Жаҳон | 23:11 / 14.10.2020
46897
4 дақиқада ўқилади

Қирғизистоннинг янги бош вазири президент истеъфосини талаб қилмоқда. Президент эса бунга рози эмас

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков янги бош вазир Садир Жапаровнинг талабига кўра лавозимидан кетишдан бош тортди. Жээнбеков бу ҳақда бош вазир билан ўзаро музокаралардан кейин маълум қилган.

Фото: AFP

Учрашув давомида бош вазир Жапаров президент кун охиригача истеъфога чиқишини талаб қилган.

Жээнбековнинг матбуот хизмати унинг Жапаров билан учрашувидан кейин президент истеъфога чиқишга «ҳақли эмаслиги» ҳақида эълон қилди.

«Сооронбай Жээнбеков яна бир бор ҳозир президентлик лавозимини тарк этишга ҳаққи йўқлигини, бу давлатга зарар келтирувчи олдиндан айтиб бўлмайдиган воқеаларга олиб келишини қайд этиб ўтди.

Сооронбай Жээнбеков 9 октябрда билдирган позициясида содиқ қолади: у вазият яна қонуний ўзанига қайтиши, барча давлат тузилмалари ва ҳукумат қонуний мақомга эга бўлиши ва мамлакат тўғри йўлга тушиб олиши - парламент сайловлари ўтказилиб, янги президентлик сайловлари ўтказилиши эълон қилинганидан сўнг истеъфога чиқишини эслатиб ўтди», дейилган хабарда.

Ушбу учрашувдан кейин бош вазир мухолифат вакиллари Жээнбековни истеъфога чиқаришга эришмоқчи эканликларини айтиб ўтди.

«Жээнбековнинг истеъфоси бўйича музокаралар эртага 11:00да давом эттирилади. У кетади, оз қолди, ўйлайманки музокаралар эртага соат 12:00 ёки 13:00да якунланади», деган Жапаров.

Унинг баёноти ортидан Жээнбековнинг матбуот хизмати истеъфонинг муайян муддати белгиланмаганини қайд этиб баёнот берди.

Россия нашрлари хабарларига кўра, Бишкекдаги ҳукумат уйи олдида Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилган намойишчилар тўпланган.

«Садирни яна алдашмоқда, Жээнбеков кетмагунча биз ҳам тарқалмаймиз», деган акция иштирокчиларидан бири «Интерфакс» мухбири билан суҳбатда.

Сўнгги хабарларга кўра митингчилар тарқалган, лекин улар пайшанба куни ҳам қайтиши кутилмоқда.

Шанба куни мамлакатнинг янги бош вазири этиб тайинланган Жапаров 4 октябрь куни ўтказилган сайлов натижаларга норозилик сифатида бошланган намойишлар давомида қамоқдан озод этилганди. У 2017 йилда бир қатор жиноятларда, хусусан, давлат амалдорини гаровга олиш ва ноқонуний митинг ташкиллаштиришда айбланиб қамалганди.

Сайловда парламентдан ўрин ололмаган бошқа партияларнинг ҳам тарафдорлари кўчаларга чиққан, уларнинг барчаси сайлов натижаларини ҳисоблашда сохталаштириш бўлганини даъво қилишмоқда. Халқаро кузатувчилар уларнинг даъволари асосли эканини айтишмоқда.

9 октябрь куни, тартибсизликлар қайталангач, Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилган, 10 октябрдан шаҳарга ҳарбий қисмлар киритилганди.

Кўп ўтмай парламентнинг навбатдан ташқари йиғилишида депутатлар бир овоздан Садир Жапаров номзодини бош вазирликка тасдиқлашди. Президент эса 13 октябрь куни биринчи овоз бериш натижаларини тан олмади, у бу қарорини парламентда кворум йўқлиги билан асослади.

Парламент қарори юридик кучга эга бўлиши учун депутатларнинг етарли сони унга овоз бериши керак. Мамлакат парламенти Жўқорғи Кенешда 120та депутатлик ўрни борлиги ҳисобга олинганда қарор қабул қилиш учун камида 61 нафар депутатнинг овози керак.

Садир Жапаровни бош вазир этиб тайинлаш ҳақидаги қарор қабул қилинган мажлис 6 октябрь куни, мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин бошланган оммавий намойишлар ортидан бўлиб ўтган. Намойишчилар парламент биносини эгаллаб олгани сабабли йиғилиш Бишкекдаги «Достук» меҳмонхонасида тўлиқ бўлмаган таркибда бўлиб ўтган. Йиғилишда жами 51 нафар депутат қатнашган. Бундан ташқари, йиғилганларда яна ўнлаб депутатларнинг овоз бериш учун ишончномаси бўлган.

Аммо чоршанба куни депутатлар яна Жапаров учун такроран овоз беришди (83 депутат) ва президент буни қабул қилди.

Мавзуга оид