисобда 9,4 млн сўм ўтказиб берган.

«2019 йил май ойида кредит асосида Польша, Чехия ёки Германияга ишга кетиш учун шартнома имзоладим. Дастлабки тўлов 4,8 млн сўм бўлди. Аммо кейинчалик виза харажатлари, рус тили курсини ўқиш, имтиҳон топшириш, тиббий кўрикдан ўтиш учун ҳам пул тўладик. Харажатларим 9,4 млн сўмга етди. Бироқ, мана 1,5 йил бўлди иш ҳам, пул ҳам йўқ. Буларга ишониб, уйда ишсиз қолиб кетдик», деди Атажанов.

«International Job Organization» ХБА билан шартнома имзолаб, пул ўтказиб берган қуйидаги фуқаролар мурожаатга имзо чекишган: Шокир Абдуллаев (Урганч шаҳри, 9000 АҚШ доллари ва 400 минг сўм), Отабек Адилбеков (Урганч тумани, 45,4 миллион сўм), Зафар Юсупов (Қорақалпоғистон Республикаси, Беруний тумани, 45,6 миллион сўм), Муҳаммад Абдуллаев (Урганч шаҳри, 45,6 миллион сўм), Жуманазар Матмуратов (Урганч тумани, 45,4 миллион сўм), Суҳроб Қадамов (Урганч шаҳри, 45,4 миллион сўм), Муҳаммад Юсупов (Урганч шаҳри, 45,4 миллион сўм), Баҳром Бабажанов (Урганч шаҳри, 45,4 миллион сўм), Санатбек Ниязметов (Урганч шаҳри, 45,4 миллион сўм), Қутлимурат Жаббарганов (Урганч тумани, 45,4 миллион сўм), Ғайрат Раззоқов (Урганч тумани, 10 миллион сўм), Ҳусниддин Салаев (Гурлан тумани, 45,4 миллион сўм), Шуҳрат Матяқубов (Гурлан тумани, 45,4 миллион сўм), Азизбек Дўсчанов (Урганч тумани, 4,8 миллион сўм), Мақсуд Нариманов (Гурлан тумани, 46,7 миллион сўм), Раҳматулла Атажанов (Урганч тумани, 9,4 миллион сўм).

Мурожаатчилар йиллар давомида меҳнат қилиб, топган пулларини, таниш-билишлардан қарз сифатида олган маблағларни «International Job Organization» ХБАга ўтказиб беришганини, шунингдек, автомашиналарини ва бошқа қимматли буюмларини сотиб, шартнома пулларини тўлаганларини айтишмоқда. Улар ҳукуматдан, ҳуқуқ-тартибот идораларидан амалий ёрдам кутишяпти.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг август ойида «International Job Organization – xususiy bandlik agentligi» раҳбари қамоққа олингани ҳақида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берган эди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид