Хавфсизлик ва харажат ўртасидаги балансни топиш бўйича ўрганишлар олиб бориляпти - Масъул АЭС қуриш ҳақида
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев атом электр станциясини қуриш бўйича экспертларни жалб қилган ҳолда ўрганишлар олиб борилаётгани ҳақида маълум қилди.
«Электр станциясини қуриш учун жуда катта ўрганиш ва тадқиқотларни амалга ошириш лозим. Хабарингиз бор, электр станциясини қуриш майдончаси аниқланганидан сўнг хорижий мутасадди, экспертларни жалб қилган ҳолда у ерда бир қатор ўрганишлар амалга ошириляпти.
Ўрганишлардан асосий мақсад нима – хавфсизлик ва харажат ўртасидаги балансни топиш. Агар биз бу лойиҳага фақат хавфсизлик нуқтайи назаридан ёндашиб, харажатларни умуман ҳисобга олмайдиган бўлсак, эртага шу станцияда ишлаб чиқарилган электр энергияси нарх жиҳатидан рақобатбардош бўлмай қолади. Бунинг оғирлиги республика иқтисодиёти, аҳоли елкасига тушади.
Шунинг учун оптимал лойиҳалаштириш устида экспертлар ишлашяптики, таннархи ҳам одатий иссиқлик электр станциялари ёки қуёш ва шамол электр станцияларида ишлаб чиқарилган энергия нархи билан таққослайдиган даражада бўлиши керак», деди у «Энергетика тизимидаги энг сўнгги янгиликлар, куз-қиш мавсумига кўрилаётган чоралар» мавзусига бағишланган матбуот анжуманида.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг октябрь ойида Россия ва Ўзбекистон президентлари Владимир Путин ҳамда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасига старт беришган эди.
АЭС қуриладиган майдон сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдонлардан бири танлаб олинди.
Халқаро атом энергияси агентлигининг мустақил ҳукуматлараро ташкилот сифатидаги фаолияти — атомдан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Ўзбекистон мазкур ташкилот билан илмий-техник ҳамкорлик доирасида атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш бўйича кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
2019 йил сентябрида «Росатом» бош директори Алексей Лихачев корпорация йил охирига қадар АЭС қурилиши бўйича асосий шартномани имзолаш ҳамда 2020 йил аввалидан станция қурилиши бўйича майдончада ишлар бошланиши режалаштирилаётгани ҳақида айтганди.
Мавзуга оид
18:22 / 22.12.2024
Японияда АЭСлар яқинига радиоактив зарралардан ҳимоя қилувчи палаткалар жойлаштирилади
23:39 / 12.12.2024
Тошкент вилоятидаги «Чорбоғ» подстанциясида носозлик юзага келди
22:47 / 07.12.2024
Японияда «Симанэ» АЭСининг иккинчи реактори қайта ишга туширилди
17:46 / 30.11.2024