Спорт | 00:32 / 19.11.2020
3657
2 дақиқада ўқилади

Британиялик пойгачи Льюис Ҳэмилтонга рицар унвонини бериш таклиф қилинди 

Фото: BBC Sport

Британия парламентининг бир гуруҳ депутатлари бош вазир Борис Жонсонни “Формула-1” пойгаларининг 7 карра чемпиони Льюис Ҳэмилтонни рицар унвонига тавсия қилишга чақиришди.

Британиялик депутатлар “Mercedes” пойгачиси Ҳэмилтон “Формула-1”да чемпионлик унвонлари сони бўйича рекордчи бўлган афсонавий Михаэл Шумахерга тенглашиб олгандан кейин миллий даражада тан олиниши ва унга рицар унвони берилиши кераклигини айтишмоқда.

Депутатларнинг бу борадаги расмий мурожаати Жонсонга жорий ҳафтада йўлланиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, бундай илтимос билдирилган мактубни бош вазирга Британия автоспорти федерацияси президенти Дэвид Ричардс 11 ноябрдаёқ йўллаган.

“Британия кўплаб йиллар давомида “Формула-1” учун муҳандислик ишланмалари соҳасида дунё етакчиси бўлган ва кўплаб ажойиб пойгачиларни тайёрлаган. Энди биз бу пойгачилардан энг буюгининг ютуғини нишонлай оламиз. Буни Льюис Ҳэмилтонни рицар унвони билан тақдирлашдан кўра муносиброқ йўли йўқ”, деб айтилган Ричардснинг мактубида.

Ҳозирча британиялик пойгачилар орасида рицар унвонига “Формула-1” пойгаларининг уч карра чемпиони Жеки Стюартгина эга. 

Ҳэмилтон фаолиятидаги еттинчи чемпионлик унвонини 15 ноябрда Туркия босқичида муддатдан олдин қўлга киритди ҳамда бу борада рекордчи бўлган Шумахерга етиб олди.  

Шундан кейин Ҳэмилтон Британиянинг энг нуфузли қора танли кишиси деб топилди.

Мавзуга оид