Ўзбекистон | 19:53 / 09.11.2020
57249
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари президентга 4та таклиф билан чиқди

Эмлаш ҳамширалари тизимга қайтарилиши, шифохоналарда болалар ва катталар блоклари ажратилиши кутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни соғлиқни сақлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган селекторда вазир ўринбосари Элмира Боситхоновадан тизимдаги муаммолар ҳақида сўради, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Боситхонова президент саволига жавобан қуйидаги 4та асосий таклифни билдирди ва улар давлат раҳбари томонидан маъқулланди:

1. Шифохоналарда катталар ва болалар блокини ажратиш. «Марказий ва оилавий поликлиникаларда катталар ва болаларнинг битта хонада ҳамда битта шифокор томонидан умумий ҳолда қабул қилиниши турли муаммоларга сабаб бўлиб келмоқда», – дейди вазир ўринбосари.

2. Эмлаш ҳамширалари штатини тиклаш. «Ўтган йиллар давомида тиббиёт тизимидаги қилинган айрим нотўғри ислоҳотлар натижасида поликлиникалардаги эмлаш ҳамширалари штати қисқартириб ташланди ёки умуман йўқ қилинди. Вакцинация масаласи ва миллат саломатлигини сақлаш қанчалик муҳимлигини инобатга олган ҳолда, поликлиникаларда эмлаш ҳамширалари штатини тиклаб, амбулатор тизимга қайтариш лозим».

3. Янги кардиоревматология шифохонасини қуриш. «Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги Болалар кардиоревматология шифохонасининг бугунги кун талабларига умуман жавоб бермай қолгани, шифохонадаги ўринлар сонининг даволанувчилар сонидан бир неча баробар камлиги боис, замонавий ва кўп ўринли кардиоревматология шифохонасига эҳтиёж сезилмоқда».

4. Янги Ларингит марказини қуриш. «Тошкент шаҳридаги Ларингит маркази шифохонасида ҳар йили 11 мингдан ортиқ бемор даволанади. Аммо шифохона биносининг ўта эскиргани ҳамда даволаш жиҳозларининг етишмаслиги беморларнинг ҳақли ва доимий эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда, шифохона ўрнида янгидан Ларингит маркази қуриш мақсадга мувофиқ».

Давлат раҳбари ушбу таклифларни қўллаб-қувватлади ва мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Вазир ўринбосари йиғилишдан кейин Kun.uz мухбири билан суҳбатда, бошқа давлат органларидан ўз таклифлари бўйича амалий иш кутишини ва бу борада ижро механизми ишлаб кетса, тизимда ечилмай келаётган кўплаб муаммолар ҳал қилинишини таъкидлаб ўтди.

Мавзуга оид