Макрон нимани кўзламоқда: пилиги пасаймаётган Ўрта ер денгизи можаросига назар
Франция президенти Эммануэль Макрон Ўрта ер денгизида очиқчасига Туркияга қарши сиёсат юритиш баробарида ўз чиқишлари билан «таҳдид остида бўлган Европа»нинг янги етакчиси бўлишга интилмоқда.
Европа истиқболлари ва хавфсизлиги институти (IPSE) президенти Эммануэль Дюпюининг сўзларига кўра, Макрон Ўрта ер денгизида «янги Европа ҳикоясини яратиш»га уринмоқда. Унинг Байрутдаги портлашдан сўнг Ливанга қилган ташрифи ҳам Ўрта ер денгизи кун тартибига бурилиш нуқтаси – янги «Франция ҳикояси» сифатида кирмоқда.
Хўш, НАТО альянсида АҚШ ва Британиядан кейинги учинчи ядро кучига эга бўлган ва Европа Иттифоқида Германиядан кейин иккинчи йирик иқтисодий салоҳиятга эга бўлган Франция Ғарб мудофаасида «флагман» ролини ўйнай оладими?
Истанбулдаги Едитепе университети профессори, ҳуқуқ фанлари доктори Месут Ҳаққи Жасин «Анадўлу» агентлигида эълон қилинган мақоласида Ўрта ер денгизида Туркия ва Франция ўртасида юзага келган зиддият тафсилотлари ҳақида ёзди.
Франция иқтисодиётидаги пандемик ҳалокат
Францияда иқтисодиёт 2020 йилнинг биринчи чорагида 5,3 фоизга қисқарди. Эпидемия туфайли ишдан бўшатиш ҳолатлари ортди. Миллиардлаб евролик ёрдам кўрсатилишига қарамай, айниқса, авиация ва автомобилсозлик соҳасида ўн минглаб хизматчилар ишдан бўшатилиши эълон қилинди. Биргина Airbus компаниясининг ўзи коронавирус эпидемияси оқибатида 2021 йилнинг ёзига қадар жами 15 минг, компаниянинг Франциядаги фаолиятидан эса 5 минг ходим ишдан бўшатилишини маълум қилди. Air France-KLM ҳам улкан миқёсли қисқартиришларга тайёрланмоқда. Компания 2022 йил охирига қадар 7 минг 500 нафар ишчисидан воз кечиши ҳақида хабар берди. Суб-саноатда эълон қилинган иш ўринларини қисқартириш эса Air France ва Airbus’дагидан ҳам анча кўп.
Ҳарбий куч параметрлари нуқтайи назаридан таҳлил қилинса, 2019 йилдаги НАТО иттифоқдош армияларининг куч салоҳиятига кўра, АҚШнинг мудофаа бюджети 686,1 миллиард доллар ва 1 миллион 281 минг 900 фаол ходимдан иборат. Париж мудофааси бюджети эса 50,1 миллиард долларни ташкил қилади, фаол ҳарбий хизматчилар сони 203 минг 750 нафар.
Макрон: «НАТОда мия фалажи содир бўлди»
Франция президенти Эммануэль Макрон НАТОнинг вазифаси ва аҳамиятини шубҳа остига қўювчи баёнотлар берди ва унга иттифоқ аъзолари томонидан муносабат билдирилди. АҚШнинг эпидемияга қарши кураши ва президентлик сайловларини нотўғри ўқиган Макроннинг «НАТОда мия ўлими содир бўлди» деган баёнотига Дональд Трамп «ҳурматсизларча» жавоб қайтарди. Макроннинг «АҚШ, Хитой ва Россиядан ҳимояланиш учун Европа ўз армиясини тузиши кераклиги» ҳақидаги таклифини ҳам Трамп «жуда шармандали» деб таърифлади.
«Биринчи ва Иккинчи Жаҳон урушларида Германия бор эди. Хўш, бу Франция нуқтайи назаридан қандай аҳамиятга эга бўлди? АҚШ ҳарбийлари етиб келгунига қадар Парижда немис тилини ўрганишни бошлаб юборишганди», деди у.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған эса Макрон «аввало, ўз мияси ўлимини бир текширтириб олиши кераклиги»ни айтди.
Аслида, Макрон Кремлнинг нутқларига танқидий ёндашиш пардаси остида НАТОни заифлаштиришда етакчи рол ўйнамоқда. Шу нуқтайи назардан, Франциянинг Ўрта ер денгизининг шарқий қисмига ҳарбий кемаларини юбориши ортида ҳам турли ҳисоблар бор, дейиш мумкин. Аммо уларнинг энг муҳими - Франциянинг НАТОни четлаб ўтиш ва Европа армиясини фаоллаштириш орзусидир. Бошқача қилиб айтганда, Франция PESCO, яъни НАТОдан мустақил бўлган Европа армиясини ташкил этишни талаб қилмоқда.
Франциянинг Ливия бўйича сиёсати
«Араб баҳори» тўлқини Муаммар Қаззофийга қарши ҳаракат учун Францияга жуда яхши бир баҳона топиб берганди. Африка шимолида жойлашган ва нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилотига (ОPEC) аъзо бўлган Жазоир билан ғарбда чегарадош бўлган Ливия 11 миллион 760 минг квадрат километр майдон билан дунёда 16-ўринда туради. Бу давлат Африкада кашф этилган энг кўп газ захираларига эга. 1973 йилги Араб-Исроил урушидан сўнг АҚШга нефть экспорти эмбаргосини ўрнатган Ливия Франциянинг «Total» нефть компанияси билан 1974 йилда келишувга эришган.
Ливия иши Франсуа Олланд даврида 2015 йилда Парижда содир бўлган террористик ҳаракатлар таъсирида қайтадан очилди. Париж учун Ливиядаги беқарорлик икки жиҳатдан таҳдид туғдираётганди:
1. Ўрта ер денгизи орқали Европага йўналадиган иммиграция оқими;
2. Франция стратегик манфаатларига эга бўлган Соҳил ҳавзаси (Сенегал, Мавритания, Мали, Нигер, Чад, Судан) хавфсизлиги.
Франция шунинг учун Ливияда ўзига қўнимгоҳ излай бошлади. Саркози ҳукумати 2011 йилда НАТО ва БМТнинг якуний қарорини олмай туриб, Ливия раҳбари Муаммар Қаззофийни ағдариш бўйича ҳарбий операцияни бошлаб юборди. Бу эса АҚШга хуш келмади.
Аслида, 2007 йил декабрь ойида Парижда қирмизи гиламлар ва бадавий чодирлари билан кутиб олинган, якунда ядровий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаган Қаззофийга қарши Саркози томонидан ҳарбий куч ишлатилиши ажабланарли ҳол эмас эди.
Ливия разведкасининг ўша вақтдаги бошлиғи Абдулла эс-Сенусийнинг айтишича, Саркози Муаммар Қаззофийдан сайлов кампанияси учун 8 миллион доллар олган. Таъкидлаш жоизки, дипломатик жараённи кесиш йўли билан Саркози томонидан бошланган ҳарбий операция Суриядагига ўхшаш гуманитар фалокатни келтириб чиқарди ва Ливиянинг бўлинишига олиб келди.
Франция Украина инқирози туфайли Россия учун мўлжалланган «Мистрал» типидаги вертолёт ташувчи кемаларини етказиб бермади. «Владивосток» ва «Севастопол» номли кемалар савдоси НАТО ва АҚШнинг қаршиликлари туфайли бекор қилинди ва улар Мисрга сотилди. Франция эса шартномани бажармагани учун Россияга 1,2 миллиард доллар миқдорида товон пули тўлашга мажбур бўлди. Россиянинг Болтиқ ва Қора денгиз флотига қўшилиши керак бўлган ушбу кемалар масаласида ҳамкорлик қилган Франция Туркия Россиядан С-400 зенит-ракетали мажмуаларини олишига ҳам қарши чиқди.
Франциянинг етакчилик иддаоси
Макрон 2017 йилда президент этиб сайлангач, Ливияни Франция дипломатиясининг устувор мавзуларидан бирига айлантирди. Ҳа, Макрон ўзини Европанинг янги етакчиси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда у Ливия, Ливан, Кипр ва Ўрта ер денгизи воқеаларини имкониятга айлантириш учун зўр бермоқда.
Кўриниб турибдики, Франция президенти маъмурияти Европа Иттифоқи таркибидаги ягона ядровий ҳарбий операция кучини ва Африка-Яқин Шарқ-Ўрта ер денгизида ҳарбий қудратини намойиш этишни мақсад қилмоқда. У брекситдан кейин ёлғиз қолган Берлин билан рақобатда қурол сектори ва ҳарбий салоҳиятини кўрсатиш орқали устунликни сақламоқчи.
Франция аста-секин қурол-яроғ бозорини кенгайтиришга қаратилган ўз саъй-ҳаракатларини Миср каби минтақавий ўйинчилар, шунингдек, БАА ва Саудия Арабистони каби минтақавий бўлмаган иттифоқчилар билан кенгайтирмоқда. Аслида, Ливиядаги қонуний ҳукуматга қарши курашган генерал Ҳафтарга ёрдам бераётган БАА ҳамда 2013 йилда Мисрда тўнтариш орқали ҳокимиятни ўз қўлига олган генерал Сиси бошчилигидаги Миср – дунёда қурол экспорти бўйича АҚШ ва Россиядан кейинги ўринда турувчи Франциянинг энг йирик мижозларидандир.
Макрон Ўрта ер денгизи шарқида ЕИ эҳтиёж туядиган энергия манбаларига EASTMED лойиҳаси орқали эга бўлишни, Ливиянинг нефть конлари ва сланец газ манбаларини француз энергетика компаниялари воситасида назорати остига олишни, бу доирада Сирт кўрфази ва Ливия портларини текшириш билан Африка қитъасида пасайиб бораётган таъсирини сақлаб қолишни мақсад қилмоқда. Шу йўлда Ҳафтар ва Сурия мисолида кўрингани каби YPG (Халқни ҳимоя қилиш бўлинмалари – Сурияда ташкил этилган ва фаолият юритаётган Курдлар Олий қўмитасига алоқадор қуролли ташкилот – таҳр.), Курдистон ишчилар партияси (Туркиянинг шарқий ва жануби-шарқий қисми, Ироқнинг шимоли, Суриянинг шимоли-шарқи ва Эроннинг шимоли-ғарбий қисмини қамраб оладиган давлат ташкил этишни мақсад қилган айирмачи ташкилот – таҳр.) каби ижрочилар билан ҳамкорлик қилишдан ҳам тоймаяпти. Мушкул аҳволга тушиб қолганда эса Европа Иттифоқини ҳам ўйинга қўшишга ҳаракат қилмоқда.
Айни пайтда анча хавфли ёндашув билан Европа Иттифоқи аъзоси Греция ва Кипр маъмуриятини қуроллантирган Макрон минтақадаги кескинликни доимий равишда кучайтирмоқда. Макрон ушбу ёндашувларнинг барчасида Туркияни ҳужум қилувчи томон сифатида айбламоқда.
Ўрта ер денгизида Туркия-Франция рақобати
Франция НАТОнинг ҳарбий қанотига қайтганидан бери Болқон ярим ороли, Яқин Шарқ ва Қора денгиз-Ўрта ер денгизи минтақаси ва Кавказда Туркиянинг геосиёсий кучини заифлаштиришга уринмоқда. Айтиш жоизки, 2008 йилги Россия-Грузия уруши даврида бош вазир лавозимида бўлган Эрдўған томонидан ташаббуснинг қўлга олиниши ва мулоқот йўли билан масалани ҳал этишда Франция президенти Саркозини сояда қолдириб, Россия президенти ва бош вазири билан Москвада воситачилик миссиясини амалга ошириши, шунингдек, Грузияга ташрифидан сўнг Тбилисига шошилинч равишда иқтисодий-гуманитар ёрдам юбориши Парижнинг ғашига тегади.
Туркиянинг Европа Иттифоқи аъзолигига номзодлиги расман эълон қилинган 1999 йилдан бошлаб, француз сиёсатчилари ва давлат арбоблари бу аъзолик истиқболлари тўғрисида аниқ баёнотлар беришдан қочишди. 2007-2012 йилларда Николья Саркози президентлиги даврида Франциядан бу борада ҳеч қандай ёрдам бўлмади.
Эрдўған Эммануэль Макроннинг таклифига биноан, 2018 йил 5 январь куни Францияга йилнинг биринчи расмий ташрифини амалга оширди. Эрдўған-Макрон музокаралари чоғида Туркия номидан имзоланган учта муҳим битимдан бири ASELSAN ва ROKETSAN’нинг Франция-Италия консорциумини ўз ичига олган EUROSAI билан 18 ой давом этадиган ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими бўйича келишуви бўлди. Қолган икки шартнома доирасида Airbus ва Turkish Airlines ўртасида 25 дона А350-900 самолётларини сотиб олиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди, шунингдек, Turk Eximbank ва BPI France Assurance Export ўртасида ўзаро суғурта шартномаси имзоланди. Бироқ Парижнинг жараённи ноаниқликда давом эттириш сиёсати Эрдўған-Макрон учрашувидан кейинги жараённи салбий йўналишга бура бошлади.
Макрон 2018 йилда Франция элчилари конференциясида сўзлаган нутқида Эрдўғаннинг сиёсатини «панисломий» ва «Европага қарши» сиёсат деб таърифлади. Француз матбуоти Туркия Ўрта Ер денгизидаги мувозанатни Ливия фуқаролар урушидаги муваффақияти натижасида Россия билан ҳамкорликда ўзгартиргани, ҳарбий базаларга эга бўлиб олгани, ҳарбий, дипломатик, тижорий ва стратегик платформалардаги ўйинни бузгани ҳақида ёзди. Шунингдек, Франция матбуоти ўзгариб бораётган Туркия баланси Ливия ҳамда Франциянинг Ҳафтарни қўллаб-қувватловчи стратегик ҳисоб-китобларини бузганини ҳам таъкидлади.
Эрдўған, Макрон, Ангела Меркель ва Борис Жонсон иштирок этган Лондонда Сурия масаласи бўйича ўтказилган тўрт томонлама саммитда Сурия ва Ливиядаги вазият муҳокама қилинди. Эрдўған Европа раҳбарларини Сурияда хавфсиз зона ташкил этиш ва қочқинларни қайтариш бўйича биргаликда ишлашга чақирди. Франция эса Туркиянинг Ливияда тинчлик ва барқарорликка тўсиқ бўлаётганини айтди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ушбу айбловларга нисбатан шундай муносабат билдирди: «Мамлакатимизнинг Ливияга нисбатан даъволари Франциянинг Ливияга нисбатан мавҳум ва тушунарсиз сиёсатининг янги кўрсаткичидир. Мамлакатимиз қонуний ҳукуматнинг ёнида, Франция эса БМТ ва НАТО қарорларига зид равишда исёнчи ва ноқонуний шахснинг ёнида турибди».
Франциянинг «Courbet» кемаси 2020 йил 10 июнь куни Ўрта ер денгизида Ливияга қурол олиб борганликда гумон қилинган Танзания байроғи остида сузган кемани топмоқчи бўлди, аммо туркларнинг икки фрегати томонидан таъқиб қилинганини айтиб, НАТОга шикоят билан мурожаат қилди. Франциянинг бу шикояти НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг кўрсатмаси билан ўрганиб чиқилди. 130 саҳифалик ҳисоботда эса Туркия ҳарбий кемалари французларни таъқиб қилмагани билдирилди. Бунга муносабат ўлароқ, Франция НАТОга яна бир хат жўнатди ва Ўрта ер денгиздаги Sea Guardian миссиясидан вақтинча чекинди.
Макрон Туркиянинг «Oruç Reis» кемаси Ўрта ер денгизида нефть қидириш ишларини олиб борганига кескин муносабат билдирди ва Туркиянинг ушбу қадами туфайли минтақадаги ҳарбий кучлар сони вақтинча оширилишини айтди. Макроннинг ушбу баёнотидан сўнг «Lafayette» номли француз фрегати иккита Rafale ҳарбий самолётлари ҳамроҳлигида Ўрта ер денгизининг шарқий қисмига жўнатилди. Самолётлар Крит оролига вақтинча жойлаштирилди.
Макрон Туркиядан минтақада углеводород қидириш ишларини тўхтатишни сўради. У Ўрта ер денгизида Туркияга қарши «қизил чизиқ сиёсати» юритишини маълум қилди. Шунингдек, у Ўрта ер денгизи билан боғлиқ воқеаларни «бузғунчилик» деб тавсифлади. Туркияни Европа Иттифоқининг икки аъзосининг эксклюзив иқтисодий зонаси ва суверен ҳуқуқларига «ҳужум» қилганликда айблади. Шу билан бирга, Туркияни Ироқ масаласида ҳам танқид қилди. Ироқда ўтган йили рўй берган воқеаларда Эрон ва Туркиянинг таъсири катта экани ҳақида гапирди.
Сўнгги кунларда Макрон Туркияни «империя хаёли» билан яшаётганликда айбламоқда. Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли бунга жавоб қайтарди. «Юнонистонни энг кўп гижгижлайдиган мамлакат – бу Франция. Франциянинг бошқа бир дарди бор. Йўқса, унинг Ўрта ер денгизи шарқи билан нима алоқаси бор?» деди у.
Икки давлат ўртасидаги муносабат жуда муҳим
Иккинчи чоракда Франция иқтисодиёти 13,8 фоизга қисқарди. Эълон қилинган 100 миллиард евролик иқтисодий қўллаб-қувватлаш режаси қанчалик иш бериши ҳали аниқ эмас. Бундай вазиятда ички сиёсатда очко тўплаши жуда қийин бўлган Макрон ташқи сиёсатга эътиборини қаратмоқда. Сўнгги сўровномалар шуни кўрсатадики, унинг машҳурлик даражаси 39 фоизгача пасайган. Бироқ коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари рекорд даражага етган Францияда агар ижтимоий инқироз оғирлашиб, иқтисодий қўллаб-қувватлаш тўплами кутилган натижаларни бермаса, халқаро майдонда «ҳар тошнинг тагидан чиқиб келиш» ёндашуви Макроннинг зарарига ишлаши аниқ.
Франция Грецияга қиймати 2-2,5 миллиард еврони ташкил этадиган энг замонавий иккита фрегатни сотишни режалаштирмоқда. Париж, шунингдек, Rafale русумли 18та самолётни Грецияга сотмоқчи. MBDA ракета тизимлари расмийлари ҳам Греция расмийлари билан алоқада. Ушбу ракеталар Греция ҳаво кучларига тегишли Mirage 2000 қирувчи самолётларини модернизация қилишда ишлатилиши мумкин.
«Бизнинг турк миллати билан эмас, Эрдўған билан муаммомиз бор», демоқда Макрон.
Ташқи сиёсий оғишларга қарамай, Франция ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг стратегик аҳамиятига эътибор қаратиш лозим. 2019 йилга келиб, Париж ва Анқара ўртасидаги савдо ҳажми 14,6 миллиард долларни, Туркиянинг Францияга экспорти 8,7 миллиард долларни, Франциядан импорт ҳажми эса 5,9 миллиард долларни ташкил этди.
Стратегик нуқтайи назардан, НАТОнинг ушбу икки муҳим аъзоси ўртасидаги сунъий зиддият ўрта муддатли истиқболда яхшиланиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
20:48 / 25.12.2024
Эрдўған Суриядаги курд қуролли гуруҳларини «дафн этиш»га ваъда берди
17:38 / 24.12.2024
Туркияда портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи заводда портлаш содир бўлди
00:45 / 23.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
14:42 / 21.12.2024