Ўзбекистон | 16:18 / 29.09.2020
43965
5 дақиқада ўқилади

Covid-19’га қайта чалиниш мумкинми? – Мутахассис аҳоли орасида тарқалган хабарлар бўйича изоҳ берди

Ҳозирча коронавирус инфекциясидан қайта зарарланиш ҳолати расман тасдиқланмаган. Мутахассиснинг айтишича, қайта касалланиш ҳолати кузатилган тақдирда ҳам касаллик анча енгил кечади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков билан боғланиб, коронавирус инфекциясига қайтадан чалиниш ҳолатлари ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан изоҳ олди.

«Ушбу саволга жавоб беришдан аввал дунё ҳамжамиятида бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга эътибор қаратсак мақсадга мувофиқ бўларди.

Баъзи давлатларда ушбу касаллик билан қайтадан касалланиш эҳтимоли борлиги, ҳатто иккинчи марта касалланган беморлар қайд этилгани ҳақида маълумотлар учраб турибди. Лекин бугунги кунда аниқ айтишимиз мумкинки, касалликнинг ўнинчи кунидан бошлаб беморда Covid-19’га қарши мукаммал иммун тизими шакллана бошлайди. Ўз тасдиғини топган яна бир жиҳат шуки, касалликни оғирроқ бошдан кечирган инсонда шаклланган иммун тизими анча мустаҳкамроқ бўлади. 

Қолаверса, дунёда ёппасига ҳаммада Covid-19 қайтадан қайд этилиши тўғрисида бирорта ҳам асосланган илмий маълумот йўқ.

Covid-19 янги касаллик бўлиб, уни тўлиқ ўрганиш бўйича изланишлар ҳали охирига етгани йўқ. Аммо касалликни бошдан ўтказган одамда уни ушбу касалликдан кейинчалик ҳам ҳимоя қилишга қодир иммунитет шаклланиши тўғрисидаги асосли маълумотлар кишини қувонтиради. 

Агар шу касалликнинг мутацияга учраган вируси билан ёки айнан Covid-19 билан узоқ муддатдан кейин яна рўбару келадиган бўлсак ҳам, иммун тизими хотирасида ушбу касалликка қарши антитаначалар ишлаб чиқарилгани ҳақида ахборот мавжуд бўлади.

Ушбу антитаначалар касаллик билан кураша олади. Демак, ҳатто иккинчи марта Covid-19 қайд этилса ҳам, у жуда енгил кечиши мумкин. Яъни иммун тизими хотирасида антитаначалар ишлаб чиқарилгани ҳақида ахборот борлиги – касалликдан тезда соғайиб кетиш эҳтимолини юзага келтиради.

Одам хотирасидан кўп нарса чиқиб кетиши мумкин, лекин иммун тизими хотирасидан ҳеч қачон ҳеч нарса чиқиб кетмайди. Ҳатто касалликдан кейин ҳосил бўлган антитаначалар титри кам бўлса ҳам, улар касаллик билан кураша олади», деган Нурмат Отабеков.

Мутахассис коронавирус бемор организмида узоқ вақт сақланиб қолиши ҳам мумкинлигини айтиб ўтган.

«Аҳоли орасидаги суҳбатлар давомида икки марта Covid-19 билан касалланганини айтаётганларни ҳам учратиб турибмиз. Агар шу каби ҳолатлар лабораторияда Covid-19 вируси борлиги тасдиқланган тақдирда ҳам, биз бунга битта касаллик билан иккинчи марта касалланди, деган фикр билан қарашимиз керак эмас. Буни шу билан изоҳлаш мумкинки, касаллик юқтириб олган организм ундан тўлиқ тузалиб улгурмаган ёки лаборатория текширувларида тест системалар билан боғлиқ муаммолар бўлган бўлиши мумкин.

Covid-19 бир одамда узоқ муддат сақланиб қолиш эҳтимоли йўқ эмаслигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Айтайлик, бемор даво курсини қабул қилиб бўлгач, таҳлил ўтказилганида манфий натижа қайд этилган ва у ўзини соғайган деб ҳисоблаган. Аслида эса тузалмаган. Кейинчалик мусбат натижа қайд этилиши беморда қайтадан касалландим, деган фикр шаклланишига асос бўлиши мумкин.

Шунингдек, Covid-19’ни иккинчи марта юқтириб олиш ҳолати тўлиқ исботланиши учун геном даражасида таққослаш ўтказиш керак бўлади. Яъни қуйидаги саволга жавоб топишимиз лозим: беморда касалликни яна айнан ўша вирус чақирдими ёки бошқа бир вирусми? Биринчи ва иккинчи ҳолатда геном (ирсият) даражасида солиштириш ўтказиш орқалигина бемор Covid-19’ни қайтадан юқтириб олди, деган фикрга келишимиз мумкин.

Covid-19 билан рўбарў келганимизга қарийб бир йил бўляпти, у тўғрисида кузатувлар ҳали жуда кам. Балки бир муддат ўтгандан сўнг аниқ хулосалар айтишимиз мумкин бўлар. Ёки вақт ўтиши билан иммун тизими кўрсаткичларида ҳам бирмунча пасайиш, сусайиш каби аломатлар кузатилиши мумкин. Балки биз Covid-19 штамми билан чақирилган касалликдан кейин тўлиқ турғун иммунитет шакллантирармиз, балки бу йўналишда эмлаш тадбирлари ёрдам берар.

Ҳозирча кузатувлар муддати жуда кам. Ҳали ҳосил бўлган иммун тизими неча йилгача давом этиши бўйича аниқ прогнозлар қилиш қийин. Лекин шу эпидемик мавсумда бир марта касалланган одам иккинчи марта касалланиш эҳтимоли йўқ», деган штаб аъзоси.

Мавзуга оид