Ўзбекистон | 08:22 / 13.11.2020
7838
2 дақиқада ўқилади

Солиқ кодексига тузатишлар киритилди

Президент томонидан айрим қонун ҳужжатларига киритиладиган тузатишлар имзоланди.

Norma’нинг ёзишича, Солиқ кодексининг алоҳида нормаларига ўзгартиришлар киритилди:
 
1) СКнинг 344-моддаси 2-қисмида маблағларни депозитга жойлаштиришдан фоизлар назарда тутилганлиги аниқлаштирилди. Бинобарин, ушбу норма бошқа турдаги фоизларга татбиқ этилмайди. Яъни мамлакатнинг солиқ резидентлари ҳисобланган юридик шахслар томонидан нотижорат ва бюджет ташкилотларига депозитга маблағларни жойлаштиришдан тўланадиган фоизларга:

тўлов манбайида 15 фоизлик ставка бўйича фойда солиғи солинади;

бундай даромад олувчиларнинг солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланиши лозим;
 
2) жисмоний шахснинг жами даромадини аниқлаш тартибига тузатишлар киритилди:

а) вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси (оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш бўйича нафақа) бўйича даромади жами даромадга киритилади. Давлат пенсиялари, қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа нафақалар, илгаригидек, жами даромадга қўшилмайди;

б) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари, хайрия, экология жамғармалари ва президент қарорлари билан ташкил этилган бошқа жамғармалар томонидан кўрсатилган ёрдам солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди:

уставда назарда тутилган фаолият доирасида бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар;

даволаш ва тиббий хизматлар қиймати, ногиронларни профилактика ва реабилитация қилиш учун техник асбоб-ускуналар олиш;

жисмоний шахснинг манфаатларини кўзлаб, товарлар ва хизматларни етказиб берувчидан олиш;

хайрия мақсадида бошқа шаклларда қўллаб-қувватлаш (бундан пул шаклида қўллаб-қувватлаш мустасно);
 
3) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари, хайрия ва экология жамғармалари томонидан солиқ тўловчиларга бериладиган нафақалар, шунингдек пул маблағлари тарзидаги ёрдамнинг бошқа турлари, бироқ солиқ даври мобайнида 15 млн сўмдан ошмаган ҳолда кўрсатилганда, улар солиқ (ЖШДС) солишдан озод этилади.
 
2- ва 3-бандлардаги қоидалар орқага қайтиш кучига эга – улар 2020 йил 1 апрелдан юзага келган муносабатларга ҳам татбиқ этилади.
 
Ҳужжат 9.11.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид