Қирғизистон парламенти вице-спикери бош вазирнинг тайинланиши ноқонуний ўтганини айтди
Қирғизистон парламенти спикери ўринбосари Аида Касималиева Садир Жапаровнинг Қирғизистон бош вазири этиб тайинланиши ноқонуний ўтган, деб ҳисобламоқда.
Парламент депутатлари 10 октябрдаги йиғилишда бош вазир лавозимига “Мекенчил” партияси асосчиси Садир Жапаровни тайинлашган.
“Депутатларнинг 10 октябрда ўтган йиғилишини унда конституция томонидан талаб қилинувчи сондаги иштирокчилар ва уни ўтказиш учун шароитлар бўлмагани сабабли парламент йиғилиши сифатида тан олиб бўлмайди. Демак, унда қабул қилинган барча қарорлар ҳам ноқонуний ҳисобланади”, деб маълум қилган Касималиева ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Вице-спикернинг таъкидлашича, “Агар бирор ким йиғилишда қабул қилинган ҳужжатларни Жўқорғу Кенешнинг расмий қарорлари сифатида имзоласа, унда бу ҳокимиятни эгаллашга уриниш деб баҳоланади”.
Касималиеванинг айтишича, шу сабабли парламентнинг Жапаровни бош вазир этиб тайинланиши ҳақидаги қарори айни вақтда йўқ.
“Унинг тайинланиши парламентнинг расмий ҳужжатлари билан тасдиқланмаган. Мос равишда, ҳужжатлар Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековга тасдиқланиш учун йўлланмаган. Жапаров томонидан бош вазир сифатида қабул қилинаётган барча қарорлар ҳуқуқий кучга эга эмас”, деб қўшимча қилган сиёсатчи.
Унинг таъкидлашича, Қирғизистон бош вазири вазифасини бажарувчи Алмазбек Баатирбеков бўлиб қолмоқда.
11 октябрда парламентнинг бир неча депутатлари, жумладан мухолифат ва ҳукуматни қўллаб-қувватловчи фракциялар вакиллари Жапаровнинг бош вазир лавозимига тайинланиши ноқонуний тасдиқланганини айтишган. Уларнинг таъкидлашича, депутатларнинг қарори зарур кворум бўлмаган ҳолда қабул қилинган.
Қирғизистон президенти Жапаровнинг бош вазир этиб тайинланиши ҳақидаги фармонни ҳали имзоламаган, республика раҳбари буни уч кун ичида қилиши мумкин. Жапаров эса Жээнбеков билан суҳбатда президент ҳукумат тайинлангандан кейин 2-3 кун ичида истеъфога кетишга ваъда берганини маълум қилган.
Президент истеъфога чиқса, Қирғизистон конституциясига кўра унинг вазифасини парламент спикери бажариши керак. Бироқ республикада шундай вазият юзага келганки, спикер истеъфога чиққан, янгиси эса ҳали тайинланмаган. Бундай ҳолатда эса бош вазир президент вазифасини вақтинчалик бажаради.
Мавзуга оид
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
17:37 / 20.12.2024