Ўзбекистон | 07:36 / 10.11.2020
13415
8 дақиқада ўқилади

Чустда ҳам тез тиббий ёрдам ходимларига рағбат пули берилмаяпти

Коронавирус пандемияси бошланганидан буён тиббиёт ходимларига рағбатлантирувчи тўловлар берилмаётгани билан боғлиқ муаммоли масалаларга кўп бора тўхталдик. Навбатдаги шунга ўхшаш муаммо Наманган вилоятининг Чуст туманида ҳам юз бермоқда.

Чуст тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимида 500 нафарга яқин ходим фаолият юритади. Ходимлар Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 20 июлдаги «Коронавирус инфекциясига қарши кураш даврида аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан кенг қамраб олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 446-сонли ва шу йил 24 сентябр кунги «Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 583-сонли қарорларига асосан рағбатлантириш тўловлари тўланмаётганидан норози.

Туман тез тиббий ёрдам бўлими ва унинг филиали ходимлари билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрларини тингладик.

«Мамлакатимизга пандемия хавф сола бошлаган илк кунлардан бошлаб, президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан коронавирус инфекциясига қарши курашаётган тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш учун чиқарилаётган қарорларни кузатиб боряпмиз. Лекин мазкур қарорлар ҳеч бизнинг тез тиббий ёрдам бўлимига татбиқ қилинмаяпти. Март ойидан бери бўлимимиздаги фақат битта бригада фақат апрель ойида 6 фоизлик қўшимча тўлов олди холос. Бошқа бригадаларга берилмади.

Шу йилнинг 20 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг 446-сонли қарори чиқди. Ҳужжатда шу кунгача бериб келинган ҳар кунлик 6 фоизли қўшимча тўлов ўрнига врачлар учун 2,5 млн сўм, ҳамширалар учун 1,5 млн ва ҳайдовчилар учун 1 миллион сўмдан қўшимча рағбатлантирувчи тўловлар тўланиши белгиланган. Лекин биз август ойидан бери мана шу тўловларни олмадик.

Муаммо юзасидан Чуст шаҳар молия бўлимига, Тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилдик. Улардан бу тўловлар бизга берилмаслиги ҳақидаги жавобни эшитгач, масаламиз «республика миқёсида ҳал бўлади» деган умидда 10 00 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилдик. Улар: «Бир ой ичида ижобий ҳал бўлади, кутинглар», дейишди.

Наманган вилоят молия бошқармаси вакили Яҳёхон Зиёев: «Агар бошлиқларинг иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда рўйхат тайёрлаб бизга тақдим қилса, албатта тўловларингни берамиз», деган жавобни айтди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ҳам рағбатлантирувчи тўлов берилишини айтишди. Лекин Чуст туман тиббиёт бирлашмасида эса тўлов фақат битта мобил бригадага берилишини билдиришди. Энг қизиғи, мутасаддилар мазкур қарор билан умуман танишишмаган. Биз олиб бориб таништирдик», – дейди врач Дилфуза Тўрабоева.

Бўлим ходимларининг кўнглида тўпланган гаплари жуда кўп экан. Ҳамшира Дилафруз Юсупова шундай дейди:

«Туман молия бўлими фақат иккита бригадани рўйхатини тақдим қилишимизни сўради. Биз тушунмадик. Бизда мобил бригада ташкил қилинмаган. Ковидда гумон қилинаётган касалларга барчамиз бирдек бориб келяпмиз. Шу пайтгача ҳеч ким пул олмади».

Бўлимнинг 8та тез тиббий ёрдам бригадалари туманнинг қишлоқлари ичида жойлашган шохобчаларда фаолият юритади. Янгиер шохобчаси ходими Барно Ғоипова ўз фикрларини билдирди.

«Ҳайронмиз. Пандемия бошланган илк кунлардан бизни коронавирусни ўчоғига тиқиб қўйишди. Ҳеч қандай ҳимоя кийимлари билан таъминлашмади ҳам. Тиббиёт ходими бўлганимиз учун биз халқни хизматида юравердик. Ўзим ҳам ковид инфекцияси юқтириб даволаниб чиқдим. Тўғриси, тиббиёт ходимларининг қадрига ҳеч ким етмаяпти. Ахир тез ёрдам врачлари, ҳамширалар биринчи бўлиб коронавирусга рўпара келади. Наҳотки, тез ёрдам ходимларининг меҳнати 2,5 миллионга яраша бўлмаса? Ахир коронавирусни даволаётган ичкаридаги врачларга 25 миллиондан пул тўланяпти-ку?

Бўлимизнинг қишлоқлардаги шохобчаларида эса малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун умуман шароит йўқ», – дейди Б. Ғоипова.

«Бўлим биносини маошимизга таъмирлаганмиз»

Тез ёрдам бўлими ҳамширалари бизни бўлим биносига кириб шароитлар билан танишишимизни сўрашди. Рости, ўн йиллар буёғида бино таъмир кўрмаган экан. Деворлар шўрлаб, хона поллари кўчиб ётибди. Овқатланиш, дам олиш хоналарининг аҳволи жуда ачинарли. Диспетчерлар хонаси бўлса умуман талабга жавоб бермайди.

«Ҳожатхонани ўзимиз маошимиздан пул тўплаб қурдик. Бинони ўн йил олдин таъмирлашган. Шундан бери ҳар йили ўзимизни ёнимиздан баҳоли қудрат таъмирлаймиз. Беморларни кўрув хоналари, иссиқ сув, ёзда совитиш, қишда иситиш тизими йўқ», – дейди ходимлар.

Туман тиббиёт бирлашмасида раҳбарлардан ҳеч ким йўқ, ҳисобчилар эса телефонда изоҳ беришди

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасига бордик. Ташкилот навбатчиси бирлашма раҳбари икки кун аввал туман ҳокимлигига ишга ўтгани, ўринбосарлар ҳам янги тайинлангани сабаб изоҳни ҳисобчи ва иқтисодчилардан олишимиз мумкинлигини айтди.

У бирлашма ҳисобхонасига қўнғироқ қилиб масъулларни чақирди. Бироқ ҳисобчи ва иқтисодчини бир соат давомида кутдик. Келишмади. Биз борган куни иш бошлаган ўринбосар Самижон Раҳмонов билан бирлашма ҳисобхонасига бордик. Афсуски, у ерда бош ҳисобчи ва иқтисодчи «жойларга чиқиб кетгани» айтилди.

Ходимлардан бош ҳисобчи Ботиржон Саломовнинг телефон рақамини олиб қўнғироқ қилдик. Мутасадди, Вазирлар Маҳкамасининг 464- ва 583-сонли қарорлари бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан ҳеч қандай буйруқ келмагани сабаб ходимларга рағбатлантирувчи тўловлар берилмаётганини айтди.

Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида бўлиб бош ҳисобчи Алишер Нарзиевдан изоҳ олдик.

«Вазирлар Маҳкамасининг 446- ва 583-сонли қарорларида коронавирус инфекцияси даврида аҳолига малакали тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида 6 фоизли махсус тўловлар ўрнига врачларга 2,5 миллион сўмдан, ўрта тиббиётга 1,5 миллион ва ҳайдовчиларга 1 миллион сўмдан рағбатлантириш тўловлари белгилаш назарда тутилган. Мазкур тўловлар бўйича ҳар битта тумандан жалб этилган бригадаларда ишловчи тиббиёт ходимларининг сўровномалари шакллантириляпти. Туман молия бўлимига сўровнома берилиши билан бу тўловлар ўз вақтида тўлаб берилиши кафолатланади.

Афсуски, тумандаги барча бригадаларга бу қўшимча рағбатлантириш тўловларини тўлаш имконияти йўқ. Қарорда фақат рағбатлантирувчи тўловни ихчамлаштирилган бригадаларга тўлаш назарда тутилган.

Муаммо юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига чиққанмиз. Айни пайтда рағбатлантирувчи тўловларни барча тез тиббий ёрдам соҳаси ходимларига тўлаш бўйича қўшимча кўрсатма берилиши ва масала ижобий ҳал этилиши кутилмоқда», – дейди А. Нарзиев.

Андижонда тўланган пул Наманганда тўланмаса...

Вилоят бошқармаси мутасадди ва мутахассислари ҳукумат қарорларини яна бир кўздан кечириб чиқишса яхши бўлар эди. Сабаби Вазирлар Маҳкамасининг 446-сонли қарори 2-бандида кучайтирилган тартиб даврида ҳар ой якунига қадар барча тез тиббий ёрдам бригадаларида ишловчи ходимларнинг лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар ўрнига янги рағбатлантирувчи тўловлар тўланиши белгиланган.

583-сонли қарорнинг 2-иловасидаги рўйхатда ҳам барча тез тиббий ёрдам бригадаларига рағбатлантирувчи тўлов берилиши кўрсатилган.

Ихчамлаштирилган бригадалар рўйхати эса шу қарорнинг 3-иловасида келтирилади.

Мазкур масала юзасидан Андижон вилоятидаги аҳвол билан қизиқиб кўрдик. Вилоят молия бош бошқармаси мутахассислари 583-қарорга асосан рағбатлантирувчи тўловлар 24 сентябрь кунидан талабномаларга асосан барча тез тиббий ёрдам бригадаларига берилаётганини билдиришди.

Ҳукумат қарори қандай қилиб бир вилоятда амал қилиб, бошқасида тан олинмаётгани бу масала тегишли идоралар томонидан чуқурроқ ўрганилиши лозимлигига ишора қилмоқда.

Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзуга оид