Ўзбекистон | 18:51 / 29.09.2020
31821
2 дақиқада ўқилади

Магистратура натижалари эълон қилиниши тартиби ҳақида изоҳ берилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Aбдували Холиқов магистратурага кириш имтиҳонлари натижалари қачон эълон қилиниши масаласида маълумот берди.

«Бизда апелляция жараёнлари якунланди. Мутахассислар томонидан текширилган апелляция натижалари ҳам тегишли олий таълим муассасаларига тақдим этилди. Якуний натижалар вазирлик томонидан умумлаштирилиб, давлат комиссиясига тақдим этилади. Давлат комиссияси томонидан тасдиқлангандан кейин бу натижа эълон қилинади. Натижаларни комиссия тасдиқлаганидан кейин олий таълим муассасаларига топширамиз», – деди Aбдували Холиқов 29 сентябрь куни AОКAда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Бошқарма бошлиғига кўра, магистратурага тест топширган абитуриентнинг ҳужжат топширгандаги шахсий кабинетига ҳам натижалар юборилади. Абитуриентлар натижаларни уйда ўтирган ҳолда шахсий кабинетдан кўриши мумкин бўлади.

«Ҳозирда турли стипендия соҳиблари, кўзи ожизлар тоифасига кирувчи абитуриентлар ва «Мард ўғлон» тоифаларига кирувчилар ажратиб чиқиляпти. Биз буни 2-3 кунда давлат комиссиясига бериб тасдиқлатамиз. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги магистратура имтиҳонлари натижаларини расман қайси кун эълон қилинишини ҳали айтгани йўқ. Чунки бу жараёнда жами 2000дан ортиқ, битта олий таълим муассасасида эса 100дан ортиқ «ведoмость»лар шаклланади. Бу узоқ вақт талаб қилади, бу ерда ҳеч қандай инсон омили рол ўйнамайди», – дея қўшимча қилди вазирлик вакили.

Маълум қилинишича, бу йил магистратурага 73 минг абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, имтиҳон 13та ҳудуддаги 19та ОТМда, онлайн шаклда ўтказилган.

Мавзуга оид