Ўзбекистон | 11:34 / 30.10.2020
9125
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сунъий нафас бериш (СНБ) қурилмаси яратилди

СНБ қурилмаси COVID-19 пандемияси даврида Ўзбекистонда вужудга келиши мумкин бўлган қурилма танқислигининг олдини олиш мақсадида яратилган бўлиб, нархи 5 миллион сўмни ташкил этади.

Ўзбекистонда сунъий нафас бериш (СНБ) қурилмаси яратилди. Ушбу қурилма маҳаллий техник имкониятлардан келиб чиққан ҳолда яратилган ва нархи 5 миллион сўмни ташкил этмоқда, – деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ўзавтосаноат» қошидаги R&D маркази муҳандиси Фикрат Умировнинг маълум қилишича, ЎзАвто сунъий нафас бериш қурилмаси маҳаллий техник имкониятлардан келиб чиққан ҳолда беморлар учун хавфсиз ва узлуксиз тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, ўпкани механик шамоллатиш орқали нафас етишмовчилигининг олдини олиши кўзланган.

 

Ушбу лойиҳа қиймати 65 млн сўмни ташкил этади. Қурилма ўткир респираторли дистресс синдроми (ўпка яллиғланишидаги нафас етишмовчилиги)да қўллашга мўлжалланган кенг қамровли созламаларга эга бўлган бошқарув тизимига эга.

“Энг aфзал жиҳати ушбу маҳаллий қурилмалар бошқа кенг тарқалган СНБ қурилмаларининг юқори таннархи (25-50 минг доллар)дан сезиларли даражада арзон бўлиб, 5 миллион сўмни ташкил этади”, – деди Фикрат Умиров 29 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида бўлиб ўтган “Автомобилсозликдаги долзарб муаммолар ва инновациялар” мавзусидаги семинарда.

Шунингдек, қурилма осон механик бошқарув тизимига эгалиги ва DIY таркибий қисмларининг аниқланиши осонлиги билан бошқа қурилмалардан ажралиб туриши алоҳида таъкидланди.

Мавзуга оид