Жамият | 17:20 / 04.11.2020
14012
1 дақиқада ўқилади

Tashkent City ҳудудида ёнғин содир бўлди

Tashkent City ҳудудида қурилаётган биноларнинг бирида қурилиш жиҳозлари сақланаётган 15 кв. метр майдонда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.  

Қайд этилишича, бугун, 4 ноябрь куни, соат 15:37да Тошкент шаҳар ФВБ диспетчерлик хизматига Шайхонтоҳур тумани Фурқат кўчасида қурилиш ишлари олиб борилаётган Tashkent City’нинг 7-лотида 6 қаватли янги қурилаётган бино 3-қаватида ишчиларнинг вақтинча фойдаланаётган омборхонасида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ФВБ ёнғин ўчириш экипажи соат 15:42да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 15:52да тўлиқ бартараф этилган. 

Ёнғин оқибатида 15 кв. метр майдонда усталарнинг қурилиш жиҳозлари зарар кўрган. 

Ёнғиндан жароҳат олган ҳамда вафот этган фуқаролар йўқ, дейилади маълумотда. 

Мавзуга оид