Улар жиноят содир этмаслиги мумкин эди. Ўсмирлар жинояти — сабаб ва ечимлар
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги «Болалар ҳимояси» дастури ўсмирлар жиноятини кўриб чиқадиган ихтисослашган судлар ташкил қилишни таклиф қилмоқда. Ихтисослашган судья ва терговчиларни ўсмирлар психологияси бўйича ўқитиш боланинг яна қайтадан жиноят кўчасига кирмаслигига ёрдам бериши мумкин.
Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, вояга етмаганлар орасида, афсуски, қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, безорилик, ўғрилик, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ёки сотиш билан боғлиқ оғир жиноятлар ҳам учраб туради.
Статистикага кўра, республикада вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2018 йилда 938 тани, 2019 йилда 739 тани, 2020 йилнинг биринчи ярмида 338 тани ташкил этган.
Хўш, вояга етмаганларнинг жиноят содир этишига нималар сабаб бўлмоқда?
Таҳлилларга кўра, қотиллик жиноятлари учун ҳукм қилинганлар кўп ҳолларда носоғлом муҳитда тарбия топган бўлиб чиқади. Уларнинг 20 фоизга яқини ота-онасиз, учдан бир қисми тўлиқсиз оилада (ота ёки онасиз) ўсган.
Ҳар бешинчи ҳолатда оиланинг тўлиқсизлиги ота ёки онанинг судлангани билан боғлиқ бўлмоқда. Ота ёки онанинг жиноят йўлига кириши боланинг ҳам шу йўлдан боришига туртки бўлувчи асосий омиллардан бири саналади.
Ўсмирлар жиноятчилиги кўпинча оиладаги муҳитга боғлиқ бўлади
Психолог Зебинисо Aҳмедова вояга етмаганларни жиноят қилишга ундайдиган омиллар ҳақида гапирар экан, улар орасида болага етказилган руҳий ва жисмоний жароҳатни алоҳида таъкидлайди.
«Вояга етмаганлар жиноятларининг аксарияти уларнинг ота-онадан ажралиб чиқиш жараёнида содир бўлади, яъни ўсмирларда мустақил қарор қабул қилиш жараёни бошланган даврда. Ўсмирнинг вояга етиш даври 9-12 ёш ва 12-16 ёшга бўлинади. Шу вақтда болада ўзига ишонч ва ҳурмат шакллантирилмаса, унинг орзулари ота-она томонидан қўллаб-қувватланмаса, у ўзини ҳеч нарсага қодир эмасдек ҳис қила бошлайди. Натижада бу бола дунёга нафрат билан улғайиши мумкин.
Агар оилада боланинг эҳтиёжлари ва ташвишлари билан ҳеч ким қизиқмаса, унга бепарво бўлиб, фикри эътиборга олинмаса ва унга нисбатан зўравонлик ишлатилса, у ўз шахсини бузғунчилик ва жиноят содир этиш орқали кўрсатишга ҳаракат қилади. Хуллас, болага руҳий ва тан жароҳати етказилса, у бошқаларга нисбатан шундай ҳаракат қилишдан қўрқмай қўяди.
Баъзан бир синфдан олийгоҳларга жуда камчилик ўқишга киради. Қолганларида эса жамиятга керак эканликлари тўғрисида шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Кейин улар мардикорлик ёки шунга ўхшаш майда ишларга ўзини уради. Бунинг олдини олиш учун ота-она фарзандини илм олишга рағбатлантириши, ўқиши учун зарур шароитни яратиб бериши керак.
Шунингдек, ота-она билан ишлаш, уларга бола парвариши ва тарбиясини ўргатиш жуда муҳим. Чунки ўсмирлар жиноятчилиги кўпинча уйдаги муҳит билан боғлиқ бўлади», – дейди руҳшунос.
Инсонда ўз хатти-ҳаракати оқибатини англаш 25 ёшдан кейин тўлиқ шаклланади
Вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликни бартараф этиш бўйича дастурий принципларга кўра, ўсмир болалар тарбияси ва ҳимояси билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки оила, ижтимоий институтлар, мактаб, маҳалла ва ёшлар ташкилотлари ҳам шуғулланиши керак.
Халқаро тадқиқотлар натижаларига кўра, болада ўз хатти-ҳаракати оқибатини билиш 25 ёшдан кейин тўлиқ ривожланади. Жиноят содир этган ўсмирларнинг 80 фоизида улар улғайгач ижобий характер шаклланиб, жиноят йўлини тарк этишган.
ЮНИСЕФ янги ёндашувни таклиф этмоқда
Бош прокуратура ва унинг ҳузуридаги академия ЮНИСЕФ кўмагида маҳаллий ҳокимликлар билан бирга жиноят содир этган болалар билан алоҳида ёндашув асосида ишлаш лойиҳасини амалга оширмоқда. Унда турли ташкилотлар вакилларидан иборат 10 нафар профессионаллар жамоаси фаолият олиб бормоқда. Улар қаторига Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия котиби, координатор, ижтимоий ходимлар, мутахассислар, ўқитувчилар, фасилитаторлар, шунингдек, Ёшлар иттифоқи ва маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари киритилган.
Лойиҳа доирасида унча оғир бўлмаган жиноятлар (ўғрилик, безорилик, тан жароҳати етказиш, талончилик) содир этган 14–18 ёшли болалар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар (енгил тан жароҳати, майда безорилик, майда ўғрилик) содир этган 16–18 ёшли болалар комиссия тасарруфига юборилади. Сўнгра жамоа аъзолари болалар ва уларнинг оилалари эҳтиёжларини аниқлайдилар, ўсмирларнинг ҳуқуқбузарлик хулқини ўзгартириш учун индивидуал чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, уни амалга оширадилар.
«Асосий шарт – бола ўз хатосини тушуниб етиши»
Лойиҳа доирасида иш олиб бораётган ижтимоий ходим Мадина Гобозова бу фаолиятнинг ижобий жиҳатларига тўхталди.
«Ушбу янги ёндашув сабабли болаларга нисбатан муносабат умуман бошқача бўлади. Aсосий шартлардан бири боланинг ўз хатосини тушуниб етиши ва уни тузатишга рози бўлишидир. Кейин боланинг ўзи билан биргаликда режа ишлаб чиқиб, уни амалга оширишга оила аъзоларини ҳам жалб қиламиз» – дейди Мадина Гобозова.
«Ўсмир билан ишловчи терговчи ва судьялар ўсмир психологиясини билиши керак»
Aдвокат Aбдумалик Aбдуллаев вояга етмаганлар учун алоҳида суд ташкил қилиниши талаблари қандай бўлишини изоҳлади.
«Вояга етмаганлар учун алоҳида суд тизими бўлиши керак деб ҳисоблайман. Бунда судья, терговчи ва адвокатдан болалар билан ишлаш борасида тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлиши талаб қилинади.
Вояга етмаганлар томонидан содир этилган барча жиноят турлари билан фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари шуғулланиши тўғри эмас. Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, маълум бир тоифадаги мутахассислар ҳам жалб қилиниши қонунчиликда маълум мезонлар билан белгилаб қўйилиши керак.
Вояга етмаганлар ишини кўриб чиқадиган судьяларга психология фанини ўрганиш талаби қўйилиши керак, деб ҳисоблайман. Ҳозирда вояга етмаган шахс ишини кўриб чиқадиган судьялар ўсмирлар билан мулоқот қилишга тайёр эмас. Улар психологик тестлардан ўтганларидан кейин вояга етмаганларнинг иши билан шуғулланиши мумкин, деб ўйлайман» – дея ўсмирлар суди ташкил этилишининг муҳимлигини асослади адвокат.
Хулоса
Ўсмирлар психологияси жуда нозик бўлиб, бу ёшдаги арзимаган ҳаракат ҳам уларнинг ким бўлиб улғайишига таъсир қилади. Ўсмирлар орасида жиноятчиликнинг кўпаймаслиги учун оиладаги муҳитни яхшилаш, ота-оналарнинг саводхон бўлиши жуда муҳим.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги «Болалар ҳимояси» дастури таклифига кўра, ўсмирлар жиноятини кўриб чиқадиган суд ташкил қилиниши уларнинг қайта жиноят қилмаслиги, ўз хулқ-атворини яхши томонга ўзгартиришга ёрдам бериши мумкин. Чунки ўсмирлар судида ўсмир психологиясини ўрганган мутахассислар ишлаши бу ишни енгиллаштиради.
Ўзбекистонда ўсмирлар жинояти кўриб чиқилаётган суд жараёнларида терговчи, судья, адвокатларнинг ўсмирлар психологиясини ўрганишига эҳтиёж сезилмоқда. Бундай суд ташкил қилинмаса ҳам, улар билан ишлайдиган терговчи, судья ва адвокатларни ўсмирлар психологиясига ихтисослаштириш яхши самара беради. Чунки судланганлиги расмий равишда қайд этилган вояга етмаганлар кўпинча камситиш ва жиноятчи сифатида тамғаланиш ҳолатларига дуч келади.
Жиноятнинг хавфлилик даражасига қараб ўсмирлар билан судлар эмас, балки уларга ўзининг хулқ-атворини тузатишига имкон берадиган ижтимоий гуруҳлар ишлаши уларни жиноятчилик йўлидан қутқариб қолиши мумкин.
Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
11:34 / 23.12.2024
Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилмоқда
11:34 / 09.12.2024
“Озодликнинг қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди” — афв этилганлар ҳикояси
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
11:12 / 29.10.2024