Ўзбекистон | 09:30 / 28.11.2020
12462
2 дақиқада ўқилади

13 та хусусий бандлик агентлиги ҳаммаси бўлиб нечта одамни алдагани маълум қилинди

Бугунги кунда 13 та хусусий бандлик агентлигининг 51 нафар раҳбар ва масъул ходимларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Мазкур ХБAлари томонидан жами 9338 нафар фуқародан 79,1 млрд сўмга яқин пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олинган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бу ҳақда 27 ноябр кунги матбуот анжуманида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов маълумот берган.

«Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 104 та юридик шахс рўйхатдан ўтказилган. Шунинг 75 тасига вазирлик томонидан лицензия берилган.

Кейинчалик 75 та лицензияга эга хусусий агентликларнинг 53 тасининг лицензияси бекор қилинган ва шундан 11 тасига нисбатан жиноий иш очилган. Қолган 20 таси ҳозирги кунда фаолият олиб боряпти», – деди агентлик бошлиғи.

Маълум қилинишича, 2019 йилда 64 та хусусий бандлик агентлигига лицензия берилган, 12 тасининг лицензияси тугатилган ва 9 тасига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида эса ХБАларнинг 6 тасига лицензия берилган ва 43 тасининг лицензияси тўхтатилган. Уларнинг 2 тасига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Мавзуга оид