Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти билан мулоқот қилди. Томонлар Қирғизистондаги вазият барқарорлашишига умид билдиришди
Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Қирғизистондаги вазият ушбу мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез фурсатда барқарорлашишига умид билдиришди.
7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
«Давлат раҳбарлари кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, ишонч ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Коронавирус тарқалиши оқибатларини тез фурсатда енгиб ўтиш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари даражасида яқиндан мувофиқлашув ва фаол алмашинувлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш кўрсаткичларини оширишга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, тадбиркорлар ва ҳудудларнинг янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали кооперацияни кенгайтириш, шунингдек, маданий-гуманитар тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор берилди.
Минтақадаги воқеалар ривожи юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Қирғизистондаги вазият ушбу мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез фурсатда барқарорлашишига умид билдирдилар», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Қирғизистонда 4 октябрь куни парламент сайловлари ўтказилди. 5 октябрь куни дастлабки натижалар эълон қилиниши ортидан мухолиф партиялар тарафдорлари сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан митинг бошлади. Кун охирида намойишчилар парламент биноси ва президент қароргоҳи жойлашган Оқ уй биносига бостириб киришди. Кейинроқ Бишкек шаҳридаги бошқа ҳукумат бинолари ҳам эгаллаб олинди, шунингдек, Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси биносига бостириб кирган намойишчилар мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевни озод қилишди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, тунги тартибсизликлар вақтида бир киши ҳалок бўлган, яна 590 киши жароҳатланган.
6 октябрь куни президент Сўронбай Жээнбеков видеомурожаат билан чиқиб, Қирғизистонда ҳукуматни ноқонуний эгаллашга уриниш юз бергани ҳақида гапирди. Айни вақтда у қаердалиги номаълум.
Шу куни Марказий сайлов комиссияси сайлов натижалари ҳақиқий эмас деб топилганини маълум қилди.
Бу воқеалар ортидан Қирғизистон бош вазири Кубатбек Боронов ва парламент спикери Достон Жумабеков истеъфо берган. Собиқ депутат, тартибсизликлар вақтида колониядан озод этилган Садир Жапаров бош вазир этиб тайинланди.
Мавзуга оид
23:10 / 23.12.2024
Россия Қозоғистонда 7 млн долларлик фирибгарлик ишида айбланаётган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилди
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:57 / 23.12.2024
Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди
20:04 / 21.12.2024