Жаҳон | 19:11 / 18.09.2020
11866
2 дақиқада ўқилади

Трамп Ассанжни афв этиш учун шартини айтди

Ассанж 2016 йил октябрда АҚШдаги президент сайлови билан боғлиқ махфий маълумотларни ҳафтада бир марта чоп этишга ваъда берганди.

Фото: Simon Dawson / Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж демократик партия серверларида сақланган мактублар матнини кимдан олганлигини маълум қиладиган бўлса, уни афв этиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Ассанжнинг адвокатига асосланиб Reuters хабар бермоқда.

 2016 йилда демократик партия серверларининг бузилиши ва улардаги ёпиқ маълумотларнинг чоп этилиши Хиллари Клинтоннинг сайловолди кампаниясига салбий таъсир қилган омиллардан бири бўлганди. Клинтоннинг ўзи маълумотлар сизиб чиқишини мағлубиятининг асосий сабабларидан бири бўлганлигини айтган ва серверлар бузилганлиги учун жавобгарликни «россиялик хакерлар»га юклаганди. 

 Ассанж 2016 йил октябрда АҚШдаги президент сайлови билан боғлиқ махфий маълумотларни ҳафтада бир марта чоп этишга ваъда берганди. Хусусан, WikiLeaks портали Клинтоннинг сайловолди штаби раҳбари Жон Подестанинг ёзишмаларини 21 октябрдан, президент сайловига икки ҳафта қолганида эълон қилган.

АҚШ махфий хизматлари демократик партия серверларига уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни Россияга юклаган. Россия АҚШдаги президент сайловига аралашганлиги тўғрисидаги барча айбловларни рад этган.

Мавзуга оид