Ўзбекистон | 16:20 / 07.10.2020
47964
2 дақиқада ўқилади

Олтинкўл тумани ҳокими вафот этди

Андижон вилоятининг Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоев пневмониянинг навбатдаги қурбонига айланди.

Kun.uz манбаси хабар беришича, туман ҳокими қандли диабет ва гипертония касалликларидан вафот этган.

Назиржон Ўринбоев 1966 йилда Олтинкўл туманида туғилган. 1989 йил Андижон давлат педагогика институтини тамомлаган. Маҳаллий ички ишлар тизимида хизмат қилган, хусусан, 2014-2017 йилларда Андижон вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Шунингдек, Андижон вилояти «Aгросервис МТП» масъулияти чекланган жамияти раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритган.

У 2018 йил октябрида Олтинкўл тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.

19 сентябрь куни Kun.uz сайтида Андижон вилоятида 4та ҳудуд ҳокими - Назиржон Ўринбоевдан ташқари Хонабод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиев, Пахтаобод тумани ҳокими Маҳмуджон Бозоров ва Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов пневмонияга чалиниб даволанаётгани ҳақида хабар берилганди.

29 сентябрь куни Мусахон Мамадалиев вафот этгани маълум бўлди.

Пандемия даврида ҳудудий раҳбарлар орасида бир неча ўлим ҳолатлари қайд этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, сенатор Муса Ерниязов, Бухоро вилояти ҳокими Карим Камалов, бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев коронавирус туфали вафот этган.

Июль ойида Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани ҳокими Даулет Толибаев коронавирус қурбони бўлганди. 8 сентябрь куни Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев ва унинг ўринбосарларидан бири коронавирус асоратлари оқибатида вафот этди. 

7 октябрь куни Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Баҳромжон Нурматов 56 ёшида вафот этгани хабар қилинди.

Мавзуга оид