Жаҳон | 09:56 / 15.10.2020
32296
2 дақиқада ўқилади

Си Цзинпин хитойлик ҳарбийларни урушга тайёр туришга чақирди

Хитой раиси Си Цзинпин Гуандун провинциясидаги ҳарбий базага ташрифи вақтида денгиз пиёда қўшинларига мурожаат қилиб, аскарларни “урушга тайёр туришга” чақирган.

Си Цзинпин Чаочжоу шаҳридаги денгиз пиёда қўшинлари корпусини кўздан кечириб, аскарларни “юқори тайёрлик ҳолатида бўлишга” ва “мутлақ содиқ, ишончли ва бекам-кўст бўлишга” чақирган. У армиянинг кучайтирилиши келгуси беш йилликдаги асосий вазифалардан бири бўлишини қўшимча қилган.

“Биз жорий вазиятга таянишимиз ва истиқболли қарашга эга бўлишимиз, ҳал қилинмаган қарама-қаршиликларни жиддий ўрганишимиз ва ҳал қилишимиз ҳамда денгиз пиёда қўшинларини кучайтиришимиз керак. Сиз онгингиз ва кучингизни урушга жўнаш ва сергак бўлиш учун жамлашингиз лозим”, деб айтган Хитой раҳбари.

Си Цзинпин денгиз пиёда қўшинлари корпусини Хитой армиясининг мамлакат суверенитети, хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ҳимоялашга чорланган нуфузли бўлинмаси деб атаган.

Мавзуга оид