Арманистонда контрразведка бошлиғи ва чегара қўшинлари қўмондони ишдан олинди
Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати контрразведка департаменти бошлиғи Ованес Карумян ва чегара қўшинлари штаби бошлиғи Гагик Тевосян истеъфога чиқарилди. Бундан ташқари, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси мудофаа вазири Жалал Арутюнян Озарбойжон билан жангларда ярадор бўлгани сабабли алмаштирилди.
Карумян ва Тевосяннинг бўшатилиши сабаблари маълум қилинмаган. Бироқ бундан олдинроқ Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Армен Айвазян собиқ юқори лавозимдаги ҳарбий жосусликка ёллангани ҳолати аниқланганини маълум қилган. Собиқ амалдор ҳарбий қисмлардан ахборот олиб, уни Озарбойжонга берган. Шунингдек, хорижликларга сафарбарлик ва ҳарбий техника ҳақида ахборот берилган. Аввалроқ, октябрь бошида Арманистонда жосусликда гумон қилинган бир неча хорижлик қўлга олингани маълум қилинган.
Тоғли Қорабоғ президенти Араик Арутюняннинг маълум қилишича, республика мудофаа вазири жангларда ярадор бўлгани сабабли алмаштирилди. Унинг айтишича, бу ўзгартириш “муҳокамаларга сабаб бўлмаслиги керак”. “Жалал Анатольевичга тезроқ соғайиб кетишни тилайман ва у тез орада ватан хизматига яна қайтишига ишонаман”, деб ёзган Арутюнян Facebook’да. Жалал Арутюнян ўрнига генерал-майор Микаел Арзуманян тайинланган.
Тоғли Қорабоғда бир ойдан бери Арманистон ва Озарбойжон қуролли кучлари ўртасида жанглар давом этмоқда. Томонлар ярашув ҳақида уч марта келишган, бироқ ўқ отишни тўхтатишга барча уринишлар барбод бўлган.
Мавзуга оид
09:23 / 05.12.2024
Пашинян: Арманистон КХШТ билан муносабатларда ҳал қилувчи нуқтадан ўтди
21:21 / 14.11.2024
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларациясини энг катта муаммо ва фожиа деб атади
14:26 / 13.11.2024
БМТ суди: Арманистон ва Озарбойжоннинг даъволари бизнинг юрисдикциямизда
10:10 / 09.10.2024