Ўзбекистон | 22:57 / 16.11.2020
12656
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги 26та кўприк аянчли ҳолатга келиб қолгани маълум қилинди

Мазкур кўприкларни сақлашга масъул бўлган корхоналар томонидан уларни таъмирлаш, таянчларини ҳимоялаш бўйича лозим бўлган чора-тадбирлар амалга оширилмаган.

Фото: Ўзйўлинспекция

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан республикадаги кўприклар ҳолати ўрганилганида, дарё ва сойларнинг ўзанларидан тош, қум ва шағалнинг назоратсиз ва ноқонуний равишда қазиб олиниши натижасида айрим кўприкларнинг оралиқ таянчлари критик қийматлардан ортиқча ювилиб кетганлиги аниқланди. Бу ҳақда инспекция матбуот хизмати хабар берди.

 “Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сонли “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобил йўлларида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 26-бандига кўра, дарёлардаги кўприклардан – ўзан бўйлаб юқорига ва пастга қараб 2,5 кмгача бўлган масофада қум ва тошлар қазиб олиш учун карьерлар барпо этиш тақиқланган”, дейилади хабарда.

 Қайд этилишича, мазкур талаб бажарилмаганлиги оқибатида сув ўзани сатҳининг пасайиши сабабли Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Андижон вилоятларида барпо қилинган 26та кўприкнинг таянчлари критик ҳолатга келиб қолган.

 Жумладан, Самарқанд вилоятидаги Қорадарё, Зарафшон, Оқдарё, “Дарғом” каби дарё ва каналлар устига қурилган 10та, Сурхондарё вилоятидаги Обизаранг, Тўпаланг, Сурхон, Олтинсой дарёлари устидан ўтган 6та, Қашқадарё вилоятидаги 4та, Жиззах вилоятидаги Сангзор дарёси устидан ўтган 3та, Тошкент вилоятидаги Чирчиқ ва Ангрен дарёлари устидан ўтган 2та ҳамда Андижон вилоятидаги Аравонсой устидан ўтган 1та кўприк жойлашган ўзанларда карьерлар фаолияти тугатилмаган. Яъни улар ноқонуний равишда ўз фаолиятларини давом эттирмоқда. Бундан ташқари мазкур кўприкларни сақлашга масъул бўлган корхоналар томонидан уларни таъмирлаш, таянчларини ҳимоялаш бўйича лозим бўлган чора-тадбирлар амалга оширилмаган.

Инспекция томонидан кўприкларнинг таянчларини ювилишдан сақлаш, яроқсиз ҳолга келиб қолишининг олдини олиш, ноқонуний карьерлар фаолиятига чек қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига тегишли ахборотлар киритилди.

Мавзуга оид