Ўзбекистон | 23:14 / 25.09.2020
144374
3 дақиқада ўқилади

Абитуриент-2020: Тестни 100 фоиз ечиб ҳам грант асосида талабаликка қабул қилинмаслик мумкинлиги расман исботланди

2020 йил ўзининг қатор синовлари билан бирга кириш имтиҳонларидаги ақл бовар қилмас натижалар билан ҳам ёдда қоладиган бўляпти. Уларнинг энг қизиғи 100 фоизли натижа кўрсатган абитуриентнинг ҳам амалда талаба бўлмай қолиши мумкинлигидир.

Бундай ҳолат Тошкент давлат юридик университетига қабул жараёнида кузатилди. Аслида бундай бўлишини тахмин қилиш мумкин эди, сабаби, бу университетга 100 фоиз натижа кўрсатган абитуриентлар тўғрисидаги гаплар ҳали натижалар эълон қилинмай турибоқ тарқалиб улгурганди.

Бу тахминлар тасдиғини топди ва бир қатор абитуриентлар чиндан ҳам барча саволларга тўғри жавоб топганлари ҳолда фақат тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия қилингани маълум бўлди. Мазкур ҳолат ортидан абитуриентлар пул тўлай олмасалар, ҳар қанча билимли бўлмасинлар талаба бўла олмасликлари расман тасдиғини топди.

Яъни тест тизими жорий этилган 1993 йилдан бери мунтазам қўлланадиган «Билиминг бўлса албатта кирасан, грантда ўқийсан» деган аксиома 2020 йилга келиб чил-чил синди.

Тўғри, Давлат тест маркази бу ҳолатнинг сабабини расман изоҳлаб берди. Унга кўра, имтиёзларга эга бўлган абитуриентлар учун алоҳида квота ажратилмагани, улар имтиҳонсиз қабул қилинишгани туфайли шундай ҳолат юзага келган.

Аммо бундан кейин яна бир қатор саволлар туғилади – дейлик, имтиёзлилар сони 15-20 нафар бўлса, бу амалда барча ўринларни улар эгаллашини англатадими? Ёки имтиёзлилардан кейин қолган тўлов-контракт асосида қабул қилинувчи ўринлар сони 15та бўлсаю, 100 фоиз натижа кўрсатганлар 25 нафар бўлса, бундай вазиятда қандай йўл тутилади?

Албатта, булар шунчаки назария ва бу саволларга ўзига яраша жавоб ҳам топиш мумкиндир. Бироқ шу йилгача 100 фоиз натижа кўрсатиб ҳам грантга қабул қилинмасликни кимдир тасаввур қила олармиди, ҳатто назарий жиҳатдан ҳам шундай ҳолат ўйлаб кўрилганмиди?

Айтилиши мумкин – ижтимоий тармоқларда айланиб юрган, 100 фоиз натижа кўрсатган абитуриентлар тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинганку, эътирозга ўрин йўқ, деб.

Хўш, абитуриентдан нима талаб қилинади? Билим. Билим қандай аниқланади? Тест орқали. Тестни 100 фоиздан ортиқ ечишнинг амалда иложи бўлмаса, абитуриентда нима айб?!

Яъни энди бу абитуриентнинг ота-онаси отнинг калласидай контрактни тўлаш қувватига эга бўлмаса ва у талаба бўла олмаса, дунёда адолат деган тушунчанинг асл моҳиятига путур етиб қолмайдими?

Имтиёзлар эса йил сайин кўпайгандан кўпайиб бормоқда...

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид