Ўзбекистон | 16:01 / 23.09.2020
22776
3 дақиқада ўқилади

Хонанда Воҳиджон Исоқовга битта жарима солинган ва унинг миқдори 4,46 миллион сўм бўлган – Тошкент шаҳар ДСЭНБ

Хонанда Воҳиджон Исоқов уйлангани ва тўйига белгиланганидан кўпроқ меҳмон ташриф буюргани учун БҲМнинг 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм) миқдорида жарима белгилангани ҳақидаги хабар кўплаб баҳс мунозараларга сабаб бўлганди. Жумладан Kun.uz сайтида ҳам “Ҳайдовчига беш миллион, артистга бир миллион жарима: мантиқ қаерда қолди, қонунийлик-чи?” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Бугун, 23 сентябрь куни Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази хонандага аслида 4,46 миллион сўм миқдорида жарима солинганини билдирди. Вазиятга изоҳ олиш учун Тошкент шаҳар давлат санитария эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абзалжон Олимжонов билан суҳбатлашдик.

– Нега хонанда билан боғлиқ жаримага оид икки хил хабар тарқалди? Ёки жамоатчилик босимидан сўнг қарор ўзгартирилдими?

– Йўқ, хонандага БҲМнинг 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм) миқдорида жарима белгилангани ҳақидаги хабар ҳаққоний бўлмаган. Воҳиджон Исоқовга битта жарима солинган ва унинг миқдори бошиданоқ 4,46 миллион сўм бўлган.

– Лекин бу 1,115 миллион сўмлик жарима ҳақидаги хабар ҳам расман тарқалди-ку.

– Тўғри, аммо унинг манбаси бизнинг ташкилот эмас. Биз бундай жарима ҳақида ҳеч қаерда маълумот бермаганмиз, бунақа миқдордаги жариманинг ўзи бўлмаган ҳам.

– Нега хонандага жарима кечикиб қўлланилди?

– Бунинг объектив сабаблари бор – аслида бу ишга 17 сентябрдаёқ киришилган. Ходимларимиз хонандага қўнғироқ қилганларида акаси жавоб берган, ўзи билан боғланиш иложи бўлмаган. 18 сентябрда ходимларимиз маълумотномага имзо қўйдириш учун Воҳиджон Исоқовнинг уйига борганларида хонанда тўйга кетганлигини айтган уйидагилар маълумотномани имзоламаганлар.

19 сентябрь куни хонанданинг ўзи билан боғланиб, дам олиш кунлари ўтганидан кейин, 21 сентябрда бевосита ўзига қарор нусхаси етказилган ва имзоланган.

– Хонанда жаримани тўлашдан бош тортмадими?

– Йўқ, тўлашини билдирди. Агар 15 кун ичида ўз ихтиёри билан тўлаб юборса, 30 фоизли чегирмага эга бўлади. Борди-ю тўламаса, ҳужжатлар МИБга топширилади, кейинги қонуний чораларни улар кўришади. Лекин, ўйлайманки, иш бунгача бормайди ва Воҳиджон Исоқов маъмурий жаримани ўз вақтида тўлайди.

Бу борада Маданият вазирлиги ҳам баёнот берган, унда «...юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, қандай касб эгаси бўлишидан қатъий назар маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Уларнинг шахсий ҳаётини назорат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жумладан, Маданият вазирлиги ҳам санъаткорларнинг шахсий ишларига аралашиш ваколатига эга эмас...

...Табиийки, санъат аҳли миллионлаб мухлисларнинг нигоҳида ва диққат марказида бўлади. Лекин, бу унга қандайдир имтиёз эмас, аксинча улкан жавобгарлик ва масъулият юклайди», - дейилганди.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид