Марказий Осиёнинг тўрт давлати раҳбарлари Қирғизистондаги вазият тўғрисида қўшма баёнот берди
Қардош Қирғизистонда бўлаётган воқеалар бизни жиддий ташвишга солмоқда, дейилади Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон давлат раҳбарларининг қўшма баёнотида.
«Биз яқин қўшнилар сифатида кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, умумий маданий ва маънавий қадрият ришталари билан боғланганмиз ҳамда Қирғизистон халқини ушбу қийин кунларда мамлакатда тинчликни сақлаш ва барқарорликни тиклаш учун ўзига хос доноликни кўрсатишга чақирамиз», дейилади Тожикистон ТИВ сайтида эълон қилинган ҳужжатда.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Қирғизистоннинг барча сиёсий партиялари ва жамоат доиралари Конституция ва миллий қонунчиликка риоя қилган ҳолда, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, юзага келган муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган саъй-ҳаракатларни амалга оширишига умид қилмоқда.
«Қирғизистоннинг гуллаб-яшнаши минтақавий хавфсизлик ва бутун Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишида муҳим омил ҳисобланади. Мамлакатларимизнинг умумий ўтмиши бор ва умумий келажак барпо этилмоқда. Марказий Осиё халқларини тарихий жиҳатдан келажакдаги авлодлар фаровонлиги учун доимий тинчлик, тотувлик ва бунёдкорлик истаги бирлаштиради», - дейилади баёнотда.
Президентлар умумий мақсадларга эга бўлган ҳолда, давлатлар савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар, чегара ва минтақалараро ўзаро алоқаларни кенгайтириш учун минтақавий ҳамкорликни фаол равишда кучайтираётганини таъкидлади.
«Марказий Осиё бирдамлигини янада мустаҳкамлаш йўлидан бориб, биз Қирғизистон халқини бирлик, тинчлик, мустақил тараққиёт ва фаровонликка интилишида доимо қўллаб-қувватлаймиз», дейилади ҳужжатда.
5 октябрь куни Бишкекда ҳукуматни қўллаб-қувватловчи икки партия ғолиб чиққан парламент сайловлари натижаларига қарши намойишлар бошланди. Намойишлар тартибсизликлар ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди. Бир неча юз киши жароҳат олди, бир киши ҳалок бўлди.
6 октябрь тонгида намойишчилар Қирғизистон парламенти ва президент маъмурияти жойлашган бинони эгаллаб олди. Шу куни мамлакат Марказий сайлов комиссияси парламент сайловлари натижаларини ҳақиқий эмас деб топди, парламент раҳбари ва бош вазир истеъфога чиқди.
Мавзуга оид
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
17:37 / 20.12.2024