Ўзбекистон Тожикистонга салкам 14 млн долларлик қурилиш моллари экспорт қилди
Ўзбекистон ва Тожикистон. Урф-одатлари, маданияти бир-бирига яқин бўлган, қўшни, чегарадош давлатлар ҳисобланади. Шу боис икки давлат ўртасида йилдан-йилга савдо-иқтисодий, сиёсий-маданий, транспорт коммуникация соҳаларида алоқалар мустахкамланиб бормоқда. Кейинги йилларда манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасида кўплаб учрашувлар, мулоқотлар ташкил этилиб, истиқболли лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилиб келиняпти.
Ҳозирги кунда кўплаб соҳаларда Тожикистон Республикаси билан ишончли алоқалар йўлга қўйилган ва ривожланиб бормоқда. Хусусан, қурилиш материаллари саноатида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, экспорт имкониятлари ва кўламини кенгайтириш, тадбиркорлар учун қулай бизнес шароитларини яратиш борасида тизимли ишлар олиб бориляпти. Бунинг натижасида товар айрибошлаш сезиларли даражада ошмоқда. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йилнинг 8 ойи давомида мамлакатимиздан қўшни давлатга 13,8 млн долларлик қурилиш материаллари экспорт қилинган. Жумладан, 273, 9 тонна гулқоғоз, 1 207,6 минг метр квадрат керамик плита, 3 582,743 минг метр квадрат гипсокартон, 6 041,9 тонна қуруқ қурилиш қоришмалари етказилган.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан Тожикистон инвестиция жалб қилинган йирик лойиҳалар ҳам амалга ошириляпти. Ана шундай лойиҳалардан бири бу - Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида умумий қиймати 19 млн доллар бўлган “PR INVESTMENT CO” МЧЖ томонидан янги цемент заводи барпо этиляпти. Мазкур корхона йилига 400 минг тонна сифатли цемент ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Янги цемент заводи 2021 йилнинг иккинчи ярмида қуриб фойдаланишга топширилади. Ҳозирда бу ерда қурилиш монтаж ишлари олиб борилмоқда. Энергия тежамкор ускуналарнинг 50 фоизи олиб келинган бўлиб, ҳозирда хитойлик мутахассислар томонидан ўрнатиляпти. Эътиборлиси, корхона фойдаланишга топширилгач, 200 та янги иш ўринлари яратилади. Шу кунгача инвестиция лойиҳани амалга ошириш учун 4,4 млн доллар ўзлаштирилган.
Табиий пардозбоп тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш йўналишида ҳам тожикистонлик тадбиркорлар билан ишончли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Гранит ва мармар тошларни ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳаси Навоий вилоятининг Нурота туманида амалга оширилмоқда.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси
Матбуот хизмати