Жамият | 19:00 / 16.11.2020
26434
8 дақиқада ўқилади

«Онам ўз ҳаёти билан яшайди, биз билан иши йўқ...»

Инсонга берилган неъматлардан энг тотлиси, шубҳасиз, фарзанд. Аммо афсуски, ота-оналар ҳар доим ҳам бу неъмат қадрини ва унинг масъулиятини тўла англаб етаверишмайди. Айнан тарбияда йўл қўйилган хатолардан, оиладаги носоғлом муҳитдан бола азият чекади ва улар кўп ҳолларда бунга худди ўзлари сабабчидек «хулқи оғир болалар» дея аталади.

Тарбияси алоҳида назоратга олинган болалар билан суҳбатлашиб кўрганмисиз? Улар ота-оналари ҳақида қандай фикр билдиришади? Ота-она ва фарзанд муносабатларида келишмовчилик қаердан бошланади? Нега айрим ота-оналар боласига эътиборсиз, айрим фарзандлар эса энг яқин инсонларини кўп ранжитади?

Ижодий жамоамиз билан Сирдарё вилояти Бахт шаҳридаги республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасасида бўлиб, у ердаги ўқувчилар билан суҳбатлашиш асносида юқоридаги саволларга жавоб излашга ҳаракат қилдик.

Маълумот учун, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасасида 14–18 ёш оралиғидаги 61 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу ерда уларга 3 йил давомида таълим-тарбия берилади.

«Онамнинг гапи туфайли 2 марта ўз жонимга қасд қилишга уринганман»

Николай, 17 ёшда (Тошкент шаҳри):

— Бу ерга ўтган йили декабр ойида Тошкент шаҳридан келдим. Бунга ота-онам билан келишмовчилик сабаб бўлди. Бу ерга келганимдан кейин характеримда кўп ўзгаришлар бўлди. Тортинмасликни ўргандим, бошқа болаларга қўшилиб, ўз фикримни билдириб, билмаган нарсамни сўрай бошладим.

Бу жиҳат менга келажакдаги касбим учун жуда керак. Келажакда реклама агенти бўлмоқчиман. Илгари шу соҳада ишлаб кўрганман ва буни уддаладим. Бўёқ сотганман. Уни кичик цехда тайёрлардик. Тайёрлаган бўёғимизни сотишга ҳам ёрдамлашганман. Мендан олдин ишлаб кетган қиз ҳафтасига 500–600 блок бўёқ сотган бўлса, мен 1200 блок сотганман.

Тез орада бу ердан кетаман. Мактабдаги ўқишим ҳали тугамайди. Фақат ўқув йилининг 2-чораги тугаган бўлади. Ўзим ўқиган мактабда таҳсилни давом эттирмоқчиман. Шу вақтда бирор иш топаман. Кейинчалик ўқиш харажатлари учун пул ишламоқчиман.

Оилам жуда ҳавас қиларли даражада эмас. Ота-онам ҳеч қаерда ишламайди. Бир хонали уйда ижарада яшаймиз. Оилада тўнғичман. 4 нафар фарзандмиз: икки укам, бир синглим ва мен. Шароитимиз бироз оғирроқ. Шу сабабли ҳам шу ерга келиб қолдим. Ишлайман, деб мактабни ташлашга тўғри келган. Онамга ҳам, ўгай отамга ҳам бу ёқмасди.

Кейин мени ички ишлар рўйхатига киритиб қўйишди. Шунда ҳам ишга боравердим. Рўйхатга киритилганимдан кейин улар билан жанжаллашиб қолдим, бироз вақт мен билан гаплашмай қўйишди. Овқат ҳам бермай қўйишди. Ўзимни боқиш учун ишлардим, кечгача ишлардим, эрталаб мактабга боролмасдим. Рўйхатда турганим учун уйга кеч келишим тартибни бузиш сифатида қабул қилинарди. Шу тариқа бу ерга келиб қолганман.

Ўгай отам ҳеч қаерда ишламагани учун пластик идиш (баклажка) йиғарди. Бир ўзи бу ишни қилолмасди. Мени ҳам ўзи билан олиб кетарди. Бу менга ёқмасди. Чунки синфдошларим ва дўстларим мени кўришарди ва бундан уялардим. Умуман олганда, менга фарқи йўқ, лекин ортимдан бошқача гапларни гапиришарди.

Уйга кеч келганим учун мени доим уришарди. Бўш вақтимда сайр қилишга рухсат бермасди. Уйга вазифам бўлмаса ҳам қилишга мажбурларди. Қилишни истамаган ишларимни қилдирарди. «Нима учун бундай қиляпсиз? Наҳотки, сиз ҳам ёш бўлмагансиз?» деб савол берганман. «Мен ҳам ёш бўлганман, менга ҳам танбеҳ беришган», деб жавоб берарди.

Онамнинг гаплари учун 2 марта ўзимни ўлдиришга ҳаракат қилганман. У: «Менга керакмассан», дерди. Бу ерга келганимдан сўнг эса: «Бўлди, бу ерга келган бўлсанг, қамоқхона кабидир, орқага йўл йўқ», деган. Шу сўзларни деб жонимга қасд қилишга қарор қилганман. Биз ҳам одаммиз. Болалар ҳам инсон. Биз ҳам қандайдир янги ҳиссиётларни ҳис қилишни истаймиз. Фарзандларга ишониш керак».

«Она меҳрини ҳис қилмаганман»

Бахтиёр, 17 ёшда (Тошкент шаҳри):

— Асли тошкентликман. Ўша ердаги меҳрибонлик уйидан келганман. Бир йилдан бери шу ерда ўқиб келяпман. Мусиқа, пайвандлаш, ошпазликка қизиқаман. Бундан ташқари, самбо спорт тури билан шуғулланаман. Мактабни тамомлагач, педагогика университетига ҳужжатларимни топшириб кўраман. Киролмасам, иш топиб, ошпазлик курсида ўқийман. Секин-секин оёққа туриб олиб, синглим ва укамни ҳам ортимдан эргаштириб кетмоқчиман. Шу орқали оиламга ёрдам беришни ният қилганман.

Асосий соҳам ошпаз бўлишини хоҳлайман. 40 килогача ош тайёрлай оламан, Меҳрибонлик уйида ошпазларимиз тайёрлаганида ҳар доим олдиларида туриб, қарашганман. Бу қизиқишга онам сабабчи бўлган. Онам 4-даражали ошпаз.

Оилада 5 кишимиз: онам, укам, синглим, бувим ва мен. Бувим ҳозир нафақада. Биздан алоҳида бир хонали уйда яшайди. Мен шу мактабдаман. Укам ва синглим меҳрибонлик уйида.

Онам 36 ёшда. У ўз ҳаёти билан яшайди. Биз билан иши йўқ. Дадам 3 ёшлигимда онам билан ажрашган. Онам, умуман олганда, яхши инсон. Лекин она меҳрини кўрмаганман. Кичкиналигимда фақат бувим қараб юрарди. Онам бизга эътибор ҳам бермасди.

Онам ўзини бундай тутишининг сабаби – бувим нотўғри тарбия бергани. Онамнинг ўзи ҳам айбдор. Она фарзанди билан яхши муносабатда бўлиши керак.

Ўзи умуман олганда, болаларнинг бу ерга келиб қолгани уларнинг айби эмас. Ота-онаси айбдор: тўғри тарбия бермаган, боласига қаттиқ турмаган. Бола ҳам қисман айбдор: ўз вақтида ёмон ишларни тўхтатмаган...

«Бу ердаги болаларга меҳр етишмайди»

Артур, 17 ёшда (Жиззах шаҳри):

— 2018 йилдан бери шу муассасада ўқияпман. Жиззах шаҳридан келганман. Оилада 5 кишимиз: дадам, онам, мен, синглим ва опам. Дадам автобазада токар бўлиб ишлайди. Онам эса меҳмонхона маъмури.

Бу ерга келганимга мактабга бормаганим сабаб бўлган. Уйимиз яқинида электр жиҳозлари сотиладиган бозор бор эди. Ўша ерда кечгача ишлаганман. Шу сабабли вақтида мактабга бормаганман.

Дадамнинг мактабга бормаслигим билан унчалик иши бўлмасди. Фақат иши билан банд эди. Синглим туғилгандан кейин ажралиб қолгандек бўлдим. Шунинг учун ишлай бошладим. Мактабнинг ҳам қизиғи қолмасди. Уйдагилар шу ерда бўлишимни маъқул кўришади.

Менинг фикримча, ота-она ва фарзанд ўртасидаги келишмовчиликнинг сабаби – тушунмаслик. Ўртада ишонч, ўзаро англаш бўлса, ҳаммаси яхши бўлади. Меҳр ҳам катта рол ўйнайди. Бу ерга келган болаларнинг кўпига меҳр етишмайди. Ота-онаси эътиборсиз қолдирган.

***

Хулоса ўрнида, фарзанд тарбияси фақат моддий таъминот ва назорат қилиб туриш билан эмас, балки меҳр-эътибор кўрсатиш билан ҳам бўлишини ота-оналарга эслатиб ўтмоқчимиз. Бугун биргина мақтовингизни эшитишга муштоқ ўғил-қизингиздан эътиборингизни аяманг, уларни тушунишга, ишонч билдиришга ва энг муҳими, меҳр беришга ҳаракат қилинг.

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Асад Алланазаров.

Мавзуга оид