Спорт | 23:27 / 13.10.2020
8694
2 дақиқада ўқилади

“Формула-1” чемпиони дунёдаги энг тезюрар электрокарни синовдан ўтказди (видео)

2016 йилги “Формула-1” чемпиони Нико Росберг Германиядаги Нюрбургринг трассасида дунёдаги энг тезюрар электрокар ҳисобланувчи Volkswagen ID.R’ни синовдан ўтказди.  

Росбергнинг таъкидлашича, у машинанинг тор кабинасига ўтиргач, дастлаб унда клаустрофобияга ўхшаш ҳис пайдо бўлган, бироқ масофани ўта бошлагач, ўзини “уйдагидек” ҳис қила бошлаган.

Пойгачининг таъкидлашича, Volkswagen ID.R “Формула-1” болиди каби тезкор эмас, бироқ яхши бошқарилади ва катта босиш кучига эга.

Volkswagen ID.R жами 680 от кучи берувчи иккита электромотор билан жиҳозланган. Машина оғирлиги 1100  кг келади. Автомобил тўлиқ қувватланган батареялар, идеал асфальт ва шамол йўқ бўлган шароитда жойидан 100 км/соат тезликкача 1,65 сонияда эриша олади. Ушбу машинада умумий ҳисобда 5 та тезлик рекорди ўрнатилган. 

Жумладан, унда пойгачи Дитер Деппинг Германиядаги Блистер Берг автодроми учун тезлик рекордини ўрнатган: пойгачи 4,2 кмлик масофани 1 дақиқа 24 сонияда босиб ўтган. 

Бундан ташқари, электрокар АҚШдаги Пайкс-Пик тоғига чиқиш бўйича мусобақаларда рекорд ўрнатган. Шунингдек, машинага Нюрбургрингни ўтиш рекорди тегишли.

Мавзуга оид