Ўзбекистон | 08:12 / 18.09.2020
11330
2 дақиқада ўқилади

«Ўздавтемирйўлназорат» давлат инспекцияси собиқ бошлиғи Баҳодир Юсупов вафот этди 

«Ўздавтемирйўлназорат» давлат инспекциясининг собиқ бошлиғи Баҳодир Юсупов 75 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» хабар берди.

Баҳодир Юсупов 1945 йил 22 июнда таваллуд топган. 1968 йилда Тошкент темир йўл муҳандислари институтини тамомлаган. Илк меҳнат фаолиятини Ўрта Осиё темир йўли Тошкент тепловоз заводининг оддий ишчиси сифатида бошлаб, тизим тасарруфидаги қатор корхона ва ташкилотларда турли лавозимларда, шу жумладан, муовин ва кейинчалик раҳбарлик лавозимларида ҳалол меҳнат қилди. 

Шунингдек, мустақиллик йилларида Ўзбекистон темир йўллари бошқармасида бошқарув раисининг ўринбосари, сўнг биринчи ўринбосари-бош муҳандис лавозимларида самарали фаолият юритди.

Б.Юсупов «Мустақиллик», «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 10 йиллиги» эсдалик нишонлари, «Фахрий темирйўлчи» белгиси ҳамда «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган транспорт ходими» фахрий унвонларига сазовор бўлган.

«Меҳнат фаолияти давомида темир йўл тизимини ривожлантиришда ва соҳани улкан ютуқларга эришиш йўлида бутун умрини бахшида этди.

Ўз касбининг фидойиси, фахрий темирйўлчи, ташкилотчи раҳбар Баҳодир Юсуповнинг вафоти муносабати билан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ марҳумнинг оила аъзоларига ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», - дейилади хабарда.

Мавзуга оид