Жамият | 12:45 / 23.10.2020
11923
4 дақиқада ўқилади

Анемия билан оғриган болаларда инфекцион хасталикларга чалиниш хавфи юқори – мутахассис

Бола организмида темир моддаси етишмовчилиги оқибатида юзага келадиган камқонлик бошқа касалликларга ҳам йўл очиши билан хавфлидир. Сабаби анемиядан шикоят қилаётган беморларнинг бошқа инфекцион хасталикларга чалиниш эҳтимоли ҳам юқори бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ушбу касаллик бўйича Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, олий тоифали шифокор Назокат Орипова билан интервью уюштирди. Унда болаларда учрайдиган камқонлик, анемиянинг келиб чиқиш сабаблари, касаллик ўз вақтида даволанмаса қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги долзарб саволларга жавоблар берилган.

— Болаларда учрайдиган камқонлик ҳақида маълумот берсангиз...

— Болалардаги анемияни педиатр, қийин ҳолатларда эса гематолог даволайди. Болалар анемияси бутун дунё педиатрларининг муаммоси саналади. Қон таркибидаги гемоглобин миқдори пасайиб кетиши камқонлик касаллигига сабаб бўлади. Мияга кислород етказиб бериш эса айнан қондаги гемоглобиннинг асосий вазифасидир. Бу касаллик билан оғриган ва иммунитети паст беморларда турли инфекцион хасталикларга чалиниш хавфи юқори бўлади. Қон таркибида организмнинг ўсиб ривожланиши учун муҳим бўлган озиқ моддалар мавжуд.

Эритроцитларнинг асосий вазифаси кислород молекулаларини ташишдир. Кислород органлар ва тўқималарга гемоглобин – темир таркибидаги махсус оқсил орқали етказилади. Ўртача гемоглобин даражасини қуйидаги рақамларда кўриш мумкин:

Г/Л даги нормал гемоглобин даражаси (литр учун грамм) ёшга боғлиқ:

  • янги туғилган чақалоқларда - 180дан 240гача;
  • 1 ойдан 5 ёшгача - 110дан 115гача;
  • 5 ёшдан 12 ёшгача - 110дан 120гача;
  • 12 ёшдан 15 ёшгача - 120дан 140гача.

— Анемия келиб чиқишининг асосий сабаблари нимада?

— Болалардаги камқонлик турли сабабларга кўра ривожланади. Ота-она синчковлик билан ушбу касалликка нима туртки бўлганини аниқлаши керак. Анемия – ташқи ва ички, наслий ва орттирилган, ҳомиладорлик ва туғилгандан кейинги, патологик ва асосий омиллар асосида юзага келади.

Аёлнинг ҳомиладорлик давридаги камқонлиги болага ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Ачинарлиси, ҳомиладор аёлларнинг темир моддасига бўлган талабининг икки карра ортиши оқибатида келиб чиқадиган анемия сони катта кўрсаткичларни кўрсатади. Болалар учун анемия хавфли касалликлар сирасига киради. Сабаби, бола кун сайин ўсади ва маълумки ўзининг «захиралари» кам бўлса, ривожланишдан орқада қолиши мумкин. Тўйиб овқатланмаслик, витаминга бой маҳсулотларни истеъмол қилмаслик ҳам анемияга сабаб бўлади.

Организмда гемоглобин даражаси узоқ вақт давомида паст бўлиши болада гипокция, яъни кислород етишмовчилигига олиб келади. Натижада аъзолар ва тўқималар зиён кўради. Анемия туфайли болалар жисмоний ва интеллектуал ривожланишдан орқада қолишлари мумкин. Қолаверса, сурункали ва юқумли касалликларга мойил бўлишади.

— Касаллик белгилари ва ўз вақтида даволамаслик қандай асоратларга олиб келиши ҳақида маълумот берсангиз…

— Анемия кўплаб аъзолар ва тизимларга таъсир қилади. Илк белгилар терида пайдо бўлиб, оқариб майинлашади. Тирноқ ва сочлар мўртлашиб, ёрқинлигини йўқотади. Тез-тез тил яллиғланиши, юзаки яралар пайдо бўлиши мумкин.

Камқонлик, асаб тизимига ҳам таъсир қилади. Сабаби камқонликда қулоқда шовқин пайдо бўлади ва бош айланиши кузатилади. Анемиянинг энг ёрқин белгиси – доимий чарчоқлик ва беҳолликдир. Энг ёмони, 1 ёшгача бўлган болаларнинг ривожланиши тенгдошлариникидан анча орқада қолади. Оғирроқ кўринишларида ҳатто ҳушдан кетиши ва юраги тез-тез уриши мумкин. Чунки камқонлик қон босими пасайишига ҳам сабаб бўлади.

Мавзуга оид