Кечиктирманг: Пиёда юриш учун 10 сабаб
Саломатликни мустаҳкамлашнинг жуда осон ва ёқимли усулларидан бири пиёда юришдир. Қуйида бу машғулотнинг қатор афзалликлари ҳақида ҳикоя қиламиз.
1. Тафаккурга ундайди
Сокинлик билан, мушоҳада қилиб пиёда юриш кишини кўп нарсалар ҳақида яхшилаб ўйлаб олишга, ҳаётий муаммоларда энг тўғри йўлни топишга ундайди. Тафаккур қилиш, фикрларга берилишнинг саломатликка ижобий таъсири ҳам ўз исботини топган;
2. Кайфиятни кўтаради, янги ғояларга туртки беради
Очиқ ҳавода пиёда юриш кайфиятни кўтариши, тушкунликни енгишда ёрдам бериши исботланган. Шунингдек, юриш жараёни креатив ғоялар туғилишига ҳам туртки беради. Ақлий фаоллик эса организмда ижобий реакцияларга сабаб бўлади;
3. Аллергияни енгишда кўмакчи
Аллергиялар мавсумида бу касалликка чалинганлар ўзларини ҳимоя қилиш учун уйга қамалиб олишни тўғри йўл деб ҳисоблайдилар. Аслида ундай эмас – юриш ва югуриш нафас олиш аъзолари фаолиятига ижобий таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида аллергенларга чидамлиликни оширади;
4. Умр давомийлигини узайтиради
Кўп йиллик тадқиқотлар натижасига кўра, ҳар куни бир ёки ундан ортиқ километр масофани пиёда босиб ўтишга одатланганлар бундай машғулотни хуш кўрмайдиганларга нисбатан 7 йилгача кўпроқ умр кўрганлари маълум бўлган. Шунингдек, мунтазам пиёда юриш ёшликни ҳам узайтириши ҳақида далиллар мавжуд;
5. Моддалар алмашинувини яхшилайди
Юқори қон босими, қанд миқдорининг баландлиги, ортиқча вазн, асабийлик, турли касалликларга тез чалинувчанлик, бош оғриғи, тез чарчаш... Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин ва буларнинг барчасига мунтазам пиёда бериш орқали яхшигина зарба берса бўлади.
6. Пулни тежайди
Бугунги кунда спорт заллари ва фитнес клублари жуда кўп. Аммо уларга қатнаш яхшигина пул туради. Бундан ташқари, велотренажёр сотиб олиб уйда шуғулланиш учун ҳам чўнтакни қуритишга тўғри келади. Шунчаки пиёда юриш эса йўл-йўлакай ишларни битириш билан бирга пулталаб машқлардан, йўлкирадан ва энг муҳими – жуда қиммат тиббий муолажалардан қутқаради.
7. Уйқуни яхшилайди, стрессдан ҳимоялайди
Асримизнинг қулоч ёзаётган муаммолари қаторида стресс ва уйқу бузилиши алоҳида ўрин тутади. Бу икки муаммо бир-бирига чамбарчас боғлиқ ва қайси бири қайсинисини чақириши бўйича баҳслар давом этмоқда. Мунтазам пиёда юриш ақлий тетиклик билан бирга жисмоний чарчоққа олиб келади. Бу эса ўз навбатида асабни тинчлантириб, тиниқиб ухлашга замин яратади;
8. Суякларни мустаҳкамлайди
Албатта, қатор суяк касалликлари борки, уларда пиёда юриш нафақат бефойда, балки зарарли ва хавфли ҳамдир. Янги жароҳатлар, артритнинг фаол босқичлари шулар жумласидан. Аммо мутлақ кўпчилик учун пиёда юриш суякларни мустаҳкамлашдек муҳим ютуқни келтиради. Таянч ҳаракат тизимининг мустаҳкамлиги эса жуда кўп тизимлардаги муаммоларнинг олдини олади;
9. Кўришни яхшилайди
Очиқ ҳавода, истироҳат боғларида, кенг далаларда сайр қилаётган инсон истаса-истамаса узоқларга тикилади, турли манзараларни томоша қилади. Пиёда юриш ортидан қон айланиши яхшиланиши кўзга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Энг муҳими, сайр жараёнида кўз турли гаджетлардан, тўрт девор чекловидан дам олади;
10. Касалликларнинг олдини олиш билан бирга яқинларингиз билан суҳбатда бўласиз
Меъёрида, масофа мунтазам ошириб борилувчи пиёда юришнинг ножўя таъсири йўқ, саломатлик учун фойдали жиҳатлари талайгина. Бундан ташқари, самимий суҳбатдош билан ҳамроҳ бўлиш бу машғулотни янада ёқимли қилади.
Хўш, инсон кун давомида қанча вақт ёки масофа пиёда юриши керак?
Ҳаммаси индивидуал. Ўз ҳолатингизга қаранг, қанча юргингиз келса, шунча юринг ва масофани ҳар куни ўртача 100 қадамдан ошириб боришга ҳаракат қилинг. Шунчаки юрмай, йўл-йўлакай ишларингизни битиринг, яқинларингизни, дўстларингизни йўқланг. Фарзандларингиз, набираларингиз бўлса эргаштиринг, дўстларингизни чорланг. Энг муҳими, бу жараёндан лаззатланишни ўрганинг, ўзингизни қийновчи машғулот сифатида қабул қилманг.
Маълумот учун: юриш тезлиги ҳам бор ва у қуйидагича фарқланади:
- Жуда секин юриш – дақиқасига 60-70 қадам;
- Секин юриш – дақиқасига 70-90 қадам;
- Ўртача тезликда юриш – дақиқасига 90-120 қадам;
- Тез юриш – дақиқасига 120-140 қадам;
- Жуда тез юриш – дақиқасига 140 қадамдан кўпроқ;
Аброр Зоҳидов.
Мавзуга оид
21:30 / 20.12.2024
«Соғлом озиқ-овқат» таърифи янгиланди - энди у нимани англатади?
21:59 / 18.12.2024
Дунёдаги биринчи Fertilo бола туғилди
21:06 / 16.12.2024
Руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар пандемия даражасига етди – тадқиқот
15:14 / 13.12.2024