Ўзбекистон | 15:26 / 14.09.2020
8349
2 дақиқада ўқилади

90 нафар абитуриент тана ҳарорати юқорилиги учун имтиҳонга киритилмаган. Улар 17 сентябрь куни тест топшириши мумкин

Бугун, 14 сентябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов ОТМларга кириш имтиҳонлари якунларига оид статистик маълумотларни маълум қилди.

«Кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан бошлаб, 13 сентябргача давом этди. Тест синовларида иштирок этиши белгиланган 1 миллион 304 минг 194 нафар абитуриентдан 1 миллион 240 минг 614 нафари, яъни 95,1 фоизи иштирок этди.

63 минг 580 нафар, яъни 4,9 фоиз абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларида иштирок этмади.

Жами 1 187 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларидан четлатилди. Шундан 548 нафари ҳудудга киришда, 639 нафари эса тест синови жараёнида имтиҳондан четлатилган», дея маълумот берди Сардор Ражабов.

Унинг қайд этишича, 367 нафар абитуриент телефон олиб киришга урингани, 48 нафари шпаргалка олиб кирмоқчи бўлгани, 118 нафари бошқа абитуриент ўрнига киришга ҳаракат қилгани, 10 нафари ҳужжат сохталаштиргани учун четлатилган.

Тест жараёнида эса 491 нафар абитуриент телефондан фойдалангани, 68 нафари шпаргалкадан фойдалангани, 27 нафари бошқа абитуриент ўрнига киргани аниқланган.

Шунингдек, 90 нафар абитуриентнинг тана ҳарорати юқори бўлгани учун тест синовларига киритилмаган. Улар учун 17 сентябрь куни тест ташкиллаштириш режалаштирилмоқда. 

Мавзуга оид