Light | 18:38 / 26.10.2020
52772
12 дақиқада ўқилади

Ўрта бизнесни дунё гигантига айлантириш санъати. Samsung реформатори Ли Гон Хи ҳаёт йўлига назар

1987 йилдан буён Samsung компаниясига раҳбарлик қилиб келган Ли Гон Хи 78 ёшида вафот этди. У отаси асос солган, унча машҳур бўлмаган маҳаллий даражадаги корейс фирмасини ўз бошқарувчилик қобилияти билан жаҳоннинг энг етакчи брендлари қаторига олиб кирган атоқли бизнесмен сифатида ном қолдирди.

Фото: Agence France-Presse

Жанубий Кореянинг энг бой одами, Samsung концерни раиси Ли Гон Хи 25 октябрь куни 78 ёшида вафот этди. Компания ахборотига кўра, у Сеулда, оила аъзолари даврасида ҳаётдан кўз юмган.

Тадбиркорнинг вафоти сабаби маълум қилинмади; у 6 йил олдин инфарктни бошдан кечиргач, юраги операция қилинган ва шундан буён унинг саломатлиги ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот берилмаганди. Бу йиллар мобайнида Samsung'ни амалда унинг ўғли Ли Чжэ Ён бошқариб келди.

Ли Гон Хи қўл остида Samsung арзон телевизорлар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий даражадаги оддий корхонадан дунё миқёсидаги технологик гигантга айланди. Forbes'нинг 2020 йилда жаҳоннинг энг қиммат брендлари рўйхатида Samsung 8-ўринни эгаллаб турибди. Жанубий Корея экспортининг қарийб бешдан бир қисми биргина шу конгломерат ҳиссасига тўғри келади.

Деярли барча машҳур шахслар билан бўлгани каби, Ли Гон Хининг фаолиятига нисбатан ҳам танқидлар етарлича, унинг иш услубини қораловчилар кўплаб топилади, бир неча бор жиноий ишлар фигурантига айланган, аммо буларнинг ҳеч бири унга нисбатан бериладиган ижобий таърифларни инкор қилолмайди: Ли Гон Хи – атоқли бизнесмен, моҳир бошқарувчи, келгусидаги ижобий ўзгаришлар учун оғриқли қарорларни-да қабул қила олувчи қатъият соҳиби эди.

«Хотин ва болаларингиздан ташқари ҳамма нарсани ўзгартиринг»

1988 йил, Сеул. Ли Гон Хи Samsung ташкил топганининг 50 йиллиги муносабати билан тантанали тадбирда нутқ сўзламоқда.
Фото: Yonhap News / Legion Media

Тадбиркорнинг ишга ёндашуви ва фалсафасини унинг ўзи таъкидлаган юқоридаги иқтибосчалик аниқ очиб берадиган жумла топиш қийин. У 1993 йилда барча ўринбосарлари ва асосий ёрдамчилари билан ўтказган йиғилишда шундай иқтибос билан концерн фаолиятида туб бурилиш ясаш шартлигини талаб қилган эди.

Ли ўша йили Лос-Анжелесда бўлганида гувоҳ бўлган манзара катта таъсир қилган дейишади: у Samsung ишлаб чиқарган телевизорлар япон рақобатчиларникига қараганда 100 доллар арзонроқ бўлса-да, сотилмай чанг босиб ётгани, япон ишлаб чиқарувчиларининг маиший техникаларини анча қиммат бўлса-да мамнуният билан сотиб олишаётганини кўради.

Бундан ташқари, ўшанда телевидениеда эфирга узатилган кўрсатувда Samsung ишчилари кир ювиш машинасидаги пластик деталларнинг ортиқча қисмларини қўлда кесаётганига гувоҳ бўлади.

1970-йиллар. Samsung телевизорларини йиғиш жараёни

Шу каби ҳолатлар Samsung бошқарувини отаси – компания асосчиси Ли Бён Чхолдан 1987 йилда қабул қилиб олган менежерда қатъий ислоҳот ўтказиш фикрини уйғотади. Машҳур иқтибосга айланиб кетган юқоридаги топшириқ асосида, 1993 йилдан Samsung бозордаги улуши ва сотувлар ҳажми камайишига ҳам рози бўлиб, асосий эътиборни сифат ва технологияларга қарата бошлайди.

Samsung ўзгаргани, унинг қадриятлари янгиланганининг исботи сифатида, икки йилдан сўнг завод омборларида ётган, нуқсонли ҳолда чиққан 150 мингдан ортиқ смартфон, телевизор ва бошқа техникалар Ли Гон Хининг кўрсатмаси билан намойишкорона ёқиб юборилади. Бу тадбирни компаниянинг 2 мингдан ортиқ ходими қўлларига «Сифат ҳамма нарсадан устун» ёзувли боғич боғланган ҳолда кузатади.

Келажакни кўра олиш – бизнесда катта қурол

Ли Гон Хи йирик бизнесменларга хос равишда келажакни тахмин қила олар ва қисман уни ўз ташаббуслари билан яратарди ҳам. 1974 йилда у яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчи Korea Semiconductors компаниясини сотиб олганида, отаси – Samsung'нинг ўша вақтдаги раҳбари бу харидни пулни ҳавога совуриш деб ҳисоблаган ва ўғлига яримўтказгичлар эмас, текстиль саноати ва тегирмон бизнесига пул тикишни маслаҳат берган.

Аммо Ли Гон Хи айнан яримўтказгичлар Samsung'нинг келгусидаги локомотивига айланади деб тахмин қилган. «Қачонгача чет эл технологияларига тўла қарам давлат бўлиб қолаверамиз? Технологик мустамлака ҳолатидан қутулиш учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қилишимиз керак», – дея жавоб берган у.

2003 йилда Ли Гон Хи компания кинескоп телевизорлар ишлаб чиқаришни тўхтатишини ва бундан буён телевизорларнинг фақат энг янги – суюқ кристалли тури билан шуғулланишини маълум қилган. Ваҳоланки ўша вақтда Samsung'нинг барча сотувлари ва даромадларининг чорак қисмидан кўпроғи айнан кинескоп телевизорлар ҳиссасига тўғри келарди. Ли бу турдаги телевизорлар XX аср маҳсулоти бўлиб қолишини назарда тутган. Афтидан, АҚШ дўконларида сотилмай чанг босиб турган телевизорлар доимий равишда Samsung раҳбарининг хаёлини банд қилиб келган.

Натижада, 2006 йилга келиб Samsung Electronics телевизорлар бўйича жаҳон бозоридаги энг асосий рақобатчиси – Япониянинг Sony конгломератидан ўзиб кетади. Америка бозорларида ҳам энди Samsung брендидаги телевизорлар харидоргир маҳсулотга айлана бошлайди.

Изсиз кетмаган Япония ва АҚШдаги таълим

Ли Гон Хи отаси Ли Бён Чхоль билан

Ли Гон Хи 1942 йил 9 январда Корея жануби-ғарбидаги Тэгу шаҳрида туғилган. Оиланинг моддий аҳволини ёмон деб бўлмасди; Гон Хи туғилишидан 4 йил олдин отаси Ли Бён Чхоль Samsung'га асос солган. Оилада 8 фарзанд, жумладан 3 ўғил вояга етган, Гон Хи кенжа ўғил бўлишига қарамай, отаси меросининг катта қисми унга насиб қилган.

Кичик Ли муайян муддат корейс мактабида ўқигач, отаси уни Японияга ўқишга юборади. У бакалавр даражасини Японияда, магистр даражасини эса АҚШдаги Жорж Вашингтон университетида олади. Сўнг Samsung тузилмасидаги корхоналарда ишлай бошлайди.

1987 йилда, Ли Бён Чхоль вафотидан икки ҳафта ўтиб, 45 ёшли Гон Хи Samsung бошқарувини ўз қўлига олади. Шундан кейин ўтган 33 йил ичида конгломерат капитали ҳажми 348 баробарга ўсди, соф фойдаси ҳам юзлаб каррага кўпайди.

Албатта, 1980 йиллардаги Samsung'ни ҳеч бир муваффақиятга эришмаган деб бўлмайди; ўша йилларда ҳам компания маҳаллий бозор ўлчовлари бўйича йирик холдинг даражасида эди, аммо барибир «денгиз»даги эмас, «ҳовуздаги асосий балиқлардан бири» бўлиб қолаётганди. Бироқ 2014 йилга келиб – Ли Гон Хи юрак хуружини бошдан кечириб, касалхонага ётқизилган ва компания бошқарувини ўғлига топширган вақтда, Samsung етти қитъага донғи кетган гигант техно-империяга айланганди. Айни пайтда корейс бизнес-гуруҳлари ичидаги энг йириги ҳам Samsung бўлиб қолмоқда.

Маълумотларга қараганда, Ли Гон Хи янги технологиялар яратишга пул тикиш ҳақида 1970 йилларданоқ гапира бошлаган. У АҚШ ва Япониядаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари билан танишганидан кейин шундай фикрга келган, бу эса тадбиркор отанинг фарзандини ўқишга юборишда адашмаганини кўрсатади.

Ўз эпохасининг одами

Шу кунларда Ли Гон Хи вафоти муносабати билан унинг яхши сифатлари, муваффақиятлари тез-тез эсланмоқда. Аммо холислик учун унинг биографиясида унчалик ёрқин бўлмаган саҳифалар ҳам борлигини таъкидлаш лозим.

Кореяда Лининг танқидчилари етарлича; Samsung'нинг маънавий обрўси борасида ҳам турлича фикрлар бор. Хусусан, корпорация узоқ вақт ўз ишчиларининг касаба уюшмасига бирлашишига тўсиқ бўлгани, ходимларни ўта қаттиқ талаблар асосида ишлатгани айтилади. Айтишларича, Samsung ишчиларни «лимондек сиқиб, сўнг бир марталик стакан каби улоқтиради», чунки ходимларга ҳатто шундай муносабат ҳам бўшаган иш ўрнини эгаллаш истагида бўлганлар сонини камайтирмайди.

Шу билан бирга, компаниянинг ички сирларини билишга уринган ёки бу сирларни ошкор қилган ходимларга нисбатан мутлақо тоқатсиз эканини ҳам қайд этишади.

Самсунг-таун, Сеул

Ли Сеул марказидаги уйидан кўп ҳам ташқарига чиқавермагани, Samsung штаб-квартирасида унчалик ҳам тез-тез кўриниш беравермаслиги ва журналистлар билан суҳбатларни рад этиши туфайли унга Кореяда «тарки дунёчи қирол» деган сифат ҳам беришади.

Таъкидлаш жоиз, Жанубий Кореяда нафақат кўплаб президентлар, балки йирик концернлар раҳбарлари ҳам озодликдан маҳрум этиб турилади. Ли Гон Хи ҳам икки марта жиноий иш доирасида тергов қилинган: 1995 йилда президент Ро Тхэ Уга пора беришда, 2008 йилда эса солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланган. Ҳар икки сафар ҳам оқланган бўлса-да, иккинчи гал у шартли равишда озодликдан маҳрум этилиб, 2 йилга Samsung раҳбариятидан кетишга мажбур бўлганди.

Samsung Electronics вице-президенти Ли Джэ Ён
Фото: Yonhap via Reuters

Лининг ўғли – компания вице-президенти, амалда олти йилдан буён концернни бошқариб келаётган Ли Джэ Ён устидан ҳам жиноий иш очилган. У 2014 йилда, отаси хасталикка чалинган вақтдан буён амалда биринчи раҳбар бўлиб қолмоқда, аммо корейс анъаналарига биноан, ота вафот этмагунга қадар ўғил компаниянинг энг юқори лавозимини расман эгаллай олмайди.

52 ёшли Ли Джэ Ён ва Samsung'нинг яна 4 нафар топ-менежери устидан 2017 йилда жиноят иши очилган. Улар собиқ президент Пак Кин Хенинг энг яқин дугонасига 43,4 млрд вон (тахминан 38 млн доллар) миқдорида пора берганликда айбланган. Бунга қўшимча равишда Джэ Ён хориждаги активларини яшириш ва парламент эшитувида ёлғон ахборот беришда ҳам айбланган ва 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Орадан бир йил ўтиб, 2018 йил бошида суд унинг апелляциясини кўриб чиқиб, жазони 2,5 йиллик шартли муддатга алмаштирган ва у озодликдан чиқарилганди.

Аммо бу билан иш ёпилмади: 2019 йил августида Ли Джэ Ён устидан тергов қайта бошланди, у яна қамоққа қайтиши эҳтимоли юзага келди. Шу боисдан Джэ Ён отасининг вафотидан кейин ҳам де-юре Samsung бошқарувини қўлга ола олмаслиги мумкин бўлиб қолмоқда.

Рекорд миқдордаги мерос солиғи

Ли Гон Хи рафиқаси Хон На Хи билан / Фото: CNN

Ли Гон Хи 1966 йилда, Сеуль давлат университетининг Санъат факультети талабаси Хон На Хи билан танишиб, бир йилдан сўнг унга уйланади. Улар уч фарзанд – бир ўғил ва икки қизни вояга етказишди. Якка ўғил Чжэ Ён Samsung'нинг асосий вориси экани ҳақида тўхталиб ўтдик. Марҳумнинг қизлари – Пу Чжин ва Со Хюн Samsung тизимидаги шўъба корхоналарга эгалик қилади.

Юқорида таъкидланганидек, Ли Гон Хи – Жанубий Кореянинг энг бадавлат одами эди. Forbes'га кўра, унинг бойлиги 20,9 миллиард доллар, Корея Республикаси Молиявий назорат хизмати маълумотларига кўра эса 18,2 триллион вон (16 млрд доллардан ортиқ) қийматга эга. Бу бойлик унинг беваси ва уч фарзанди ўртасида қандай тақсимланиши ҳозирча номаълум.

Ли Гон Хи икки қизи билан / Фото: Reuters

Reuters билан суҳбатлашган таҳлилчилар меросхўрлар бойликни тақсимлашда аҳиллик намойиш этишларига умид билдирган. Низо келиб чиққан ҳолда бу компания фаолиятидаги молиявий рақамларда акс этиши эҳтимоли юқори.

Аммо шуниси аниқки, Ли Гон Хининг вафотидан сўнг Корея ғазнасига меросдан олинадиган рекорд миқдордаги солиқ келиб тушади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, меросхўрлар 18 триллион вон мероснинг 55 фоиздан кўпроғи, ёки 10 триллион вонини солиқ сифатида тўлашига тўғри келади.

Мавзуга оид