Жамият | 21:17 / 02.11.2020
19171
3 дақиқада ўқилади

Болага қорин оғриғига қарши дуч келган дорини бериш мумкин эмас - мутахассис

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Тошкент тиббиёт академиясининг болалар юқумли касалликлари кафедраси доценти Гулнора Худойқулова билан интервью уюштирди. Унда диареянинг олдини олиш учун эътибор қилиш керак бўлган жиҳатлар, чўмилиш ҳавзаларида болаларга юқумли ичак касалликлари юқиш эҳтимоли каби саволларга жавоб олинган.

— Диареянинг олдини олиш учун нималарга кўпроқ эътибор бериш керак?

— Аввало, оилада озодаликка жиддий эътибор қаратиш даркор. Қолаверса, ҳар бир инсон шахсий гигиенага қатъий риоя этиши лозим. Бундан ташқари, ҳар бир хонадонда қайнаган сув бўлиши керак. Уйда ҳам, кўча-кўйда ҳам сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик керак. Айниқса, болалар учун тайёрланадиган ҳар бир таом, жумладан, сутли таомлар обдон қайнаб пишиши мақсадга мувофиқ. Мева-сабзавотларнинг сифатлисини танлаб, тозалаб ювиб кейин истеъмол қилиш керак.

Болаларга «фаст-фуд», газли сувлар бериш зарарли. Икки ёшгача бўлган болаларни кўкрак сути билан озиқлантириш зарур. Агар болалар сунъий озиқлантирилса, таркибида бифидобактериялари бор озуқаларни танлаш лозим.

Барчамиз биламиз, диареяда қўлланадиган дориларнинг аксарияти шифокор рецептисиз сотилади. Лекин ота-оналар кимнингдир тавсиясига биноан дуч келган қорин оғриғига қарши дорини болага бериши мумкин эмас. Айниқса, ўзига қачондир ёрдам берган дорини боласига ҳам ичириши баъзи ҳолларда оғир асоратларга олиб келади. Оилаларга кирганингизда ота-оналарга бу ҳақда маълумот беришингиз фойдадан холи бўлмайди.

— Чўмилиш ҳавзаларида ҳам болаларга юқумли ичак касалликлари юқиши мумкинми?

— Юқиши мумкин, чунки болалар ҳамиша тоза сув ҳавзаларида чўмилади, деб бўлмайди. Баъзида ота-оналар ҳам фарзандини бу борада тўла назорат этмайди. Ариқлар, анҳорлар, суви тозаланмайдиган бассейнлар ҳам касаллик манбайи бўлиши мумкин. Ота-оналарнинг бу борада ҳам ҳушёрлигини ошириш лозим.

— Болалар юқумли касалликлари соҳасида тиббиётимизнинг энг муҳим ютуқлари нималардан иборат?

— Тиббиётимизнинг бу борада энг муҳим ютуғи юқумли ичак касалликларига қарши замонавий эмлаш воситаларининг тиббиёт амалиётига кириб келаётганидир. Жаҳон илм-фанининг бундай оламшумул кашфиётлари мамлакатимиз тиббиётига ҳам татбиқ этилмоқда. Кейинги йилларда пневмококк ва ротавирус инфекциясига қарши эмлаш миллий тақвимимизга жорий этилгани қувонарли ҳол.

Пневмококка қарши вакцина билан эмланган болаларда менингит, отит, пневмония каби оғир касалликларнинг олди олинади. Ротавирусга қарши эмлаш эса диареянинг оғир турлари профилактикасида муҳим воситадир. Қолаверса, диагностика ва даволаш амалиёти ҳам йилдан йилга янгича услублар билан бойиб бормоқдаки, бундай илғор технологиялар инсон саломатлигини асрашда муҳим натижаларга замин яратмоқда.

Мавзуга оид