«Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди
Қонуннинг мақсади телекоммуникациялар соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек “Алоқа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги 822-I-сонли Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланади.
“Телекоммуникациялар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилиниши муносабати билан моддалари амалда ўз кучини ва долзарблигини йўқотган, амалда бўлган бандлари тегишлилигича “Радиочастота спектри тўғрисида”ги, “Почта алоқаси тўғрисида”ги ҳамда мазкур “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги қонунларда ўз аксини топган “Алоқа тўғрисида”ги қонун бекор қилинади.
“Телекоммуникациялар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикасида телекоммуникациялар тармоқлари оммавий ёки хусусий мулкда бўлиши мумкин.
Телекоммуникациялар тармоқларининг барча мулкдорлари тенг ҳуқуқларга эга ва қонунда кафолатланган тенг ҳимоядан фойдаланадилар.
Телекоммуникациялар иншоотлари ва ускуналаридан фойдаланиш, уларни сақлаш, қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш бўйича ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун оператор ва провайдерларга “Ер кодекси”га мувофиқ ҳуқуқ асосида берилган ерлар телекоммуникациялар тармоқларининг ерлари ҳисобланади.
Телекоммуникациялар фаолиятини таъминлаш учун ерлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.
Телекоммуникацияларнинг кабел, радиореле ва ҳаво тармоқларидан фойдаланишни таъминлаш мақсадида муҳофаза тегралари белгиланади.
Муҳофаза теграларини ўрнатиш тартиби, уларнинг ўлчамлари, мазкур мақсадлар учун ажратилган ерлардан фойдаланиш режими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Телекоммуникациялар тармоқлари белгиланган мақсадига кўра умумий фойдаланишдаги, идоравий ва ажратилган телекоммуникациялар тармоқларига бўлинади.
Телекоммуникациялар хизматлари кўрсатишнинг ягона принциплари, уларни тақдим этиш ва ҳақ тўлашнинг тартиби асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган телекоммуникациялар тармоғи умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқларига киради. Умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоғида телекоммуникациялар хизматлари кўрсатиш қоидалари телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг ишлаб чиқариш ва махсус эҳтиёжлари учун мўлжалланган, уларнинг ихтиёрида бўлган ва улар томонидан фойдаланиладиган телекоммуникациялар тармоқлари идоравий телекоммуникациялар тармоқларига киради. Идоравий телекоммуникациялар тармоқлари бошқа фойдаланувчиларга телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш учун ҳам ишлатилиши мумкин.
Ажратилган телекоммуникациялар тармоқлари жумласига фойдаланувчиларнинг муайян доирасига хизматлар кўрсатиш учун юридик шахсларнинг тижорат мақсадларида яратган телекоммуникациялар тармоқлари киради.
Идоравий ва ажратилган телекоммуникациялар тармоқларининг операторлари томонидан хизматлар кўрсатиш қоидалари ушбу телекоммуникацияларнинг операторлари ёки провайдерлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Оператор ва провайдерлари ўзаро тижорий келишув асосида ва қонун ҳужжатларига мувофиқ актив ва пассив телекоммуникациялар инфратузилмасидан, алоқа каналларидан ва/ёки радиочастота спектридан биргаликда фойдаланишлари мумкин.
Телекоммуникациялар соҳасида давлат томонидан тартибга солиш лицензиялаш, сертификатлаш, солиққа тортиш, илмий-техник сиёсатни шакллантириш йўли билан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа воситалар орқали амалга оширилади.
Телекоммуникациялар соҳасида давлат томонидан бошқарув телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
Телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган:
телекоммуникациялар соҳасида давлат сиёсатини юритади;
телекоммуникацияларни ривожлантириш миллий дастурларини ишлаб чиқади;
телекоммуникациялар соҳасида стандартлар, нормалар, қоидалар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади;
юридик шахсларнинг телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш ва рухсат беришни амалга оширади;
телекоммуникациялар хизматларининг айрим турлари, шунингдек тармоқлараро уланишлар тарифларини тартибга солади;
операторлар ва провайдерларнинг фаолият кўрсатиши учун тенг ва адолатли рақобат муҳитини таъминланишига кўмаклашади;
телекоммуникациялар техник воситаларининг сертификатланишига доир ишларни ташкил этади;
эркин рақобат асосидаги телекоммуникациялар хизматлари бозорини шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашади;
операторлар ва провайдерларнинг телекоммуникациялар тармоқларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;
фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, операторлар, провайдерлар ва фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар масалаларини кўриб чиқади;
телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш тизимини ишлаб чиқади ва рақамлаш режасини бошқаришни амалга оширади;
Интернет тармоғи миллий сегментининг манзил майдонидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, домен номлари тизимини белгилайди;
телекоммуникациялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлайди;
давлат бошқаруви органлари, операторлар ва провайдерларнинг телекоммуникациялар тармоқлари ва хизматларини ривожлантириш масалаларига доир фаолиятини мувофиқлаштиради;
тегишли органлар билан ҳамкорликда тармоққа рухсатсиз уланиш ва трафикни ўтказишда ўрнатилган ҳимоя чораларини айланиб ўтиш устидан назорат ўрнатади;
соҳадаги инсон капиталини яратиш ва ривожлантиришни ташкил этади;
телекоммуникациялар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади;
давлат бошқаруви соҳасида замонавий телекоммуникациялар тармоқларини жорий этиш, ривожлантириш ва улардан самарали фойдаланиш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга интерактив давлат хизматлари кўрсатиш тизимини шакллантириш масалалари бўйича таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқади;
телекоммуникациялар соҳасида атамалар ва таърифларни белгилаш ҳамда уларни тасдиқлаш. Вазирлик ва идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда тасдиқланган атамаларга риоя қилишлари лозим;
қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли органнинг ўз ваколати доирасида қабул қилган норматив ҳужжатлари талаблари барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Мавзуга оид
12:12 / 03.12.2024
Фавқулодда вазиятларда телекоммуникация тармоқларини бошқариш қоидалари тасдиқланди
16:16 / 29.11.2024
«Темирйўл транспорти тўғрисида»ги қонун имзоланди
11:50 / 20.11.2024
Президент: 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин
17:35 / 18.11.2024